Мақолалар

НАМОЗ ИККИ ДУНЁДА НАЖОТГА ЭРИШИШ САБАБЧИСИДИР!

Намоз дунё ва охиратдаги барча яхшиликларнинг калитидир. Ҳа, дунёдаги яхши, баракали ҳаётнинг сабабчиси ҳам, охиратдаги жаннатнинг калити ҳам намоздир.

Қалбимизни йўқотиб қўйсак, уни фақат намозда топа оламиз, холос.

Намоз – ризқни жалб этувчи, саломатликни сақловчи, мусибат ва азиятларни даф қилувчи, касалликларни бартараф этувчи, юракни бақувват, юзни нурли қилувчи, нафсга роҳат бағишлаб, дангасаликни кетказувчи, аъзоларни фаоллаштириб, иймон ва тана қувватини давомли қилувчи, дилни кенг қилиб, руҳни озиқлантириб, қалбни нурга тўлдирувчи, неъматнинг сақланишига сабаб бўлиб, баракани чақирувчи, шайтондан узоқлаштириб, Раҳмонга яқинлаштирувчи ибодатдир.

Модомики намозда эканмиз, Роббимизнинг эшигини тақиллатаётган бўламиз. Ким эшикни кўп тақиллатаверса, охири эшик унга очилади.

Танамизда оғриқ кучайганда, машаққатлар эзиб юборганда, сабр ва намоздан бошқа муолажамиз йўқ. Сабр мусибатга чидашга ёрдам берса, намоз хотиржамликни қайтаришга кўмаклашади.

Ўлганимиздан кейин биргина сажда қилишга зор бўламиз, аммо унда сажда қилишга имкон берилмайди. Сажда қилиш орзусида қабрида ётган миллиардлаб кишилар бор. Бизда эса имконият бор, ҳали тирикмиз, аммо ўлим яқинлашиб келмоқда, вақтимиздан унумли фойдаланиб намоз ўқиб қолайлик!

Дунёда намоздан кўра улуғроқ ва гўзалроқ нарса йўқ.

Ҳаловат, хотиржамлик уч ўринда топилади: намозда, Қуръон тиловати пайтида ва Аллоҳни зикр қилиш чоғида. Агар инсон шу уч ўринда ҳам хотиржамлик, роҳат ва ҳаловатни топа олмаса, қалбининг ўлганига йиғласин.

Ким намозини доим ўқиб юрса, намоз у учун нур, ҳужжат ва дўзахдан нажот бўлади.

Намоз бизнинг ҳаёт йўлимизни, ишларимизни, саломатлигимизни, оилавий муаммоларимизни, жамиятимизни, фарзандларимизни тартибга, интизомга туширади.

Намозда турган киши меърожда Роббисининг ҳузурида турган бўлади. Саждада турган киши эса Роббисига энг яқин ҳолатда турган бўлади. Банда бу пайтларни ғанимат билиши ва дуога ҳарис бўлиши керак. Намоз ўқимайдиган кимса эса бундай бахтли лаҳзалардан маҳрум бўлган кимсадир.

Намоз ўқиётган одамнинг устидан ҳам, ўқимаётган одамнинг устидан ҳам вақтлар ўтяпти. Аммо намозхоннинг устидан вақт Аллоҳ таоло ундан рози бўлиб турганда ўтяпти. Бенамознинг устидан эса Аллоҳ унга ғазаб қилиб турганда ўтяпти.

Хуллас, Намозсиз ҳаёт йўқ ва ундай ҳаётни тасаввур ҳам қилиб бўлмайди.

Аллоҳ таоло барчамизни намозини ўз вақтида адо этиб, гуноҳ-маъсиятлардан йироқ турадиган бандаларидан қилсин!

 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

 

Read 3210 times

Мақолалар

Top