Мақолалар

Ота-оналар ва улар қилаётган ишларнинг фарзандлар тарбиясига таъсири

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фарзандларни комил инсон қилиб тарбия қилишда, аввало, ота-оналарнинг ўзлари уларга ибрат мактаби бўлишлари лозим. Бу нарса ахлоқий тарбиянинг энг катта омилларидан биридир. 
Дарҳақиқат, ота-она солиҳ бўлса, фақат хайрли ишлар қилса, ширин сўз, камтарин, хушхулқ, қўйингчи, гўзал хулқ соҳиби бўлса, бу нарса нафақат бу дунёда фарзандларнинг чиройли тарбия олишларида муҳим аҳамият касб этади, балки бунинг фойдаси фарзандларга охиратда ҳам тегади.

Шунингдек, ота-онанинг ахлоқсизлиги, ёмон амаллари фарзандлар тарбиясига ўта салбий таъсир кўрсатади. Хўш, тарбияга яхши амалнинг ижобий, ёмон амалнинг салбий таъсир этишига асосий сабаб нима? Бунинг сабаби, аввало, ота-онадаги хайрли амалларнинг баракоти, шу билан бирга Аллоҳнинг уларга амаллари учун ато этган мукофотидир. Қолаверса, халқимизда ҳам "Қуш уясида кўрганини қилади" деган ажойиб ҳикматли сўз ҳам шу тажрибадан келиб чиқиб айтилган. Худди шунингдек, ота-онадаги ёмон феъллар, ахлоқсизликларнинг касри фарзандларга уради ва келажакда ўзининг салбий таъсирини кўрсатади. Шу билан бир қаторда бу нарса Аллоҳнинг ўша ахлоқи бузуқ ота-оналардан ўч олиши, уқубати ҳам ҳисобланади. Яъни, фарзанди катта бўлганда гап қайтарадиган, итоат қилмайдиган, керак бўлса, ота-онасига қўл кўтаришгача борадиган беодоб бўлиб вояга етади. Албатта, бу ота-она содир этган жиноятларнинг фарзандларида акс этишидир. Шундай экан, биз ота-оналар фарзандларимизга, биринчи ўринда, ўзимиз ибрат бўлайлик. 
Мусо алайҳиссалом Хизр алайҳиссалом билан бирга бир қишлоқдан ўтаётганларида у ерда яшовчилардан таом сўрашди, меҳмон қилишларини илтимос қилишди. Қишлоқ аҳли уларни меҳмон қилишдан бош тортдилар. Шунда икковлари йиқилай деб турган бир деворга кўзлари тушди. Хизр алайҳиссалом ҳалиги деворни чиройли қилиб қайтадан қуриб тиклаб қўйдилар. Буни кўрган Мусо алайҳиссалом: "Агар хоҳласанг, бу (ишинг) учун ҳақ олишинг мумкин эди" (Каҳф, 77), деганларида, Хизр алайҳиссалом: "Энди девор эса, шу шаҳардаги икки етим боланики бўлиб, унинг остида улар учун бир хазина бор эди. Уларнинг отаси солиҳ киши эди. Бас, Раббинг улар вояга етиб, Раббингнинг раҳмати бўлмиш хазиналарини чиқариб олишларини ирода қилди" (Каҳф, 82), деб жавоб бердилар. 
Аллоҳ таоло етимларнинг молларини, улар учун тайёрлаб қўйилган хазиналарни қандай асраганига, қандай муҳофаза қилганига бир эътибор қилинг! Нима учун Аллоҳ азза ва жалла ўша молни асради?!! Чунки, ўша етимларнинг оталари солиҳ киши эди! Сиз Аллоҳ асраган мазкур хазина ва моллар ҳаромдан топилган деб ўйлайсизми?!! Йўқ! Оятда отанинг солиҳ эканлиги айтиляптими, демак, солиҳ ота ҳеч қачон ҳаром молу дунё тўпламайди. 
Аллоҳ таоло айтади: "(Васийлар) мабодо заиф (норасида) фарзандларни қолдириб, (вафот этганларида ўзлари ҳам) улардан хавотир олганлари каби, (ўзга етимларнинг ҳаққини ейишда) Аллоҳдан қўрқсинлар ва (уларга) тўғри гапирсинлар" (Нисо, 9). 
Бу оятда Аллоҳга тақво қилиш, етимларнинг молини емаслик, уларга чиройли ва тўғри гапириш ҳақида сўз бормоқда. Бу нарсанинг тарбияга таъсири жуда катта. Чунки, Аллоҳдан қўрқадиган, етимларнинг бошини силаб, уларнинг молларидан ҳазар қилиб, уларга фақат ширин сўзлар айтадиган отанинг фарзандлари ҳам, камида, ўша оталаридек тақводор ва етимпарвар бўлиб етишадилар. 
