Мақолалар

Интернетнинг ёвуз тўрлари

Бугунги кунимизни интернетсиз тасаввур этиш мушкул. У ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Ҳар бир инсон интернетга у ёки бу сабаблар туфайли эҳтиёжманд. Айтайлик, сиз ушбу сўзларимизни интернет орқали ўқимоқдасиз. Ёки энг фойдали маълумотларни ушбу тармоқдан оласиз ва алоқа воситаси сифатида унинг жуда кўп нафи етган. Бироқ афсуски, башариятга наф келтириши кўзланган ушбу воситадан ўз ғаразли мақсадларини амалга ошириш, одамларни залолат ва қабоҳатга ундаш, уларни тўғри йўлдан адаштириш мақсадида фойдаланувчилар ҳам йўқ эмас.

Интернетни шамолга қиёслаш мумкин. Деразани очиб қўйсангиз, тоза ҳаво киради. Шу билан бирга, чанг тўзон ҳам, турли ҳашаротлар ҳам кириб олиши шубҳадан холи эмас. Ундан нимани ахтарсангиз, топишингиз мумкин, фақат шуниси борки, топилган нарса тўғри, ишончли ва энг муҳими, зарарсиз эканини билиш учун инсонга онг ва тафаккур, билиму маърифат керак. Яхши-ёмоннинг фарқига бормаган айрим ёшлар интернет орқали узатилган кўплаб маълумот-хабарларни мутлақ ҳақиқат деб қабул қилиш ҳолатлари учраётгани кишини жиддий хавотирга солади.

Айниқса, ҳозирги пайтда экстремистик, террорчи ташкилотлар замонавий компьютер технологиялари, ижтимоий тармоқлар, электрон дастурлар ва жўнатма хабарлар имкониятларидан кенг фойдаланмоқда. Қайд этиш керакки, қатор мамлакатларда экстремистик ташкилотлар фаолияти тақиқланганидан сўнг улар тарғиботнинг илғор кўринишларидан фойдаланишга эътибор қаратмоқда. Бунда уларга минглаб инсонлар уни кузатиб турганлиги, тармоқ орқали алоқа ва савол- жавобларнинг қулайлиги, кенг омма, айниқса, ёшларни ўзига жалб қилиш имкони мавжудлиги ҳамда бошқа шу каби интернет қулайликлари қўл кела бошлади. Ҳаттоки, тармоқ орқали террорчиликка бошлайдиган, болаларни қизиқтирадиган мультфильмлар тарқала бошлади. Ёки оддийгина уй шароитида портловчи моддалар тайёрлашни ўргатувчи махсус дастурлар ишлаб чиқилдики, бу нарсаларни ўқиган ёки кўрган иродаси суст ҳар қандай киши ёвузлик тўрига илиниб қолиши ҳеч гап эмас.

Афсуслар бўлсинки, бу каби мисолларни яна кўплаб келтириб ўтишимиз мумкин. Ушбу маълумотлардан ҳар қандай онгли инсон таъсирланиши табиий. Чунки ҳеч биримиз укамиз ёки фарзандимиз бу қабиҳликларга алданишини юракдан истамаймиз.

Биз бир қисминигина таъкидлаб ўтган интернет хуружлари жамият барқарорлигини таъминлаш, ёшларнинг онги ва тафаккурини ёт таъсирлардан ҳимоялаш учун хавфсиз шароит яратиш зарурати бугунги кунда янада долзарб аҳамият касб этаётганини кўрсатади. Тўғри, интернет ҳар биримиз учун жуда керакли ва у дунё билан бизни боғлаб турган муҳим восита. Бироқ, ушбу тармоқдан фойдаланиш жараёнида огоҳ ва ҳушёр бўлишимиз ҳаводек зарур.

Бинобарин, эҳтиёткор бўлиш ҳар бир инсонга жуда муҳимдир. Бу борада Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Ҳужурот сураси 6-оятида марҳамат қилиб бундай дейди:

“Эй мўминлар, агар сизларга бир фосиқ кимса бирон хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда, бирон қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилган ишларингизга афсус-надомат чекиб қолмасликларингиз учун (у фосиқ кимса олиб келган хабарни) аниқлаб-текшириб кўринглар!”. Тафсири Табарийнинг бу оят тафсирида уламолар мана шундай вазиятларда ўша маълумотнинг ҳақиқат эканлигини билгунча кутиш лозимлиги, уни шошиб қабул қилиш мумкин эмаслигини айтадилар.

Бундан ташқари, тенгдошларимиз ёки танишларимиз кўз ўнгимизда нотўғри йўлни танлаганларини кўрсак, ёки интернет орқали онги учун хавфли бўлган сайтлардан фойдаланаётганини сезиб қолсак, унга тўғри йўлни тушунтиришимиз жоиз.

Шу ўринда устозимиз Айдарбек Тулеповнинг “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” асаридаги биз ёшларга берган тавсияларини келтириб ўтишни лозим деб топдим:

Биринчидан, ёшларнинг ўзини-ўзи ҳимоя қилишига эътибор бериш лозим. Аввало, ҳар бир инсон учун мустақил фикр зарур. Мустақил фикрга эга бўлган инсонгина яхши ёки ёмон маълумотнинг моҳиятига етиб, уларга қарши куч топа олади.

Иккинчидан, ёшлар турли ёт ва бемаза ахборот хуружларига берилмаслиги учун уларда мустаҳкам, соғлом эътиқодни шакллантириш зарур.

Учинчидан, соғлом эътиқодли инсонда имон, инсоф ва диёнат тушунчалари шаклланади. Инсон қалби билан боғлиқ бу қадриятлар интернет оламида адаштирмайдиган “компас” вазифасини бажаради.

Тўртинчидан, ёвуз ниятли кимсаларнинг асл ниятларини, саъй-ҳаракатларининг охир-оқибати нима билан тугашини очиқ-ойдин англаш керак.

 Баҳоуддин Нақшбанд айтганидек:

Кўр кетар экан билмай истиқболда чоҳ,

Уни огоҳ этмасанг сендадир улуғ гуноҳ.

Абдулла Авлоний эса инсонларни ибрат кўзи билан қарашга чорлаб бундай дейди: “Инсон ибрат назари ила боқуб, дунё китобидан ўз қадр-ҳиссасини билиб олмаги лозимдур. Шунинг учун ақл соҳиблари, фатонат эгалари ўзларига фойдаси бўлса-бўлмаса, синчиклаб қарағон нарсаларидан бир ҳисса олмай қўймаслар”.

Демак, ҳар соҳада бўлгани каби интернетдан фойдаланишда энг муҳим шарт – баландпарвоз тавсиялару таги пуч ғояларга ишонмаслик керак. Айниқса, диний мазмундаги масалаларга дуч келган пайтда аллақандай сайтлардан эмас, балки Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг muslim.uz портали ҳамда Айдарбек Тулеповнинг “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” китобида тавсия этилган диний идора тасарруфидаги сайтларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

 

Манбалар асосида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти 4-курс талабаси Шаҳзодбек СУЛТОНОВ тайёрлади.

Read 6076 times

Мақолалар

Top