Мақолалар

Тезкор бургут

Тезкор бургут — йирик йиртқич қуш бўлиб, узунлиги 10 сантиметр келадиган панжалари пўлатдан ясалган сих мисоли қаттиқ, ўткир, қисувчи ҳамда қаттиқ жароҳат етказувчи қурол ҳисобланади.

Бу жонзот фанда “Гарпи бургути” деб аталади.

Танасининг узунлиги 106 см, қанотларини ёйганда, у учидан бу учигача узунлиги 2 метр бўлиб, гоҳида бундан ҳам ошади.

Ушбу бургут тури Марказий ва Жанубий Америкада, Мексикадан то Бразилиягача бўлган ҳудудлардаги ўрмонларда яшайди ва ов қилади.

Бўри ва ундан каттароқ ҳайвонларни овлай олади. Тирноқлари айиқнинг тирноғидан узунроқ бўлиб, ўлжасини тирноқнинг ўзида ўлдириши мумкин. Ушбу бургут чангали билан инсоннинг билаги ёки болдирини синдириши, суякни тешиши мумкин экан. Маҳаллий ҳиндулар у ўз тумшуғи билан катта ёшдаги одамнинг бош суягини ҳам эзиб ташлаши мумкинлигига ишонишади.

         Тезкор бургут дунёдаги энг ваҳший ва хавфли жонзотлар сирасига киради.

Шунингдек, у ўта сабрли жонзот бўлиб, ўлжасини 23 соат давомида пойлаб, дарахт тепасидан жимгина кузатиб ўтириши мумкин.

         Жанубий Америка гарпи бургути асосан маймунлар билан озиқланади. Шунингдек, у енотсимонлар оиласига мансуб бўлган носух, опоссум, ялқов, калтакесак, чумолихўр ва ара тўтиқушларини ҳам овлайди.

Агар инсон бехосдан унинг ҳудудига кириб қолса, инсонга ҳам ҳужум қилиши мумкин. Бир ёш йигит бургут ҳужумига учрагач, унинг бош ва бўйин қисмидан саккиз жойини тикишга тўғри келган.

Гарпи сувга яқин жойдаги 50-75 метр баландликдаги дарахтларга ин қуради. Тухумдан чиққан полапонлар 8-10 ойлик бўлганда уча оладиган бўлади.

Бу бургутнинг сони бугунги кунда 50 мингтадан кам бўлиб, йилдан йилга камайиб бормоқда. Бунинг асосий сабаблари улар ин қурадиган ўрмонларнинг кескин қисқартирилиши, дарахтларнинг кесиб юборилиши ҳамда улардаги насл кўришнинг озлигидир. Ушбу турдаги бургут жуфтлари ҳар 2-3 йилда битта жўжа очиб, ўшани тарбия қилади.

Уларнинг кўзи ниҳоятда ўткир бўлиб, агар кўзингизни шу бургутнинг кўзига алмаштирилса, сиз 50 қаватли бино томидан туриб, ердаги чумолини кўришингиз мумкин. Бургут катталиги 1 см ёки ундан кичикроқ жонзотни 200 метр баландликдан ва 4 км узоқликдан кўра олади.

Сўзимизни мана бу оят билан якунлаймиз:

هَذَا خَلْقُ اللَّهِ فَأَرُونِي مَاذَا خَلَقَ الَّذِينَ مِن دُونِهِ بَلِ الظَّالِمُونَ فِي ضَلَالٍ مُّبِينٍ

“Бу Аллоҳнинг яратганидир. Қани менга кўрсатинг-чи, Ундан бошқалар нимани яратдилар. Йўқ! Золимлар очиқ-ойдин адашувдадирлар” (Луқмон сураси, 11-оят).

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Read 3125 times

Мақолалар

Top