Мақолалар

Ҳамма нарса одамлар учун!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Менинг одатим, агар пиёда юришга кучим етса, машинага чиқмайман. Агар қуёш нури остида юришга кучим етса, соя-салқин жойда юрмайман. Бу Ливаннинг қуёши бўладими, Ҳиндистоннинг қуёши бўладими, фарқи йўқ. Бугун ҳаво кечагидан ҳам иссиқроқ. Ишдан қайтар эканман, бўйнимдаги галстукни ечиб, ўраб, чўнтагимга солиб қўйдим. Йўлда кетаётсам, ёнимдан ўзим яхши кўриб, ҳурмат қиладиган бир дўстим ўтиб қолди. Лекин, у урф-одатларга жуда қаттиқ амал қиладиган одам эди. Шунинг учун у одамларни рози қилишга зоҳид банда Аллоҳни рози қилишга интилгандан ҳам кўпроқ интиларди. Ҳали саломлашиб улгурмасимизданоқ у менга дарғазаб ҳолатда тикилиб турдида: “Нега бундай қилдингиз?” деди. Мен қўрқиб кетиб: “Нима қилдим?” дедим. Кейин ўзимча ўйлай бошладим: “Ислом динида бирор янгилик пайдо қилдимми? Ёки бирор кечирилмас жиноятга қўл урдимми?” Эслолмагач, унга: “Биродар, тушунтириброқ гапиринг, нима гап ўзи? Мен ҳақимда қандай хабар эшитдингиз? Эҳтимол, мен ҳақимда сизга ёмон гап айтган одам фосиқ ёки ёлғончидир?!” дедим. У: “Менга ҳеч ким ҳеч қандай ёмон хабар етказмади. Ўзим кўриб турибман” дедида, бўйнимга ишора қилди. Мен: “Нимани айтяпсиз?” десам, у: “Галстугингиз қани? Нега уни тақмай юрибсиз? Сиздек одамга шу иш ярашадими? Одамлар кўрса, нима дейди?” деди. У билан суҳбатни йиғиштирдим-да, бир четга ўтириб, ўйлай бошладим. Демак, биз ҳамма нарсани одамлар учун қилар эканмиз-да! Ўзимизни ўзимиз ҳар куни шу галстук билан бўғамиз. Ёзнинг чидаб бўлмас жазирама кунларида ҳам одамларнинг кўзи учун ўша “арқон”ни боғлаб, қийналиб юрамиз.

 

Аёллар ҳам баланд пошнали туфли кийиб юришади. Эҳ, у туфлида юриш нақадар азоб эканлигини билсангиз эди! Агар сизга айтсам, дорбознинг арқонида юриш ўша туфлида юришдан осонроқ! Ишонмаяпсизми, унда оёқ бармоқларингизнинг учи билан юз қадам юриб кўринг! Бунинг устига ўша баланд пошна аёлнинг болдир мушакларини таранглаштириб, ҳунук қилиб кўрсатади. Бундай пойабзални кийишда ҳеч қандай маъно, ҳеч қандай гўзаллик йўқ. Бу фақат одамлар учун! 

Бир куни бекатда трамвай кутиб турган аёлни кўрдим. Бекатда бўш жойлар бор эди. Ўтирган аёллардан бири уни ҳар қанча ўтиришга ундамасин, ҳалиги аёл барибир ўтирмади. Кейин маълум бўлишича, у этаги жуда ҳам тор кўйлак кийган экан. У кўйлакда ўтириш у ёқда турсин, юриш ҳам жуда қийин экан. Уни кийган аёл худди икки оёғи бир-бирига боғлаб қўйилган маҳбусдек кичик-кичик қадам ташлаб юрар экан. Яна уни кийган аёл трамвайга чиқмоқчи бўлса ҳам этагини тиззасигача кўтариб, кейин чиқар экан. Шунинг учун бекатдаги бўш жойга ўтиролмай, тик турган экан. Хўш, нима учун ўша аёл ўзини бунчалар қийин аҳволга солиб, азоблаяпти? Албатта, одамлар учун! 