Муҳтарам ота-оналар! Таомларингизни, ичимликларингизни ҳамда киядиган кийимларингизни ҳалол ва покиза бўлишига эътибор қаратинглар. Токи, фарзандларингизнинг тақводор ва пок инсон бўлишларини сўраб дуо учун кўтарган қўлларингиз пок қўл, қалбларингиз ҳам пок қалб бўлсин. Зеро, Аллоҳ таоло Ўзининг Каломи мажидида: 
"(Қурбонликни) Аллоҳ аслида тақволи кишилардан қабул қилур" (Моида, 27), деган. 
Қурбонлик мисолида барча солиҳ амаллар, дуолар ҳам фақатгина тақволи кишилардан қабул қилинади. 
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Эй инсонлар, албатта, Аллоҳ покдир ва пок нарсанинигина қабул қилади. Аллоҳ таоло пайғамбарларини буюрган нарсага мўминларни ҳам буюрди", дедилар-да, "(Пайғамбарларимизга шундай дедик:) "Эй, пайғамбарлар! Пок (таом)лардан тановул қилингиз ва эзгу (иш) қилингиз! Албатта, Мен қилаётган ишларингизни билувчидирман" (Мўъминун, 51) оятини ҳамда "Эй, имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!" (Бақара, 172) оятини ўқидилар. Кейин айтдилар: "Бир одам узоқ сафарга чиқса, юриб-юриб сочлари тўзиса, уст-боши чанг-тўзонларга беланиб, қўлларини Аллоҳнинг даргоҳига кўтариб: "Эй Роббим!.. Эй Роббим!.." деб дуо қилса-ю, ейдиган таоми, ичадиган ичимлиги, киядиган кийими ҳаром бўлса, ҳаром билан озуқаланса унинг дуоси қандай ижобат бўлсин?!!" Муслим ривояти. 
Ҳурматли ота! Қўлларингиз бировнинг молини ўзлаштириш билан ёки бировга зулм қилиш билан нопок бўлган бўлса, қандай қилиб у қўлларни кўтариб: "Фарзандим солиҳ бўлсин", деб дуо қиласиз?!! 
Ҳурматли ота! Оғзингиз ҳаром луқма билан, ёлғончилик билан, чақимчилик билан, ғийбат билан, бировларнинг обрўсини тўкиш билан, бировларни сўкиш, айблаш, қарғаш билан нопок бўлган бўлса, қандай қилиб у оғиз билан: "Фарзандим солиҳ бўлсин", деб дуо қиласиз?!! 
Ейишингиз, ичишингиз, кийишингиз ҳаром бўла туриб, фарзандларимга чиройли тарбия бераман деб бекорга уринманг! 
Уларнинг ҳақларига қилаётган дуоларимни Аллоҳ ижобат қилади деб ҳам ҳомтама бўлманг! 
Аллоҳ фақат тақводорларнинггина солиҳ амалларини ва қилган дуоларини ижобат қилади! 
Ота-она уйларида Қуръон ўқисалар, хусусан, Фотиҳа, Бақара, Ихлос, Фалақ ҳамда Нос сураларини ҳар куни тиловат қилсалар, бу тиловатни тинглаш учун фаришталар тушишади, шайтонлар эса қочади. Албатта, фаришталар билан бирга сакинат (хотиржамлик) ва раҳмат ҳам тушади. Булар эса фарзандларнинг тарбиясига, уларнинг саломатлигига жуда катта ижобий таъсир кўрсатади. 
Аммо уйда Қуръон ўқилмаса, ота ҳам, она ҳам Аллоҳни кўп эсламаса, у уйдан фақат турли мусиқа-ю, куй қўшиқлар, дунё ва охиратга фойдаси йўқ кўнгилочар ўйинлар, телевизорларда ҳаё ва иффатни унуттирадиган, жанговарликни, қон тўкишни ўргатадиган, маъносиз ҳамда тутуриқсиз сериалу фильмлар жой оладиган бўлса, шайтонлар у ерни ўзларига макон қилиб оладилар. Шайтон бор жойда эса, ҳар куни жанжал, нотинчлик ва бошқа кўнгилсизликлар содир бўлади. Энг асосийси, бу нарсалар фарзандларнинг ахлоқсиз, ҳаёсиз, ор-номусни билмайдиган, вақтнинг қадрига етмайдиган, ота-онасини ҳурмат қилмайдиган, эл-юрт учун керакли инсон бўлишга интилмайдиган, дангаса, урушқоқ бўлиб ўсишига кўмаклашади. Натижада ундай хонадонларда бўлажак жиноятчилар, йўлтўсарлар, текинхўрлар, бир сўз билан айтганда, жамият учун ён унсурлар етишиб чиқади. 
