Мақолалар

Самимийлик – динимиз асоси

Самимийлик сўзи араб тилида “насиҳат” дейилади. Биз биламизки, “насиҳат” бир кишининг иккинчи кишига нисбатан кўнгилдан чиқариб айтган яхши нияти, уни тўғри йўлда юриши учун берган иршоди ва шунга ўхшаш маъноларни англатади. Самимий инсон деганда ҳар бир ишини чин дилдан бажарадиган, айтган гапи билан иши тўғри келадиган, бировга нисбатан қалбида ҳеч қандай ғашлик ва адовати бўлмаган, кек сақламайдиган киши тушунилади. Ана шу ҳолатни самимийлик дейилади.

Пайғармабиримиз с.а.в : “Дин насиҳатдир, яъни самимийликдир”- дедилар.

Шунда саҳобалар: “Самимийлик кимга нисбатан?” деб сўрашди. Расулуллоҳ с.а.в:

“Аллоҳга, унинг китобига, унинг расулига, мусулмонлар бошлиқларига ва мусулмонлар оммасига нисбатан” (Имом Муслим ривояти)- деб жавоб бердилар.

Мазкур ҳадисдан кўриниб турибдики, Ислом дини – бу самимийликка асослангандир. Мусулмон одам диндаги ҳар бир эътиқод ва амални чин дилдан ва холис адо этмас экан. Унинг дини мукаммал бўлмайди. Ҳадисда санаб ўтилган нарсаларга нисбатан самимийлик қуйидаги тартибда бўлади:

  1. Аллоҳга нисбатан самимийлик – Унга имонкелтириш, ибодатни холис қилиш, ҳеч нарсани унга тенглаштирмаслик.
  2. Аллоҳнинг китоби (Қуръон)га нисбатан самимийлик – уни тасдиқлаш, тиловати билан машғул бўлиш, аҳкомларига амал қилиш, уни бузиб талқин қилишдан сақланиш.
  3. Расулига нисбатан самимийлик – уни эътироф этиш, амрига итоат, суннатига амал қилиш билан бўлади.
  4. Мусулмонларнинг бошлиқларига нисбатан самимийлик – ҳақ ишларда уларга ёрдам бериш, Аллоҳга осий бўлмайдиган ишларда уларга тиоат этиш.
  5. Мусулмонларнинг жамоас ига нисбатан самимийлик – уларни дунё ва охиратларига манфаат келтирадиган ишларга буюриш, ёмон ишлардан қайтариш.

Мазкур ҳадис Ислом дини асосларини ўз ичига олган ҳадислар жумласидан бўлиб, уламоларимиз бу ҳадисни Ислом дини манбаи деб атаганлар.

Дарҳақиқат. Самимийлик – муқаддас тушунча. Ўзини “насиҳатчиман”, “самимийман” деган инсон тили билан дили тўғри ва бир бўлган кишидир. Шунинг учун ҳам одамлар бундай кишининг гапини қулоққа олиб, унга ишониб, уни ҳурмат қилишади.

Қачон инсонда самимийлик пайдо бўлади? Қачонки, унинг қалбида ғараз, гина-кудурат каби бировга нисбатан адоват уйғотувчи хислат қолмасагина у самимий  бўла олади.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, кишининг дини мукаммал бўлиши учун у ўзида самимийлик хислатини тарбиялаши лозим бўлади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ с.а.в баъзи саҳобалардан ҳар бир кишига нисбатан самимий бўлишга байъат олганлар.

Жумладан Жарир ибн Абдуллоҳ р.а. айтадилар:

“Мен Расулуллоҳ с.а.в.га намозни тўла-тўкис адо этмоққа, закотни ўз эгаларига бермоққа ва ҳар бир мусулмонга нисбатан самимий бўлмоққа байъат бердим ”

“Абдулқодир қори” жоме масжиди

 имом-хатиби Маъруфхон Алоходжаев

Read 3869 times

Мақолалар

Top