Мақолалар

Буюк саҳобий йиғисининг сабаби

Тустар форсларнинг мустаҳкам қўрғонли шаҳарларидан бўлиб, мусулмонлар ушбу шаҳарни бир ярим йил давомида қамал қилиб турдилар. Шундан сўнг шаҳар мусулмонлар қўлига ўтди. Бу фатҳ ислом тарихидаги энг қийин фатҳлардан бири эди. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ушбу фатҳ кунини эсласалар йиғлаб юборар ва у кунни эслашни истамасдилар. Хўш, нега?

Тустарни қамал қилиб турган мусулмонлар шаҳар эшикларини бомдод вақти киришидан бироз олдин очишга муваффақ бўладилар. Мусулмон қўшини шаҳар ичига сел каби оқиб кириб борди. Ичкарига киргач, ўттиз минг кишилик мусулмонлар қўшини бир юз эллик минг сонли форс қўшинига қарши аёвсиз жангни бошладилар. Мусулмонларга ҳар лаҳза ўлим чанг солар, ҳар лаҳза хатар бор эди. Ҳа, вазият ниҳоятда оғир эди.

Аммо охирида Аллоҳнинг фазли билан мусулмонлар душман устидан узил-кесил ғалаба қозонишди. Бироқ бу ғалаба онлари қуёш чиқиб бўлган пайтларга тўғри келди. Ҳа, мусулмонлар шу куни бомдод намозини ўқий олишмаган эди. Шиддатли жанг асносида, қонсираган қиличлар орасида бомдодни ўқиб олишга имкон топа олмадилар.

Умрида бир марта бомдодни қазо қилган Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу шу воқеа сабаб ҳўнг-ҳўнг йиғлардилар. У зот узрли бўла туриб йиғлардилар. Ҳа, мусулмонлар ўша онда узрли эдилар. Улар исломдаги энг улуғ амаллардан бири билан машғул эдилар. Лекин улуғ ибодат, буюк фарз қазо бўлди! Улар шунинг учун йиғлашарди.

Буюк саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуга ушбу фатҳ зикр қилинса, “Менга Тустарни эслатманг! Дарҳақиқат, у бомдод намози вақтини зое қилишимизга сабаб бўлган. Дунёдаги жамийки нарсаларнинг меники бўлиши ушбу намозни ўз вақтида адо этишимдан кўра суюкли эмас!” деб айтардилар.    

Ушбу воқеани ўқир эканмиз, уларнинг ғалаба қозонишлари сабабини англагандек бўламиз.

Хўш, бизнинг ҳаётимизда намознинг қадри, аҳамияти қай даражада?!

Улар Аллоҳ таолонинг йўлида ҳаётларини қурбон қилиб юбордилар. Биз Аллоҳ таолонинг йўлида уйқуларимизни қурбон қила оламизми?! Агар қурбон қила олмасак, у ҳолда қайси ғалабани кутиб, орзу қиляпмиз?!

Унутмайлик, агар қалбимизда ибодатлар, тоатларнинг қадру қиймати йўқолса, бизнинг азизлигимиз ва шарафимиз ҳам йўқолади. Натижада бошқалар бизга қарши бирлашаверади, дунё кўзимизга торайиб, мағлуб бўлиб бораверамиз. 

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Read 3026 times

Мақолалар

Top