Отасини доим Аллоҳни зикр қилаётган ҳолда кўрган фарзанд зокир, отасининг доим шукр қилаётганини кўрган фарзанд шокир, турли мусибатларга чиройли сабр қилаётган отани кўрган фарзанд эса собир бўлиб етишади. 
Фарзандларини доимо фақиру мискинларга таом беришга ундайдиган, қўлига бир коса овқатни бериб: "Буни фалон қўшнимизга олиб бор" дейдиган ота билан фарзандига: "Мана бу пулга дўкондан сигарет олиб кел" дейдиган отанинг ўртасида осмон билан ерча фарқ бор, албатта. 
Отасининг доимо азон айтиб, Қуръон ўқиб юрганини кўрган, эшитган фарзанд ҳам шу нарсаларга ўрганади. 
Отасининг доим қўшиқ ҳиргойи қилиб ёки сўкиниб юрганини кўрган фарзанд ҳам шу нарсаларга ўрганади. 
Ота-оналар ўзларининг ота-оналарига қандай муомалани қилсалар, буни кўрган фарзандлари ҳам эртага уларга худди шундай муомалани қайтаради. Бу исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир! Чунки, ўғил отасидан, қиз эса онасидан иқтибос олади. 
Отасининг тунда намоз ўқиб, Аллоҳдан қўрқиб йиғлаётганини кўрган фарзанд ичида: "Нега отам тунда иссиқ ўрнидан туриб, ташқарига чиқиб, муздек сувда таҳорат олиб, намоз ўқияпти?", "Нима учун отам йиғлаяпти?", "Нима учун отам берилиб дуо қиляпти?" деб ўйлайди. Шу саволлар унинг миясида айланади. Охир оқибат у ҳам, Аллоҳнинг изни билан, отасидан намуна олади. 
Шунингдек, онасининг доимо бегона эркаклардан тўсилиб, уларга кўринмасликка ҳаракат қилаётганини, бундай қилишига, аввало, Аллоҳнинг буйруғи, қолаверса, ўзининг ҳаёси, иффати, ва бошқа нарсалар сабаб бўлаётганини билган қиз мазкур онадан худди шу нарсаларни ўрганади. 
Онасининг доимо очиқ-сочиқ кийимларда юрганини, эркаклардан ҳам уялмай, улар билан бемалол гаплашаётганини, оғзини тўлдириб кулаётганини, номаҳрамларнинг олдида рақс тушаётганини кўрган қиз ҳам онасидан мана шу нарсаларни таълим олади. 
Муҳтарам оталар! Муҳтарама оналар! Фарзандларингизга айтаётган панду насиҳатларингизга олдин ўзларингиз амал қилинглар. Зеро, Роббимиз шундай марҳамат қилади: 
"Эй, имон келтирганлар! Сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани (қилдик ёки қиламиз деб) айтурсиз?! Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни (қиламиз, деб) айтишингиз Аллоҳ наздида катта нафрат (боиси)дир" (Саф, 2-3). 
Фарзандларни бир яхшиликка буюриб, ўша ишни ўзлари қилмаса, ёки аксинча, уларни бир ёмон ишдан қайтариб, ўша ишни ота-онанинг ўзи қилса, бу улар учун улкан ор, катта шармандалик ҳамда нафрат белгисидир. 
Фарзандларимизни тарбия қилишда ўзимиз энг гўзал намуна, энг гўзал ибрат бўлайлик. 
Фарзанд тарбиясида ота-она қушга эмас, бамисоли қўйга ўхшаши керак. Хўш нега? Чунки, қуш ошқозонида олиб келган, ҳали ҳазм бўлмаган нарсани оғзидан чиқариб, полапонларига едиради. Қўй бўлса, аввал овқатни ўзи ейди, баданига сингдиради, кейин ўша еганидан ҳосил бўлган сут билан қўзиларини овқатлантиради. 
Аллоҳ барчамизни фарзандларимизга ахлоқий тарбия беришда гўзал намуна ва ўрнак бўлишимизни насиб этсин! Омин!

Абу Абдуллоҳ Мустафо ибн ал-Адавий, 
"Фарзандларни тарбия қилиш фиқҳи" китобидан таржима
Таржимон: Нозимжон Ҳошимжон

Read 3607 times

Мақолалар

Top