Мақолалар

Каромат

Бурсалик машҳур олим, авлиё Муҳаммад Уфтода ҳазратлари 1490 йилда таваллуд топганлар ва 1581 йилда вафот этганлар. Бурсадаги Жомеъ масжидида муаззин ва имом бўлиб хизмат қилганлар. Жуда кўп шогирдларни тарбия қилганлар. Шогирдлар орасида тақвоси билан ажралиб тургани Азиз Маҳмуд Ҳудойи ҳазратлари эдилар. У киши 1541 йилда Онадўлида таваллуд топиб, 1628 йилда Истанбулда вафот этганлар. Маҳмуд Ҳудойи ҳазратлари Бурса қозиси бўлиб хизмат қилганлар. Кейинчалик Муҳаммад Уфтода ҳазратларига шогирд бўлиб, руҳий тарбиянинг катта устозларидан бўлиб етишганлар.

Маҳмуд афанди устозлари Муҳаммад Уфтода раҳимаҳуллоҳнинг хизматларида юрган кезларида, устознинг таҳоратларига сув иситиб берардилар. Бир куни Маҳмуд афанди уйқудан туриб қарасалар, сув иситилмаган. У вақтларда олов чақмоқ тош воситасида ёқилган. То тошни бир-бирига уриб, оловни ёқолмаганларидан сўнг нима қилишларини билмай, обдастани бағриларига босиб, кўзларини юмган ҳолда ўйга толадилар. «Устозимнинг қўлларига қандай қилиб совуқ сув қўяман» деб ноқулай аҳволда ўтирганларида, устозлари Муҳаммад Уфтода келиб қоладилар ва шогирднинг ҳаяжон ичра ўтирганини кўриб, «Болам, сенга нима бўлди?» деб сўрайдилар. Шогирдлари устознинг келганларини ҳам сезмасдан, кўзлари юмуқ ҳолда қумғонни қучганча ўтираверадилар. Устозлари индамасдан ўтирадилар ва «Қани, Маҳмуд, сувни қуй!» дейдилар. Маҳмуд афанди ўзларига келиб, олдиларида устозлари ўтирганини кўрадилар. Устозлари яна гапларини такрорлайдилар. Шогирд бўлса, «Лекин устоз, сув...» дейдилару, сувнинг совуқлигини айтолмайдилар. Кейин ноилож сувни қуя бошлайдилар. Сув обдастадан чиқар экан, илиқлигидан ундан чиқаётган буғ ҳам кўринар эди. Устоз қўлларини ювиб бўлгач, шогирдларига қараб табассум қиладилар ва «Азизим Маҳмуд, хизматинг тамом бўлди. Бу сув дунё оловида исиганга ўхшамайди. Бу сув қалбингдаги ишқ, муҳаббат оловида исиганга ўхшайди. Бизни ҳам куйдирди» дейдилар.

Ҳа, азизлар, Аллоҳ таоло Ўзининг хоҳлаган бандасига валийлик мартабасини бериб, унга мана шундай кароматларни ато этиб, мақомини юксалтириб қўяди.

Аллоҳ таоло барчамизни Тўғри Йўлда собитқадам айлаб, хотимамизни чиройли қилсин!

 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Read 3354 times

Мақолалар

Top