Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
أَمَّنْ هُوَ قَانِتٌ آنَاء اللَّيْلِ سَاجِداً وَقَائِماً يَحْذَرُ الْآخِرَةَ وَيَرْجُو رَحْمَةَ رَبِّهِ قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَالَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ إِنَّمَا يَتَذَكَّرُ أُوْلُوا الْأَلْبَابِ
“Йўқса, у кечалари ибодат қилиб, сажда этган, бедор ҳолида охиратдан қўрқиб, Робби раҳматидан умидвор бўлган одамга тенгми?! Сен: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!” деб айт. Албатта, ақл эгаларигина эсларлар”.
(Аллоҳга куфр келтирган, Унга ибодат қилмаган, Унга бўйин эгмаган, кечалари Унинг розилигини йўлида бедор бўлмаган, охиратдан қўрқмаган, Робби раҳматидан умид этмаган одам, албатта, ушбу кечалари Аллоҳга ибодат қилган, Аллоҳнинг Ўзигагина сиғинган, Аллоҳ таолонинг розилигини топиш учун бедор бўлган, охиратдан қўрққан ва Робби раҳматидан умидвор кимсага тенг бўла олмайди.) (Зумар сураси, 9-оят)
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Сизлардан ҳеч бирингизни қилган амали жаннатга киритмайди”, дедилар. Шунда саҳобалар: “Сизни ҳамми эй Расулуллоҳ?” дейишди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мени ҳам. Аммо Аллоҳ мени Ўз раҳмати билан ўраб олсагина (жаннатга кираман)”, дедилар. Муттафақун алайҳ.
Қиёмат куни шафоат изни бериладиган зот, Пайғамбарларнинг энг улуғи, энг эркаси, энг севиклиси, хулқи энг гўзали, умматига кўп меҳрибон, тунлари намозда йиғидан соқоллари хўл бўлиб, оёқлари шишиб кетган, икки олам сарвари бўлган зот шундоқ деб турганларидан кейин биз нимамиз билан мақтанамиз?!
Кўзимизни очайлик!
Албатта, мўминнинг икки қаноти хавф (Аллоҳнинг азобидан қўрқув) ва ражо (Аллоҳнинг раҳматидан умид)дир.
Шунинг учун “Амал қиляпман-ку, энди ҳаммаси зўр” дея фақат амалнинг ўзига суяниб қолиш ҳам, “Раҳматига олар” дея амалга бепарволик қилиб, гуноҳларни қилавериш ҳам тўғри эмас, балки қўрқув билан умидни тенг ушласак, иншааллоҳ, тўғри иш қилган бўламиз.
Аллоҳ таоло барчамизни охиратда раҳмати билан ўраб олсин!
Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади