Мақолалар

Исиб кетдингизми?

Шу кунларда об-ҳавонинг кескин кўтарилиб кетиши оқибатида кўпчилик ўзини соя-салқин жойларга, сув ҳавзалари бўйига, тоғ олди дам олиш масканларига уряпти.  

Маълумки, зилзила, сув тошқинлари, қаттиқ шамол эсиши, кучли ёмғир, қор ва дўл кабиларнинг ёғиши, момақалдироқ гумбурлаши ва чақмоқ чақиши Аллоҳ таолонинг қудратига, азаматига далолат қилувчи Унинг аскарларидандир.

Жазирама иссиқ ҳаво ҳам Унинг қудратига далолат қилувчи аскарлардан биридир. Жазирама иссиқ ҳақида ҳадиси шарифларда ҳам зикр қилинган.

حَدَّثَنَا عَلِيُّ بْنُ عَبْدِ اللهِ قَالَ: حَدَّثَنَا سُفْيَانُ قَالَ: حَفِظْنَاهُ مِنَ الزُّهْرِيِّ عَنْ سَعِيدِ بْنِ الْمُسَيَّبِ، عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: «إِذَا اشْتَدَّ الْحَرُّ فَأَبْرِدُوا بِالصَّلَاةِ، فَإِنَّ شِدَّةَ الْحَرِّ مِنْ فَيْحِ جَهَنَّمَ».

وَاشْتَكَتِ النَّارُ إِلَى رَبِّهَا فَقَالَتْ: يَا رَبِّ، أَكَلَ بَعْضِي بَعْضًا. فَأَذِنَ لَهَا بِنَفَسَيْنِ نَفَسٍ فِي الشِّتَاءِ، وَنَفَسٍ فِي الصَّيْفِ، فَهُوَ أَشَدُّ مَا تَجِدُونَ مِنَ الْحَرِّ، وَأَشَدُّ مَا تَجِدُونَ مِنَ الزَّمْهَرِيرِ».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Иссиқ кучайганда намозни салқинлатиб ўқинглар, чунки иссиқнинг шиддати жаҳаннам тафтидандир», дедилар».

(У зот:) «Дўзах Роббига шикоят қилиб: «Роббим, ич-этимни еб юбордим», деди. Шунда У Зот дўзахга икки нафасга изн берди: қишда бир нафасга, ёзда бир нафасга. Сиз дуч келадиган энг қаттиқ иссиқ ва энг қаттиқ совуқ ана ўшандандир», дедилар» (“Олтин силсила” китобидан Саҳиҳул Бухорий).

Ушбу ҳадиси шарифда ҳавонинг ўта иссиқлиги жаҳаннам тафтидан эканини очиқ баён этиляпти. Шу кунларда иссиқ ҳавода юрар эканмиз, жаҳаннам тафти ҳақида тафаккур қилиб, ўзимизни ўнглайлик!

Жаҳаннамнинг бир марта нафас олиши шунчалик жазирама иссиққа сабаб бўлса, унинг ўзининг ҳарорати қандай экан?! Аллоҳ таоло бизни жаҳаннамдан асрасин!

Бу дунёнинг иссиғидан соя-салқин жойларга қочиб қутулармиз, аммо охиратдаги иссиқдан қаерга қочамиз?!

Шу кунларда “Аллоҳумма ажирний мин ҳарри жаҳаннам” дуосини кўпроқ ўқийлик!

Маъноси: “Эй Аллоҳ, мени жаҳаннам оташидан асрагин!”

Аллоҳ таоло барчамизни дунёда ҳам, охиратда ҳам саодатли бандаларидан айлаб, жаҳаннам азобидан асрасин!

 

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Read 3075 times

Мақолалар

Top