Баъзи бир йигитлар сартарошхоналарда сочларини замонавий услубда тартибга келтиради (причёска қилдиради). Бунга хатто соатлаб вақтини, пулини сарфлайди. Кейин кун бўйи қаттиқроқ шамол эсиб қолишидан ёки автобусдаги тиқилинчда бирорта бегона қўл бехосдан тегиб кетиб, бошидаги “санъат асарини” бузиб юбормаслигидан хавотирланиб юради. Мабодо, боши қичишиб қолса ҳам кун бўйи қашинишдан ўзини тийиб, ҳаммасига чидаб юради. Хўш, нима учун у шунча хавотирга тушиб, азобга чидаяпти? Албатта, одамлар учун! Ҳамма яхши нарсаларимиз одамлар учун! 

Аёл киши одамларга чиройли гапиради, хушмуомала бўлади. Меҳмонларини ва дугоналарини очиқ юз, ширин сўз, юксак одоб ва табассум билан қарши олади. Эрини эса, фақат қовоғи солиқ, хўмрайган, пешонаси тиришган, кайфияти тушган ҳолда, қўпол сўзлар билан кутиб олади. Ҳа, эрига мана шундай муомала қилади! 

Аёлнинг барча зийнатлари ҳам одамлар учун! Агар кўчага чиқса, кўчадагилар учун безаниб, зийнатланиб, бўяниб чиқади. Эрига эса, нуқул сочлари тўзиган, юзлари безрайган, кийимларидан чала доғ бўлган ёғнинг, пиёз ва саримсоқпиёзнинг ҳиди анқиб турган ҳолда кўринади. Ҳа, эрига мана шундай ҳолатда кўринади! Эри бечора ҳамма нарсани ўзи учун эмас, кўчадагилар учун олиб берган экан-да!  

Меҳмонлар келса, меҳмонхонада, безатилган дастурхон атрофида, энг тоза ва қиммат идишларда овқат ейилади. Агар меҳмон келмаса, ошхонанинг ўзида, эски дастурхон атрофида, лаби учган коса ва ликобларда овқат ейилади. 

Ётоқхонада ҳам чиройли безатилган икки кишилик диванлар, унинг устига тоза, оппоқ чойшаблар тўшалган бўлади. Албатта, бу гўзаллик эрим кўриб, ҳурсанд бўлсин, деган мақсадда қилинмайди. Балки, келадиган меҳмонлар кўриб, ҳавас қилишлари учун шундай қилинади. Бу дивану гўзалликларнинг ҳақиқий эгаси эса эски, тит-пити чиқиб кетган кўрпада, ташқаридаги кичикроқ темир каравотда ётади. Ўзимизни қийнаймиз, бўйинларимизни, оёқларимизни боғлаймиз. Ҳамма қийинчиликларга чидаймиз. Бу чидашлар ким учун? Одамлар учун! 

Агар қизимизни турмушга бермоқчи бўлсак, унинг ва бўлажак эрининг фойдасини, бахтини ўйламаймиз. Уларнинг қандай оила қуришлари ҳақида бош қотирмаймиз. Балки, бир кунда ўтадиган тўй ҳақида, ўша тўйга келадиган одамларни рози қилиш ҳақида ўйлаймиз. Қизимиз билан бир умр бирга яшашга бел боғлаб турган куёв бўлмишнинг хулқи, табиати, диёнати ҳақида сўрамасдан, балки, жигаргўшамизга қанча маҳр беришини сўраймиз. Ахир тўйдан кейин ҳаммага: “Куёв қизимга ўнг минг доллар маҳр берди” деб мақтаниб юришимиз керак-да! Яна куёв томон қандай жиҳозлар беришини сўраймиз. Ахир қўни-қўшни, қариндош-уруғлар бу жиҳозларни кўриб “оғзилари очилиб” қолиши керак-ку, тўғрими?!! 

