Мақолалар

ҲАР БИРИМИЗ МАСЪУЛ БЎЛСАК БУЗҒУНЧИ ҒОЯЛАР ТАҲДИД СОЛОЛМАЙДИ

Мамлакатимизда олиб борилаётган оқилона сиёсат – юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, осойишталик, барқарор ривожланиш омилидир. Бу эса ўз навбатида динлар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга ва ўз навбатида эртамиз эгалари бўлган ёшларни илм-маърифатли , касб-ҳунарли, ватанпарвар инсонлар қилиб тарбиялашга беқиёс хизмат килмокда. Айнан шу жиҳатлар давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бирига айланган.
Аммо, минг афсуслар бўлсинким, ҳозирги таҳликали замонда баъзи бир ёвуз кучлар кутилмаганда дунёнинг қайсидир бурчакларида бош кўтариб, ўзларининг пуч ва бузғунчи ғояларини сочишга уринмокдалар. Уларнинг бош мақсадлари ҳали онги, эътиқоди тўла шаклланмаган, ёшларни алдаб ўз ғояларига тортишдир. Уларнинг бу бадкирдор тарғиботлари самараси ўлароқ диний экстремистик оқимлар тарқатаётган вайронкор ғояларга алданиб қолаётган ёшлар ҳам борлиги ҳеч кимга сир эмас.
Юртимизда ҳукмрон тинчлик ва осойишталикни сақлаш учун ҳар биримиз масъулмиз. Бу ўз навбатида барчамизни ҳушёрликка ва огоҳликка чақиради. Айни пайтда ёшларимизда диний экстремистик ғояларга нисбатан иммунитетни шакллантириш ғоят муҳимдир.
Шу мақсадларда Хоразм вилоят ҳокимлиги, хотин- қизлар қўмитаси, вилоят маънавият-тарғибот маркази, ички ишлар бошқармаси, “Адолат” СДП, ЎзЛиДеП тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати, ҳамда Ўз ХДП вилоят ташкилотлари билан ҳамкорликда ўқув муассасаларида, маҳаллаларда, корхона ва ташкилотларда тизимли равишда давра суҳбатлари ўтказяпмиз. Бу давра суҳбатлари: “Биз вайронкор ғояларга қаршимиз!”, “Юртимизда тинчлик ва осойишталикни сақлашга ҳар биримиз масъулмиз!”, шиори остида бўлиб, уларда ҳамкор ташкилотлар вакиллари ҳамда жойлардаги имом-хатибларимиз ўз маърузалари билан чиқишяпти. Бу маърузаларда хорижий давлатларда рўй бераётган қонли фожеалар, сиёсий ва диний низоларнинг пайдо бўлиши, экстремистик гуруҳларнинг кўзлаган ёвуз мақсадлари нимадан иборатлиги ҳақида иштирокчиларга, айниқса касб-ҳунар коллежи ўқувчиларига тўлиқ маълумотлар бериляпти.
Сохта маълумотлар, тўқима хабарлар билан ёшларимиз онгини заҳарлашга, уларни алдаб ўз ғояларига эргаштиришни ният қилган ёвуз кучлар айнан ўзларининг пуч, сохта ғоя-мафкураларини интернет орқали тарқатишмоқда. Бу ёвуз мақсадли даъватларда мутаассиб оқимлар “раҳнамо”лари Ислом динимиз аҳкомларини бузиб талқин қилиб, “ҳижрат”, “жиҳод” каби тушунчаларга тамомила бошқача тўн кийдиришга уринишмоқда. Ўзларининг бузуқ фатволарини ана шундай сохта ёлғонларга қуришмоқда.
Бўлиб ўтаётган давра суҳбатларида диний уламолар, имом-хатиблар динимиз мазмун моҳияти ҳақида иштирокчиларга тушунчалар беришяпти. Айни пайтда ҳуқуқ-тартибот ва бошқа жамоат ташкилотлари вакиллари ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий онгини ўстириш, уларга экстремистик даъватларга учиб, ўз она юртидан ташқарига кетиш оғир жиноят экани, бундай адашган бандаларнинг оила аъзолари ҳам кенг жамоатчилик олдида мулзам-у уятга қолаётгани, унданам ўтиб бир умр виждон азобига гирифтор экани жонли мисоллар орқали ёшларга етказиляпти.
Давра суҳбатлари доирасида “Қиёматга қолган қарз” ҳужжатли фильми намойиш қилиниши – алданганлар фожиаси ва экстремистик гуруҳларнинг асл қиёфасини очишда ёрдам беряпти. Худди шундай тарғибот – ташвиқот тадбирлари – давра суҳбатларини узлуксиз равишда, таъсирчан ҳолда барча ўқув муассасалари, маҳаллаларда ўтказишни режалаштириб олганмиз.

Ҳасан Кенжаев

Урганч шаҳар «Охун бобо» жоме масжиди имом-хатиби

Read 2673 times

Мақолалар

Top