Мақолалар

Афвнинг ажри Аллоҳнинг зиммасида

Ҳар тонг  фарзандини ишга кузатаётиб, қўлларини дуога очиб қолаётган, фарзанди ишдан қайтадиган вақт бўлганда  остонага чиқиб олиб, уни кўзлари нигорон бўлиб кутиб ўтирадиган, қайтганида қалби қувончга тўлиб қучоқ очиб кутиб оладиган ота-она;

Не-не орзулар билан бир ёстиққа бош қўйган жуфти ҳалолини тонгда ишга кузатиб, кечгача вақти-вақти билан унинг уйдаги кийимларини ҳидлаб-ҳидлаб қўяётган, эри ишдан қайтишига  ширин таомлар пишириб, чиройли кийимларини кийиб, атир-упалар сураётган бахтиёр аёл;

Эрта тонгда уйқули кўзлари  билан отасининг пинжига кириб ётиб оладиган, отаси ишга жўнаётганда жажжи қўлчаларини силкиб хайрлашиб қолаётган, кечқурун қайтганда эса ўзини қучоғига отиб кун давомида уни қандай соғинганини таърифлаб бераётган жажжи болакай;

Укамнинг рўзғоридан хабар олиб келай, тинч ўтирибдимикан, ейиш-ичишдан қийналиб қолмадимикан, деган эзгу ниятли акалар;

Акамнинг уйига бир кириб ўтай, бирор хизмати бўлса қарашиб юборай, деган самимиятли укалар;

Сигирининг оқлигидан орттириб, укасининг рўзғорига олиб келувчи меҳрибон опалар;

Акасининг уйини супуриб-сидиришда янгасига ёрдамга ошиқувчи мушфиқа сингиллар;

Ҳар доим бирга ишлайдиган, фикр алмашадиган, зиёратларга, саёҳатларга  бирга борадиган, ҳар доим ёнида эканини, тафтини ҳис қилиб турадиган содиқ дўст;

Тансиқроқ таом пиширса, илинадиган, кечқурунлари тоза ҳавога сайрга чиққанда дилкаш суҳбатлар қурадиган, яхши-ёмон кунларда севинчингизга шерик, қайғунгизга ҳамдард бўладиган хушфеъл қўни-қўшнилар, меҳрибон қавму қариндошлар...

Агар бирор киши қандайдир сабаб билан панжара ортига ўтиб қолса, ана шуларнинг  ҳаммасининг боши эгилиб, кўзига дунё тор бўлиб қолади.

Муҳтарам Президентимизнинг энг улуғ ва энг азиз байрамимиз – Ватанимиз мустақиллиги эълон қилинганининг 28 йиллигини нишонлаш арафасида эълон қилинган "Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида"ги Фармонни имзолагани ва шу Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 93-моддасининг 23-бандига асосан, содир этган жинояти учун жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 65 нафар фуқаро афв этилиши, қаранг, қанча инсонларнинг бахтини, бахтиёрлигини қайтариб берди. Буни гўёки тўхтаб қолган ҳаёт араваси бирданига юриб кетганига, сўлиб қолган чечаклар қайтадан барқ уриб кетганига менгзаса бўлади.

Бинобарин, Аллоҳ таоло айтади: “...(ҳар қандай) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаган ёмонликдир (яъни ҳар бир ёмонликнинг ўзига яраша жазоси бордир). Энди ким (интиқом олишга қодир бўлгани ҳолда) афв қилиб (ўртани) тузатса, бас унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У зулм қилгувчиларни севмас” (Шўро, 40).

Президентимизнинг ушбу фармони ана шу ояти каримага мувофиқдир. Адашгани оқибатида халқимизга, давлатимизга нисбатан ёмонлик қилган кишиларга ўзларининг ёмонликларига муносиб тарзда жавоб қайтариш имкони юз чандон бўлиб турган паллада улар афв этилди. Бунинг учун афв этувчига Аллоҳ таолонинг ажри бор.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одам боласининг ҳар бири ҳам гуноҳ қилади, аммо уларнинг ичида энг яхшилари, қилган гуноҳларига тавба қиладиганларидир”, деб марҳамат қилганлар.

Ҳадиси шарифдан гуноҳ қилувчиларнинг энг яхшилари қилган гуноҳларига тавба қилувчилар экани аён бўлмоқда. Шундай экан, адашиб, нотўғри йўлларга кириб қолган, бугунги кунда ўз қилмишидан пушаймон бўлиб, тўғри хулоса чиқариб олган фуқароларни кечириш қанчалар фазилатли иш. Зотан, Ватанимизда олиб борилаётган ислоҳотларда авваламбор инсон манфаатлари устувор аҳамият касб этаётгани ҳам ана шу фармонда ўз инъикосини топган.  Зеро, ислоҳотларнинг асосий мақсади бутун жамиятнинг куч ва имкониятларини халқимиз фаровонлиги йўлида бирлаштириш ҳамда шу орқали барча юртдошларимиз учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, давлатимизнинг жаҳон саҳнасидаги мавқеини яна юксалтиришдан иборатдир.

Read 2542 times

Мақолалар

Top