Мақолалар

Унинг сути жигар циррозига даво!

Аллоҳ таоло Қуръонда баъзи жонзотларни алоҳида зикр қилган. Ана шундай жонзотлардан бири туядир. У Зот Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

أَفَلَا يَنظُرُونَ إِلَى الْإِبِلِ كَيْفَ خُلِقَتْ

«Улар назар солмасми: Туянинг қандай яратилганига?» (Ғошия сураси, 17-оят)

Туяни “Саҳро кемаси” дейишади. Ҳа, бирорта ҳайвон туя каби саҳрода бемалол юра олмайди. Саҳро ҳаёти кундузлари ўта иссиқ, кечқурун анчагина салқин, атрофда сув йўқ, ўсимликлар тури у қадар кўп эмас. Асосан янтоқ, саксовул каби игнали ва игнабаргли буталар ўсади, холос.

Аллоҳ таоло мазкур оятда биз бандаларини туянинг қандай яратилганига диққат билан назар солишимизга буюрган. Туянинг ташқи кўриниши, яшаш тарзига яхшилаб эътибор берган одамнинг иймони зиёда бўлмай, тили лол қолмай иложи йўқ.

Келинг, туя қандай жонзот экани билан яқиндан танишайлик:

Туянинг қулоқлари:

Қулоқлар кичик, ҳар тарафдан тук билан қопланган. Шунингдек, улар эгилувчан бўлиб, қаттиқ шамол эсган пайтда туя қулоқларини бош тарафига тортиб, ёпиштириб олади. Натижада, қулоқлари орасига қум зарралари кирмайди.

Туянинг бурун тешиклари:

Бурун катаклари кичик тешикчалардан иборат бўлиб, атрофи тук билан ўралган. Шунингдек, бурун катаклари атрофи гўштдор бўлиб, шамол эсган пайтда уларни беркитиб олишга имкон беради. Натижада, ушбу тешиклар орқали ўпкага чанг, қум доналари киришининг олди олинади. Қолаверса, бурун туя танасининг исиб кетишдан ҳимояловчи аъзо ҳамдир. Ташқаридаги иссиқ ҳаво бурун орқали кириб, ундаги жиҳозлар натижасида совиб, қон томирлари орқали мияга совуқ ҳаво етиб боради. Шу боис туя жазирама иссиқда ҳам офтоб уришидан азият чекмайди.

Туянинг кўзлари:

Туянинг киприклари икки қаватли бўлиб, худди қуш инига ўхшаб, бир-бирига киришиб кетган. Киприклар туянинг кўзини қуёш нуридан, қумли шамоллардан ҳимоя қилиб туради. Шу боис туя саҳрода кетаётганда йўлни адаштирмай, қум барҳанларини бир-бири билан аралаштирмай, мўлжални аниқ олиб кетаверади. Чунки нурлар ва шамоллар таъсиридан сақланган кўзлар юмилмайди, қисилмайди, оддий ҳолатда қандай очиқ турса, шамолли муҳитда ҳам шундай очиқ ҳолда туради. Саҳрода шамол турган пайтда ётган туя кўзларини чирт юмиб олади ва чанг-тўзонлар киришига йўл қўймайди.

Туянинг қовоқлари:

Туянинг қовоқлари уч қават бўлиб, кўз устидаги қавати шаффофдир. У остидаги кўзни, худди қора кўзойнакдек, қуёшнинг зарарли нурларидан ҳимоялаб туради.

Туянинг думи:

Думнинг икки тарафи тукли бўлиб, орқа аъзоларга қум киришидан сақлайди.

Туянинг оёқлари:

Оёқлар узун бўлиб, танасини ердан баландроқ кўтариб туради ҳамда чанг, қум кабилар билан туянинг қорин қисми кирланишининг олдини олади. Узун оёқлар туяга енгил ҳаракатланишга, катта-катта қадам ташлашга имкон беради. Туянинг қадамларида ўзига хос “қалин пайпоқ” бор бўлиб, ушбу гўштдор қатлам туя юрган пайтда кенгайиб, унинг оёқлари тикон, тошлоқ ва қумли саҳрода бемалол юришига имкон беради. Айнан шу “пайпоқ” сабабли туя саҳрода қумларга ботиб кетмай юра олади. Бошқа жонзотлар бундай шароитда юра олмай, туёқлари қумга ботиб қолади.

Туя устидаги оғир юклари билан чўлларда кунига эллик ёки олтмиш километрлаб йўл босиши мумкин. Ҳали бирорта автомашина қумли саҳрода шунча йўл босиб, туя билан беллаша олган эмас.