Тўйда шу қадар исрофга йўл қўямизки, Раҳмонни эмас, шайтонни рози қилишга мусобақа қиламиз. Атиги бир кунгина кийиладиган келинлик либоси учун қанчадан-қанча маблағни сарфлаб юборамиз. Келиннинг пардоз-андоз қилиши учун ҳам белимиз оғримай пул сочамиз. Хўш, шуларнинг ҳаммаси ким учун? Қизимизнинг бахти, фойдаси учунми? Йўқ, албатта! Савоб ва жаннат учунми? Яна, йўқ! Унда ким учун? Одамлар учун! 

Одамлар шундан кейин ҳам сиздан рози бўлишмайди. Чунки, сиз ҳар қанча пул сарфлаб уларга ёқишга ҳаракат қилманг, уларнинг орсида сиздан ҳам кўпроқ пул сарфлайдиганлар бор. Одамлар ана шундай пул сарфлайдиганларни кўрганда, сизнинг тўйингиз ҳақида: “Шу ҳам тўйми?!!”, “Шу ҳам дабдабами?!!” “Фалончи тўйига бунча сарфлабди”, “Фалончи қизининг келинлик либосини бунчага олиб берибди” каби гапларни айтишади. Хўш, ўшанда сизнинг қилган шунча ҳаракатларингиз қаерга кетади? Ахир сиз ҳаммасини одамлар учун қилган эдингиз-ку! 

Мотамлар ҳам тўйлар каби исрофда мусобақа қилинадиган маросимларга айланиб қолди. Кошки эди ўша тўй ва мотамларда бўладиган беҳуда мол сарфлашнинг зарари мазкур маросимларнинг эгаларигагина бўлса! Йўқ, бундан камида ўттизта оила зарар кўради. Ойлик маошга кун кўрадиган бечора эр топган пулини оиласининг нафақасига зўрға етказади. Маоши ҳам уч юз мингдан ошмайди. Кўрпаси билан бошини ўраса, оёғи очилиб қолади, оёғини ўраса, боши очилиб қолади. Кунларнинг бирида шу аҳволда яшаётган бечоранинг хотинининг тоғасининг хотинининг аммаси оламдан ўтиб қолади. Хотинининг ўша “қариндоши”никига боргиси келиб қолади. “Дарров менга мотамга кийиб боришим учун қора кўйлак олиб беринг” деб туриб олади. Эр хотинига: “Барака топгур, бизнинг моддий аҳволимиз қора кўйлак сотиб олишга ярамайди” деса, хотини йиғлаб: “Қора кўйлагим бўлмаса, вафот этган марҳума “қариндошим”никига қандай бораман? Одамлар нима дейди?!” дея эътироз билдиради. Ваҳоланки, ўша марҳуманинг ёши етмиш тўққизда бўлиб, тириклигида уни кўргани олти йилдан бери бормаётган хотиннинг энди боргиси келиб қолади. У кўйлак ҳам камида юз минг сўм туради. Эссиз, энди болалар ўн кун овқат емайдиган бўлишди. Афсус... 

Мадрасада дарс тайёрлаётган бўлсангиз ёки ишчиларингизга хизмат ҳақи беришга чоғланиб турган бўлсангиз ёки ўлим тўшагида ётган қизингизни шифохонага олиб кетаётган бўлсангиз ёхуд олдингизда қилиниши лозим бўлган муҳим бир иш турганда, тўсатдан, кутилмаганда битта бекорчи танишингиз келиб, сизни вақтингизни олмоқчи бўлади. Сиз унга “Ҳозир вақтим йўқ, кейинроқ гаплашамиз” дея кўрманг! Акс ҳолда, одамлар сиз ҳақингизда танқид билан гапиришади! 

