Мақолалар

Эй золим!

Қуйидаги хитоб мўмин-мусулмонларни қирғинбарот қилаётган, оналарни фарзанд доғида эзиб, аёлларни бева, болаларни етим қилиб қолдираётган, юртларни вайрон этиб, ноҳақ қонлар тўкаётган, бир сўз билан айтганда, мусулмонларга зулм қилаётган золимларга қаратилади!

 

Эй золим, атрофингдаги одамларни ўлим бирма-бир ўз домига тортиб кетаётганини кўриб турибсан. Ўзинг ҳисоб кунига нима тайёрладинг?!

Эй золим, зулм қилишингда сенга ёрдам берганлар қиёмат куни ҳисоб қилинаётганингда ҳам сенга ёрдам берадилар деб ўйлайсанми?!

Эй золим, яхшиликларинг, савобларинг сенга шу қадар арзимас нарса бўлдимики, барчасини мазлумларга улашиб беряпсан?!

Эй золим, қанча одамларнинг ҳаққини поймол этдинг?!

Эй золим, қанча инсонларнинг қонини тўкиб, уларни яшаш, ибодат қилиш, эркинлик ҳаққидан маҳрум этдинг?!

Эй золим, қиёмат куни барча мазлумлар сендан ўз ҳақларини олаётганларида аҳволинг қандай бўлишини ўйлаб кўрмайсанми?!

Эй золим, қалбинг Аллоҳ таолодан қўрқмайдиган даражада шу қадар музлаб кетдими?!

Эй золим, бандаларга зулм қилиб, шу ишингдан лаззатланадиган даражада бағритош бўлиб кетдингми?!

Эй золим, мазлумнинг дуоси дарҳол ёки бироз кейинроқ бўлса ҳам ижобат этилишини унутдингми?!

Эй золим, мазлумнинг Роббиси борлигини, У мазлумни ҳимоя қилишини билмайсанми?!

Эй золим, қалбингдаги қаттиқлик, юзингдаги қаролик ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисан?!

Эй золим, қалбингда зулмингнинг асарини сезмаяпсанми?! Ўзингни ҳамманинг ичида туриб ҳам ёлғиз ҳис қилмаяпсанми?!

Эй золим, зулмдан нега тўхтамаяпсан?! Сени зулмга ундаётган нарса нима?! Кибрми ё қайсарликми ёки туғёнми?!

Эй золим, бирор марта “Аллоҳга нима деб жавоб бераман?” дея ўйлаб кўрганмисан?!

Эй золим, дунёю охиратдаги аҳволинг қандай бўлишидан, сени нималар кутиб турганидан қўрқмайсанми?

Эй золим, сен зулм қилган кишилар кафтларини дуога очиб, нигоҳларини самога қаратиб дуо қилаётганларида нима дейишларини биласанми?! Улар сенинг устингдан Одил Зотга шикоят қилишяпти!

Эй золим, уларнинг дуоларидан қўрқмайсанми?!

Эй золим, зулм орқали қўлга киритган барча нарсаларинг мазлумларнинг биргина дуоси билан йўқ бўлиб кетишини нега ўйлаб кўрмайсан?!

         Аллоҳ таоло Шуаро сурасининг 227-оятида қуйидагича марҳамат қилади:

وَسَيَعْلَمُ الَّذِينَ ظَلَمُوا أَيَّ مُنقَلَبٍ يَنقَلِبُونَ

“Зулм қилганлар эса, тезда қайси ағдарилиш жойига ағдарилишларини билурлар”.

Оламларга раҳмат қилиб юборилган Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Зулмдан сақланинглар. Зеро, зулм қиёмат куни зулмат бўлур. Зиқналикдан сақланинглар. Зеро, зиқналик сизлардан олдингиларни ҳалок этди – уларни ўзаро қонларини тўкишга ва ҳаром ишларни ҳалол қилишга олиб келди» (Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло зулмни шу қадар ёмон кўрганидан ҳадиси қудсийда: «Эй бандаларим, Мен Ўзимга зулмни ҳаром қилдим ва уни сизларнинг орангизда ҳам ҳаром қилдим. Бас, бир-бирингизга зулм қилманглар» дея бандаларга хитоб қилган.

Сўзимиз сўнггида Аллоҳ таолонинг мана бу ояти каримасини келтирсак:

وَلاَ تَحْسَبَنَّ اللّهَ غَافِلاً عَمَّا يَعْمَلُ الظَّالِمُونَ إِنَّمَا يُؤَخِّرُهُمْ لِيَوْمٍ تَشْخَصُ فِيهِ الأَبْصَارُ

“Сен ҳаргиз, Аллоҳ золимлар қилаётган нарсадан ғофил, деб гумон қилма. Фақатгина уларни кўзлар қотиб қоладиган кунгача қўйиб қўяди, холос” (Иброҳим сураси, 42-оят).

Аллоҳ таоло барчамизни зулм қилишдан, зулм кўришдан ва бошқаларнинг қаҳрига қолишдан асрасин!

 

Интернет маълумотлари асосида

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Read 3637 times

Мақолалар

Top