Туянинг бўйни:

Аллоҳ таоло туянинг бўйнини узун қилиб яратган. Бу эса унга йўлда учраган дарахт баргларини, ердаги ўсимликларни қийналмай ейиш имконини беради. Шу билан бирга узун бўйин туяга устидаги юклари билан ўрнидан машаққатсиз туришга ёрдам беради.

Туя дам олиш учун ётганда ёки уни чўктирилганда, оғир танаси оёқ бўғимларида жойлашган мустаҳкам тери бурмаларидан иборат ёстиқчаларга таянади, бор оғирлигини кўкрак қисмидаги ёстиқчаларга ташлайди. Агар у шу оғирлигини бирор ҳайвон ёки инсон устига ташлаганда, уларни эзиб ташлаган бўларди.

Туядаги ушбу ёстиқчалар Аллоҳ таолонинг қудратига далолат қилувчи белгилардандир. Яъни туя саҳронинг қайноқ қумлари устига бемалол ёта оладиган, иссиқдан қийналмайдиган қилиб яратилган. Бошқа ҳайвонлар ундай қумда ётиши, у иссиққа бардош бериши ниҳоятда қийиндир.

Баъзилар ўйлаганидек, бу ёстиқчалар яшаш давомида пайдо бўладиган нарсалар эмас. Бўталоқ онасининг қорнидан мана шу ёстиқчалар билан туғилади. Одам кўп ялангоёқ ёки йиртиқ поябзалларда юриши оқибатида оёқлари қавариб, дағаллашиб, оғриқларни сезмайдиган бўлиб қолади. Аммо туянинг оёқларидаги ёстиқчалар туғилганидаёқ улар билан бирга бўлади.

Туянинг ошқозони:

Туянинг ошқозони ниҳоятда бақувват бўлиб, таомига аралашган баъзи нарсаларни, масалан, резиналарни ҳам ҳазм қилиб юборади.

Туянинг лаблари:

Бошқа ҳайвонлар истеъмол қилганда зарар берадиган тиконли шох ва ҳоказо нарсаларни туя истеъмол қилса ҳам лабига зарар етмайди. Чунки унинг лаблари қалин ёғли бурмалар билан қопланган бўлиб, тикон, тош, игна каби нарсаларни лабига сездирмайди. Шу боис саҳроларда ўсадиган тиконли янтоқ туялар севиб истеъмол қиладиган ўсимликлардандир.

 

 

Туянинг териси:

Туянинг териси қалин жун билан қопланган. Бу унинг терисига иссиқ ҳаво салбий таъсир қилишидан ҳимоя қилади. Туянинг танаси об-ҳаво қандай бўлишидан қатъи назар ҳароратни бир маромда ушлай олади. Унинг тана ҳарорати 34 даража билан 41 даража ўртасида ўзгариб туради. Агар туянинг ҳарорати 41 даражадан ўтса, ана шунда у бироз терлаши мумкин.

Инсоннинг тана ҳарорати эса доим 37 даража атрофида бўлади. Агар ҳарорат бундан пасайса ёки кўтарилса, инсонга шошилинч равишда тиббий ёрдам кўрсатиш зарур бўлиб қолади. Агар инсоннинг танасидаги ҳарорат туя танасининг энг паст ҳарорати бўлмиш 34 даражага тушиб кетса ёки туя танасининг энг юқори ҳарорати бўлмиш 41 даражага кўтарилиб кетса, вафот этиши мумкин.

Туя оғзидан нафас олмайди, ҳаво ҳар қанча иссиқ бўлса ҳам оғзини очиб хансирамайди. Шу орқали танасидаги сув буғланишининг олди олинади.

Туянинг сув ишлаб чиқариши:

Ҳа, азизлар, туя сув ишлаб чиқаради. Бу жараён унинг ўркачида юз беради.  Туянинг ўркачи ёғлар омбори вазифасини ўтайди. Шунингдек ўркач туянинг барча аъзолари исиб кетмай, совуқ ҳолда бўлишига ёрдам беради. Зарурат бўлганда, туя ўркачидаги ёғни овқат ёки сувга айлантириб истеъмол қилади. Туянинг ўркачида юз берадиган кимёвий жараёнларни инсон ҳаётда, лаборатория шароитида бажара олмайди. Мана шундай қилиб туя ўз ўркачидаги ёғ захирасини ишлатиб бораверади. Агар сафар чўзилиб кетса, ўркачдаги ёғ захираси тугаб, ўркач бир томонга эгилиб қолади.

Ҳа, Аллоҳ таоло туя танасида ана шундай имкониятларни яратиб қўйган.