Агар қўшнингиз миллионларга қодир бой одам бўлса, уйига янги, замонавий музлаткич, кир ювиш машинаси, узунлиги саккиз метр, эни беш метрли гилам олиб келган бўлса, сиз ҳам ўшандайини сотиб олинг! Нима? “Ахир мен ойликка кун кўрадиган одамман-ку!” деяпсизми? Ойликка кун кўрсангиз нима бўпти, ўғрилик қилинг, қароқчилик қилинг, қаердан бўлса ҳам пул топиб, ўша матоҳларни сотиб олинг! Бўлмасам сиз ҳам одамларнинг оғзига тушиб қоласиз. 

Агар чет элда ишлайдиган фалончи бизнесменнинг хотини тўй қилиб, ўша тўйга сизнинг аёлингизни ҳам таклиф қилган бўлса, аёлингиз у ерда товус гўшти, махсус рейс билан хориждан келтирилган ажабтовур ширинликлар ва бошқа ғаройиб егуликлар еган бўлса, сиз ҳам бир кун келиб тўй қилганингизда ўшандай нарсаларни қўйишни унутманг. Акс ҳолда, одамлар гапиришади! 

Хулоса шуки, сизнинг ўтиришингиз, туришингиз, ейишингиз, кийишингиз, уйингиздаги тўшагингиз, кундалик харажатларингиз одамлар хоҳлагандек бўлсин! Агарчи, маънан қийналсангиз, бўғилсангиз, азобга қолсангиз, бахтингизга, молингизга талофат етса ҳам. Ўзингизни ёқсангиз ҳам шундай қилишга урининг. Бўлмаса, одамлар сизни танқид қилишади! 

 Одамлар, ўша-ўша одамлар! Эй инсонлар, қачон ўзимиз учун яшаймиз?!! Қачон шариат ва ақл чегарасида тўхтаймиз?!! Маъно-мазмунсиз “урф-одатлар”ни синдириб, ҳаётимиздан суғуриб олиб ташлайдиган ақллилар, кучлилар ичимиздан қачон чиқади?!! 

Аммо, мен бундай “урф-одатлар”га умуман парво қилмайман. Лекин, насиҳатимни эшитишни истаган киши учун бир нарсани айтмоқчиман: “Азизлар, келинглар, аввало, динимизга эргашайлик! Ҳаром ишга асло қўл урмайлик! Кейин ақлимизга қулоқ солайлик! Шариатимиз яхши деб айтган ишларни қилайлик! Ёмон деб айтган ишлардан сақланайлик! Кўрпамизга қараб оёқ узатайлик! Зарурий нафақага зиқналик қилмайлик-да, бойларнинг бойи бўлсак ҳам қолган харажатларни тарк қилайлик! Модомики, шариатимизда ман қилинган ҳаром ишни қилмаяпмизми, одамларнинг гапидан қўрқмайлик! Одамлар илгари ҳам гапирган, ҳозир ҳам гапиряпти, бундан кейин ҳам гапираверади, гапираверади! Ахир Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида нима дейишди? “Мажнун” дейишмадими?!! “Сеҳргар” дейишмадими?!! “Ёлғончи” дейишмадими?!! Ваҳоланки, у зот “Саййидул башар”, “Хотамул анбиё” эдилар. 

Шундай экан, одамлар сиз ҳақингизда истаганларини гапиришсин! Сиз эса, одамларнинг ғазабидан, танқидидан эмас, Аллоҳнинг ғазабидан қўрқинг! Агар Аллоҳни рози қиладиган иш қилган бўлсангиз, одамлар сиз ҳақингизда нима дейишларига асло парво қилманг!” 

 

 

Али Тантовийнинг “Ҳамма нарса одамлар учун” мақоласи,
Нозимжон Ҳошимжон таржимаси.

 

Read 2844 times

Мақолалар

Top