Мақолалар

Одамларга нима бўляпти ўзи?!

“Доллар нархи ошдими?” сарлавҳали мақолани ўқиган айримлар «Латифа» деб кулишди. Оятлар ва ҳадислар асосида ёзилган мақола латифа бўлдими? Одамларга нима бўляпти ўзи? Наҳотки руҳий тарбиямиз шу аҳволга келиб қолган, муаммоларни барча гуноҳларимизга боғлаш қоидасидан узоқлашиб кетган бўлсак?!

Ахир Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони Каримда шундай деган-ку:

وَمَا أَصَابَكُمْ مِنْ مُصِيبَةٍ فَبِمَا كَسَبَتْ أَيْدِيكُمْ وَيَعْفُو عَنْ كَثِيرٍ وَمَا أَنْتُمْ بِمُعْجِزِينَ فِي الْأَرْضِ وَمَا لَكُمْ مِنْ دُونِ اللَّهِ مِنْ وَلِيٍّ وَلَا نَصِيرٍ

“(Эй, инсонлар!) Сизларга не мусибат етса, бас, ўз қўлларингиз қилган нарса (гуноҳ) сабаблидир. Яна У кўп (гуноҳлар)ни афв этиб турур. (Акс ҳолда мусибат бундан ҳам кўп бўлур эди.) Сизлар ерда (ҳеч кимни) ожиз қолдирувчи эмассизлар. Сизлар учун Аллоҳдан ўзга бирор (ҳақиқий) дўст ҳам, ёрдамчи ҳам йўқдир” (Шўро сураси, 30-31-оятлар).

Доллар ошгани муаммоми ўзи? Ҳа, муаммо дейишяпти. Чунки, олиб-сотадиган маҳсулотлари долларга боғлиқ бўлган, иқтисодий муносабатларини доллар асосида олиб борадиган кишилар учун доллар нархининг ошиши каттагина муаммодир. Демак, халқ бошига ўша муаммо нима сабабдан келади? Ўша халқнинг гуноҳлари сабабидан. Ким айта олади «Гуноҳлар сабабидан эмас» деб?!! Халқ ўзини ислоҳ қилиб ўзгартирса, улардаги муаммо ҳам бартараф бўлади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

إِنَّ اللّهَ لاَ يُغَيِّرُ مَا بِقَوْمٍ حَتَّى يُغَيِّرُواْ مَا بِأَنْفُسِهِمْ

“Албатта, то бир қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларнинг ҳолини ўзгартирмас” (Раъд сураси, 11-оят).

Мен ўзимни тузатсам, сиз ўзингизни тузатсангиз, у ўзини тузатса, муаммолар барҳам топиб боради.

Муаммо ва ташвишга сабаб бўлаётган ўша гуноҳлар нима ўзи?

Монополия, коррупция, иқтисоддаги алдовлар, рибога асосланган муносабатлар, охиратда нима деб жавоб бераман деган туйғунинг камайиб бораётгани, айримларнинг «пул топсам бўлди» дея қандай йўл билан топишга эътибор қилмаётгани, силаи раҳмга жудаям суст қаралаётгани, мана булар биз назарда тутган гуноҳлардир.

Шулар муаммоларга сабаб эмасми?

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: «Инсонга, хоҳ жонига, хоҳ молига, хоҳ бошқа нарсасига бирор мусибат етса, албатта, ўзи қилган гуноҳи сабабли етади. Инсоннинг ўзидан ўтмаса, унга бирор мусибат етмайди. Лекин ўта меҳрибон бўлган Аллоҳ бандасини ҳар бир гуноҳи учун мусибатга дучор қилавермайди, фақат баъзиси учунгина мусибатга дучор қилади, кўпини кечириб юборади. Агар Аллоҳ таоло инсонни ҳар бир айби учун мусибатга учратадиган бўлса, инсон дарҳол ҳалокатга юз тутар эди».

Порахўрлик, судхўрлик, ҳийла-найранг, адлов, макр, нафсга қул бўлиш, одамларнинг ҳаққидан қўрқмаслик ва бошқа шу каби гуноҳлар комплекси доллар ошиши ва бунинг натижасида долларга алоқадор маҳсулотларнинг нарх-навоси кўтарилиб кетишига ва ҳоказо муаммоларга сабаб бўлмаяптими?!!

Аллоҳ таоло барчамизнинг тилларимизни истиғфорга машғул қилиб қўйсин ва гуноҳларимизни кечирсин! Халқимизнинг турмушини фаровон, ризқини баракотли қилсин!

 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Read 3751 times
Tagged under

Мақолалар

Top