Мақолалар

Сайёрамиздаги энг ноёб жонзотлардан бири

Сигирсимонлар оиласига мансуб, сайёрамиздаги энг ноёб жониворлардан бири – саолдир. Бу янги тур фақатгина 1992 йилда Вьетнамнинг шимоли-ғарбий қисмида 3 жуфт саол топилгандагина кашф этилди. 20-асрда мазкур сут эмизувчининг кашф этилиши фанда катта янгилик бўлди.

Саол – ноёб ва кам ўрганилган ҳайвон бўлиб, уларнинг аниқ сони маълум эмас. Уларнинг қандай ҳаёт кечириши ва қандай кўпайиши ҳозиргача сир бўлиб қолмоқда!

Саолни тутқунликда кўпайтиришга уринишларнинг бари самарасиз бўлиб, ушбу жонзотларнинг ўлими билан якунланди. Шу боис олимлар ушбу ҳайвон йўқолиб кетмаслиги учун уларни тутқунликда кўпайтириш фикридан воз кечдилар.

Бу ҳайвон Лаоснинг Вьетнам билан чегарадош ҳудудларидаги нам ва ўтиб бўлмас тропик ўрмонларда яшайди. Улар ўт ва барглар, шунингдек ўсимликларнинг уруғлари ва мевалари билан озиқланадилар.

Саол одатда жамоавий тарзда эмас, балки якка оила бўлиб яшайди, кундузлари унинг фаоллиги янада ортади.

Вояга етган саол танасининг узунлиги 180 сантиметр, бўйи 90 сантиметр, вазни эса 100 килограммгача етади.

Саолнинг юнги тўқ жигарранг бўлиб, юзида оқ рангли йўл-йўл чизиқлари бор. Бу жонзот ташқи томондан антилопа ёки косуллар (кийиклар)га ўхшаб кетади. Саолда узунлиги 50 сантиметрга етадиган шохлар мавжуд бўлиб, бу жонивор ёввойи табиат қўйнида 8 ёшдан то 11 ёшгача яшаши аниқланган.

Саоллар ҳозирги кунда фанда жуда ноёб ҳайвонлар саналиб, улар йўқ бўлиш арафасида турибди. Табиатда бу турнинг тахминан бир неча юзтаси қолган.

Шу ўринда Аллоҳ таолонинг мана бу оятига эътибор берайлик:

وَمِنْ آيَاتِهِ خَلْقُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَمَا بَثَّ فِيهِمَا مِن دَابَّةٍ وَهُوَ عَلَى جَمْعِهِمْ إِذَا يَشَاءُ قَدِيرٌ

“У зотнинг оят-белгиларидан осмонлару ернинг яратилиши ва уларда турли жониворларнинг таратиб қўйилишидир. Ва У зот агар хоҳласа, уларни жамлашга қодирдир” (Шуро сураси, 29-оят).

Ҳа, азизлар, борлиқдаги барча нарсани Аллоҳ таоло улкан ҳикмат билан яратган. Биз ўзимиз ҳақимизда ва барча яратилган махлуқлар, жонли-жонсиз мавжудотлар ҳақида тафаккур қилиб кўришимиз керак. Чунки, булар Аллоҳ таолонинг борлигига, бирлигига далолат қиладиган оят-белгилардандир. Улар ҳақида тафаккур қилиб кўрган инсоннинг иймон нури зиёда бўлиб, Аллоҳ таолога бўлган ихлоси ортади.

Қайси жонзот қаерда яшайди, ҳайвонларнинг адади қанча, улар неча йил яшайди, нечта фарзанд кўради ва бошқа ҳақиқатларни Аллоҳ таолонинг Ўзи билади.

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Read 4008 times
Tagged under

Мақолалар

Top