Мақолалар

Бой бўлиш ёмонми?

Кўпчилик орасида шундай гап бор: “Тақводор, Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида хизмат қилаётган инсон бой бўлмаслиги керак”. Агар улардан изоҳ сўрасангиз бойлик, мол-дунё жуда ёмон нарса дейишадию ўзлари эса унга қараб интилишади. Хўш, Динимизда бойлик, мол-дунё орттириш борасида қандай кўрсатмалар келган?

Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

“Одамларга аёллардан, болалардан, тўп-тўп тилло ва кумушдан, гўзал отлардан, чорвадан, экин-текиндан иборат шаҳватларнинг муҳаббати зийнатланди. Улар дунё ҳаётининг матоҳидир. Аллоҳнинг ҳузурида эса, ҳуснли қайтар жой бор. (Оли Имрон сураси, 14)

 

(«Шаҳват» сўзи урфда жинсий маънода ишлатиб келинади. Аслида эса, шаҳват «иштаҳа» сўзидан олинган бўлиб, кўнгил тусаши, хоҳлашига айтилади. Ушбу ояти каримада одамларнинг кўнглига муҳаббати зийнатланган, иштаҳалари доим тортиб турадиган нарсалар ҳақида сўз кетмоқда).

 

Демак, мол-дунёга бўлган муҳаббат Аллоҳ таоло томонидан инсонларнинг табиатига қўшиб яратилган туйғудир. Фақат бойлик қалбдан жой олмаслиги ҳамда ҳалол йўл билан топилган бўлишлиги шарт.

 

Зеро, Аллоҳ таоло Ўз Каломида шундай марҳамат қилади:

“Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманглар. Магар ўзаро розилик ила тижорат бўлса, майли. Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмлидир”.                                                                                                       (Нисо сураси, 29)

 

Мўминлар, тижорат ёки бошқа Аллоҳ ҳалол қилган йўл билан бойлик топишлари мумкин. Бунинг ҳеч қандай ножўя жиҳати йўқ.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Айюб бир куни яланғоч чўмилаётганида, унинг устига олтин чигирткалар шатирлаб ёғила кетди ва Айюб уларни териб кўйлагига сола бошлади. Шунда Парвардигори унга нидо қилди: “Эй Айюб, Мен сени кўриб турган нарсаларингдан беҳожат қилиб қўймаганмидим?” У: “Ҳа (эй Раббим, шундай қилгансан,) иззатингга қасамки, лекин мен Сенинг барокангдан беҳожат эмасман”, деди” (Имом Бухорий “Жомеъус саҳиҳ”да ва Байҳақий “Сунанул кубро”да ривоят қилган). Айюб алайҳиссалом пайғамбарлардан биридир. Унинг насаби Исҳоқ ибн Иброҳим алайҳиссаломга бориб туташади. Аллоҳ таоло Айюб алайҳиссаломга катта бойлик, мол-дунё ва фарзандлар бергандан кейин мусибат юбориб, синайди. Аммо Айюб алайҳиссалом мусибатларга чиройли сабр қилади. Аллоҳ таоло унинг дуосини қабул қилиб, аввалги мол-дунё ва бола-чақаларини яна қайтариб беради. Бу ҳадисда Айюб алайҳиссалом ҳаётида рўй берган ҳодиса ҳақида сўз боради. Кунларнинг бирида Айюб алайҳиссалом чўмилаётганида, бирдан устига олтин чигирткалар ёғилади. У тез-тез териб, олтин чигирткаларни қўйнига сола бошлабди. Шунда Аллоҳ таоло унга нидо қилиб: “Эй Айюб, Мен сени кўриб турган нарсаларингдан беҳожат қилиб қўймаганмидим?” яъни, ахир Мен сени бой-бадавлат қилиб қўйган бўлсам, яна нега ўзингни бу нарсаларга урмоқдасан, деб хитоб қилибди. Бунга жавобан Айюб алайҳиссалом: “Эй Раббим, шак-шубҳасиз Сен мени бу нарсалардан беҳожат қилиб қўйгансан. Лекин Сен осмондан туширган барака ва файзингдан беҳожат эмасман”, деб жавоб берибди. Ибн Ҳажар ушбу ҳадис ҳақида: “Мазкур ҳадис ҳаққи ва шукрини адо қила оладиган банда учун ҳалол йўл билан бойлик орттириш жоизлигига далолат қилади. Бу ерда “мол-дунё” маъноси “барака” сўзи билан ифодаланиб, шокир ва тақволи бой кишилар фазилатда афзаллиги ҳам таъкидланмоқда”. Ушбу ҳадисдан олинадиган ибратлар:

