Мақолалар

Миск қаердан олинади?

Шимолий минтақаларда майда туёқли, кийиксимонлар оиласига мансуб кичик жуссали ҳайвон яшайди. Бу кийикнинг лотинча номи Moschus moschiferus бўлиб, у “миск чиқарувчи кийиклар” турига киради.

Танасининг узунлиги 1 метр, думи 4-6 сантиметр, ердан баландлиги 70 сантиметр, вазни 11-18 килограмм келади. Орқа оёқлари олд оёқларидан бироз узунроқдир. Эркагининг юқори лаблари остидан  7-9 сантиметр узунликдаги тишлари чиқиб туради. Ушбу жонзотлар Шарқий Сибир, Шарқий Ҳимолай, Тибет, Сахалин ороли ва Кореяда тарқалган бўлиб, асосан тоғлардаги қояларда яшайди. Шунингдек, уларда миск ишлаб чиқарадиган безлар мавжуд.  Ушбу без жигарранг тук билан қопланган тери халтачаларда жойлашган.

Миск кийикнинг қорин (киндик) қисмида шаклланади. Кейин ўша ердаги қўнғирранг тери халтачаларга тўлгач, кийик харсангтошга қорнини ишқайди. Ишқаланиш натижасида киндик атрофидаги халтачалар ичи тўла миск билан ерга тўкилади. Унинг ранги қора бўлади. Миск изловчилар тоғлардан ана шу халтачаларни териб келадилар.

Вояга етган эркак кийикнинг битта безида 10-20 грамм табиий миск мавжуд бўлиб, қимматбаҳо маҳсулот ҳисобланади. Мискнинг кимёвий таркиби жуда мураккаб: ёғ кислоталари, мум, ароматик ва стероид бирикмалар ва холестерин эстерлари. Миск ҳидининг асосий ташувчиси макроциклли миск кетонидир.

Ушбу мискни халқ тилида мушк ҳам дейилиб, парфюмерия саноатида ҳамда тиббиётда ишлатилади. Қадимда араблар ва тибетликлар мискдан эркаклик жинсий қувватини оширишда фойдаланишган.

“Миск” калимаси Қуръони Каримнинг Мутоффифин сурасининг 25-оятида Аброрларнинг васфида келган.

Ибн Шиҳоб раҳимаҳуллоҳ Анас розияллоҳу анҳудан қилган ривоятида: “…Сўнг жаннатга киргизилдим, қарасам унда маржондан бўлган қуббалар бор экан. Ва тупроғи миск экан…”, – деб айтилади. Муттафақун алайҳ.

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Иминжонов тайёрлади

 

Read 4153 times
Tagged under

Мақолалар

Top