Келинг, думбаси каттта қўчқор билан туянинг ўркачини солиштириб кўрайлик. Қўчқор думбасида 11 кг ёғ бўлса, туя ўркачида тахминан 120 кг атрофида ёғ бўлади. Туялар мана шунча ёғни озуқа ва сувга айлантириши натижасида бир ярим ойлаб ташқаридан сув ичмасдан юра олади. Аммо ниҳоятда чанқоқлик туя вазнининг тўртдан бир қисми (25 фоизи) йўқолишига олиб келади. Бироқ шунда ҳам шикоятсиз яшайверади. Инсон эса танасининг бунча қисмини йўқотадиган бўлса, ҳалок бўлади.

Бошқа ҳайвонлар танасидаги ёғларнинг парчаланиши туфайли кетоз деб номланган касалликка чалинадилар. Кетоз – бу ҳужайралардаги углевод етишмовчилиги натижасида вужудга келадиган ҳолат бўлиб, организм энергия ишлаб чиқариш учун ёғларни парчалашни бошлаганда юзага келади.

Туянинг сути:

Туя сути Аллоҳ таолонинг улкан неъматларидан биридир. Туялар кунига икки марта соғилади ва тўлиқ бир йил давомида сут беради. Соғилган сут кунига 5-10 литргача, бир йилда эса 230-260 литргача етади.

Туялар ўзининг келиб чиққан турига, зотига қараб уларнинг сутида бироз фарқлар бўлади. Шунингдек, сутларнинг турлича бўлиши улар ейдиган ўт-ўланлар, озуқа навига ҳамда ичадиган сув таркиби ва миқдорига ҳам боғлиқ бўлади. Нима бўлганда ҳам ушбу сут инсон учун жуда фойдалидир. Туя сути қизғиш оқ рангда ва ўткир таъмли бўлади. Янги туя сутининг водород ва углерод қиймати юқори бўлиб, бу кўрсаткич сутдаги ишқорлилик даражасини белгилаб беради.  

Туя сути ишқорли ҳисобланади, аммо у жуда қисқа вақт ичида тезда ачиб қолиши мумкин. Унинг таркибида протеин компонентлари (4% дан 25% гача), қаттиқ моддалар (10-15%), ёғлар (соғишнинг бошида – 2-3%), шакар моддалари, хусусан лактоза (3-6%), хлорид натрий (14-27%), ҳамда темир, калций, фосфор каби минераллар ва В2 ва С витаминлари мавжуд.

Туя сутидаги сув миқдори 84 фоиздан 90 фоизгача етади. Шу боис бу сут бўталоқлар учун ҳамда саҳро ва чўлларда яшовчи аҳоли учун жуда аҳамиятлидир. Туя сутида сувнинг бу даражада кўп миқдорда бўлиши сувсиз минтақаларда яшовчилар учун Аллоҳ таолонинг раҳматидир.  

Туя сутидаги лактоза миқдори лактация давридаги туя сутида ҳам, чанқаган туя сутида ҳам, суғорилган туя сутида ҳам ўзгармайди. Бу эса инсоният ва туя болаларининг ҳаёти учун ниҳоятда зарур бўлиб, бу Аллоҳ таолонинг бандаларига лутфу марҳаматидир.

Бия ва туя сутида бошқа сутларга нисбатан лактоза кўп бўлгани боис тезда ачиб, таркибида нордон моддаларни ҳосил қилади.

Маълумки, лактоза сут қанди бўлиб, она сутида – 5-8 %, сигир сутида – 4-5 % лактоза бор. Лактоза оқ кристалл модда, таъми ширин, сувда яхши эрийди. Чақалоқларнинг соғлом униб-ўсишида зарур модда ҳисобланади.

Туя сути инсоният учун озуқа манбаи бўлишидан ташқари, юрак, ўпка (тиберкулёз, зотилжам), жигар (гепатит А, Б, С, Д, цирроз), ошқозон, буйрак, саратон ва бошқа кўплаб касалликлар билан оғриган беморлар учун жуда фойдали ва зарур доридир.

Табобат илми султони Абу Али ибн Сино ҳам “Тиб қонунлари” номли илмий асарида туя сутининг шифобахшлиги хусусида ёзиб қолдирган.

1984, 1985 йилларда Африка қитъасининг Кения давлатида қаҳатчилик юза келиб, маҳаллий аҳоли сувсизликдан ҳалок бўлиш арафасида эдилар. Сигир боқувчи қабила вакилларининг кўплари сигирлар сут бермай қўйиши натижасида ҳалок бўладилар. Аммо туя боқувчи қабила вакиллари эса туя сутини ичиб, ҳалокатдан қутулиб қоладилар. Чунки сувсизлик пайтларида сигирлар сут бермай қўйса, туялар бу пайтда ҳам сут беришдан тўхтамайдилар.