1 – киши бир ўзи холи қолганида яланғоч чўмилиши жоизлиги. Чунки Аллоҳ таоло Айюб алайҳиссаломга яланғоч чўмилаётгани учун эмас, балки олтин чигирткаларни қўйнига солгани учун танбеҳ маъносида нидо қилди.

2 – Ҳаққи ва шукрини адо қилиш шарти билан бойлик тўплаш мумкинлиги.

3 – Ҳар бир банда Аллоҳнинг хайр-барака ва файзидан баҳраманд бўлишга ҳаракат қилиши.

4 – Қанчалик бой-бадавлат бўлмасин, банда доимо ўзини Аллоҳга муҳтож эканини ҳис қилиб туриши, ўзини зинҳор Аллоҳнинг лутф-карамидан беҳожат эканини даъво қилмаслиги.

Абу Кабша Анморий розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитган экан: “Уч нарсага қасам ичаман ва мен сизларга бир ҳадис айтаман, уни ёдлаб олинглар: банданинг моли садақа билан камаймайди, бир бандага зулм қилинса ва ўшанга сабр қилса, албатта Аллоҳ унинг обрўсини зиёда қилади. Агар банда ўзига тиланчилик эшигини очса, албатта Аллоҳ унга фақирлик эшигини очади (ёки шунга ўхшаш сўз айтдилар). Мен сизларга бир ҳадис айтаман, уни ёдлаб олинглар: Албатта дунё тўрт кишиникидир – бир бандага Аллоҳ бойлик ва илм беради. У Раббига тақво қилади, силаи раҳм қилади ва унда Аллоҳнинг ҳаққини билади. Бу энг афзал даражадир! Яна бир бандага Аллоҳ илм беради, аммо бойлик бермайди. Шунга қарамай унинг нияти тўғри, агар Аллоҳ менга ҳам бойлик берганида фалончининг амалини қилган бўлардим, дейди. У ниятига яраша (ажр) олади ва у иккисининг савоби бир хил. Яна бир бандага Аллоҳ бойлик беради, аммо илм бермайди. У молини илмсиз ҳолида исроф қилади, Раббига тақво қилмайди, силаи раҳм қилмайди ва унда Аллоҳнинг ҳақларини билмайди. Бу энг ёмон даражадир! Яна бошқа бир бандага Аллоҳ бойлик ҳам, илм ҳам бермайди, шунга қарамай, агар менда ҳам бойлик бўлганида фалончининг амалини қилардим, дейди. Бас, у ниятига яраша олади. У иккисининг гуноҳи бир хилдир” (Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти. Абу Исо Термизий ҳадиснинг санадини ҳасан-саҳиҳ, деган). 

 Ҳақиқий мўмин, хоҳ бой, хоҳ камбағал, хоҳ ўртаҳол бўлсин, Аллоҳ таолога ибодат қилади, яхшиликка шукр қилиб, мусибатга сабр этади. Бой ёки камбағал бўлиш уни бандалик вазифаларини адо этишига таъсир қилмайди. Бой бўлса, ҳовлиқиб, камбағаллик вақтида тушкунликка тушмайди. Балки ҳар бири Аллоҳнинг тақдири эканига аниқ ишонади. Доимо Аллоҳга илтижо ва дуода, У Зотнинг зикрида юради. 

 

Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

Read 3448 times
Tagged under

Мақолалар

Top