Туянинг сув ичиши:

Туя денгизнинг шўр сувини ича олади. Чунки, унинг буйраклари сувдаги тузни тозалаш хусусиятига эга. Туя қонида албумин ферменти бошқа жонзотлар қонидагига нисбатан кўп миқдорда мавжудлиги туянинг узоқ вақт ташналикка чидашига, шўр сувни ича олишига имкон беради. Туянинг буйраги ниҳоятда мустаҳкам ва сувдаги тузларни катта нисбатда ажратиш хусусиятига эга бўлгани учун денгиз сувидаги тузлар сийдик орқали ташқарига чиқариб юборилади.

Агар инсон танасидаги сувнинг 5 фоизини йўқотса, атрофидаги ишларни тўғри-нотўғрисини ажратолмай қолади. Агар йўқотилган сув миқдори 10 фоизга етса, кишининг қулоқлари ўз фаолиятини тўхтатиб, танасида оғриқни сеза бошлайди. Агар бу миқдор 12 фоизга етса, инсон тез орада ҳалок бўлади. Ташналик сабабли ҳалокат ёқасида турган инсонга сув ичириб ёрдам бермоқчи бўлган киши унга сувни жуда секинлик билан оз-оздан ичириши керак. Акс ҳолда қондаги сув миқдори ошиб кетиб, инсон ҳалок бўлиши мумкин. Аммо туя сувсизлик туфайли танасининг тўртдан бир қисмини йўотган бўлса ҳам, бирор инсоннинг кўмагисиз бемалол йўқотилган сув миқдорини тиклаб олиши мумкин.

Шунингдек, ташналикдан ўлим ёқасига келиб қолган инсонга фақат ва фақат чучук сув бериш мумкин. Жуда чанқаган туя эса ҳар қандай сувни ичиб ҳам ўз ташналигини қондириб кетаверади.

Туялар қиш фаслида тўрт ойгача, баҳор ойларида икки ойгача чанқоқликка чидаса, ёзнинг жазирама кунларида тахминан ўн кунгача ташналикка бардош беради. Баъзан бу муддат икки ҳафтагача чўзилиши ҳам мумкин. Шунингдек у танасида сув захираси қолмагандан кейин ҳам бир ҳафта давомида бир томчи сув ичмай яшай олади.

Оддий ҳолатда туя тахминан 70 литргача сув ичиши мумкин. Жуда чанқаган туя эса бир ичишда 130 литрдан 225 литргача сув ича олади. У қанча кўп сув ичса ҳам, бу сув унинг танасига зарар етказмайди. Чунки, ичилган сув туянинг ошқозон бўшлиғида, ингичка ва йўғон ичакларда, қон томирларида захира қилиб сақланади.  

Биласизми, туя ўзига зулм қилган кишини ҳеч қачон эсидан чиқармайди. Агар сиз туяга озор берган, уни урган бўлсангиз, сизни таниб олиб, бу воқаени ёдидан чиқармас экан. Орадан ўн йил ўтган бўлса ҳам, қулай фурсат бўлганда сиздан ўч олар экан. Шунинг учун барча жонзотларга, жумладан, туяга озор бермаслик керак.

Туя ҳақида ҳали биз билмаган маълумотлар жуда кўп. Аммо ушбу мақолада келтирилган маълумотларни ихлос билан ўқиб-ўрганиб, Аллоҳ таолога, Унинг қудратига бўлган иймонимиз нури янада зиёда бўлса, У Зотга бўлган ихлосимиз янада ортса, Унга ибодат қилишга бўлган рағбатимиз, муҳаббатимиз ошса, айни муддао бўлар эди.

Аллоҳ таоло барчамизга яратган махлуқлари борасида тафаккур қилиб, иймонимиз нури зиёда янада бўлиб, ихлосимиз янада ортишини насиб этсин!

Ушбу оятни келтириш билан сўзимизга якун ясаймиз:

هَذَا خَلْقُ اللَّهِ فَأَرُونِي مَاذَا خَلَقَ الَّذِينَ مِن دُونِهِ بَلِ الظَّالِمُونَ فِي ضَلَالٍ مُّبِينٍ

“Бу Аллоҳнинг яратганидир. Қани менга кўрсатинг-чи, Ундан бошқалар нимани яратдилар. Йўқ! Золимлар очиқ-ойдин адашувдадирлар” (Луқмон сураси, 11-оят).

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

 

Read 6433 times

Мақолалар

Top