Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Муҳаммад ибн Мункадир раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Акам тунни намоз ўқиб ўтказди. Мен онамнинг оёқларини ушлаб ўтказдим. Менинг туним ўзимни ҳурсанд қилганчалик унинг туни мени ҳурсанд қилмади”.
Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ота-оналарига яхшилик қилувчи инсон эдилар. У зот уларнинг ҳаққига дуо қилиб, истиғфор айтар эдилар. Ҳар ойда ота-оналари номидан йигирма динор садақа қилардилар. У зот ўзлари ҳақида қуйидагиларни айтадилар: “Баъзан онамни Умар ибн Заррнинг мажлисига олиб борардим. Баъзан онам менга у кишига бориб, бирор масаланинг жавобини сўраб келишимни буюрарди. Мен бориб, у зотга ўша масалани зикр қилардим. У зотга: “Онам мени сиздан фалон-фалон нарсаларни сўрашимни буюрди” дердим. Шунда у киши: “Сендек бир одам мендан бу масалани сўрайдими?!” дердилар. Мен: “Онам шунга амр қилди” дердим. Шунда у зот: “Унинг жавоби қандай бўлади? Сен ўзинг менга айт, кейин мен сенга айтаман” дердилар. Мен у кишига жавобни айтардим. Кейин у киши ўша жавобни ўзимга қайтариб айтардилар. Мен онамга келиб, у жавобни айтардим. Бир сафар онам мендан бир нарсани сўради. Мен жавоб бердим. У киши жавобимни қабул қилмади ва: “Заръа воизнинг сўзинигина қабул қиламан” деди. Мен онамни Заръа воизнинг олдига олиб бориб: “Онам сиздан шу-шу нарсаларнинг жавобини сўраяпти” дедим. Шунда у киши: “Сен мендан билимдонроқ ва фақиҳроқсан-ку! Ўзинг фатво бер!” дедилар. Мен: “Шундай деб фатво бераман” дедим. У киши: “Жавоб Абу Ҳанифа айтган сўздир” дедилар. Онам рози бўлиб, ортига қайтди”.
Ибн Ҳидож раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Мен Саид ибн Мусайяб раҳимаҳуллоҳга: “Қуръонда келтирилган ота-онага яхшилик қилишнинг барчасини тушундим. Фақат “Уларга карамли сўз айт!” деган оятни тушунмадим. Карамли сўз нима ўзи?” дедим. Шунда Саид ибн Мусайяб раҳимаҳуллоҳ: “Гуноҳкор қулнинг дарғазаб, қўпол хўжайинига айтган гапидир” дедилар”.
Абу Бурда айтади: “Яманлик бир киши онасини бўйнига кўтариб, Байтни тавоф қилдирарди. Тавоф асносида: “Мен онамнинг инжиқ туясиман. Туя минган онам саросимага тушса-да, мен тушмасман” дер эди. Кейин у: “Унинг ҳаққини адо қилдимми?” деди. Шунда Ибн Умар розияллоҳу анҳу: “Йўқ! Тўлғоқ оҳларидан биттасини ҳам адо қилмадинг” дедилар”.
Фазл ибн Яҳё отасига ўта меҳрибон эди. У отаси билан бирга қамоққа тушиб қолди. Отаси Яҳё доим илиқ сувда таҳорат қиларди. Қамоқхона ходими уларни совуқ кечаларда ташқаридан ўтин олиб киришга қўймади. Яҳё уйқуга кетганда, Фазл ўрнидан турди-да, идишни олиб, уни сувга тўлдирди. Кейин уни чироққа яқин тутиб турди. Қўлидаги идиш билан тик турган ҳолда тонг оттирди.
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳдан ота-онага яхшилик қилиш ҳақида сўралди. У зот: “Қўлингдаги барча нарсангни улар учун сарф қилмоғинг, сенга буюрган маъсиятдан бошқа барча ишларида уларга итоат этмоғингдир” деб жавоб бердилар.
Ибн Уяйна раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Ким беш вақт намозни ўқиса, Аллоҳ таолога шукр қилибди. Ким намозларнинг ортидан ота-онасининг ҳаққига дуо қилса, уларга ташаккур айтибди”.
Бир донишманд деди: “Отангга қара, ўғлинг ҳам сенга қарайди”.
Аҳмад раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Ота-онага яхшилик қилиш кабира гуноҳларга каффоратдир”.
Урва ибн Зубайр раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Ким отасига тикилиб қараса, унга яхшилик қилмабди”.
Умар ибн Зарр раҳимаҳуллоҳ вафот этганда, отаси Заррдан: “Унинг сиз билан бирга юриши қандай эди?” деб сўралди. Отаси деди: “Мен билан кечқурун бирга юрса, олдимда юрарди. Мен билан кундузи бирга юрса, ортимда юрарди. Мен остида турган томга ҳеч ҳачон чиқмаган”.
Али ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳу оналари билан бирга бир дастурхондан таом ейишдан қўрқардилар. У кишидан бунинг сабаби сўралганда, “Онамнинг кўзлари тушган нарсага қўлимни чўзиб, оққ бўлиб қолишдан қўрқаман” деб жавоб берган эканлар.
Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан икки киши бу уммат ичида онасига энг кўп яхшилик қилувчилар эди. Булар Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ва Ҳориса ибн Нуъмон розияллоҳу анҳу. Усмон шундай деган: “Мусулмон бўлганимдан бери онамга тикилиб қаролмадим”. Ҳориса эса онасининг бошидан ҳашаротларни излар, унга қўли билан таом едирар, онаси буюрган иш ҳақида бирор гап сўрамас, ташқарига чиққандан кейин онасининг ёнида турган кишидан: “Онам нимани истаяптилар?” деб сўрар эди”.
Каҳмас ҳар куни икки дониқ (арзимас пул) эвазига гипс пиширадиган жойда ишларди. Кеч тушгач, ўша пулига мева сотиб олиб, онасига олиб борарди.
Каҳмас чаённи ўлдирмоқчи бўлганда, у бир ковакка кириб кетди. Каҳмас унинг ортидан ўша ковакка қўлини тиқди. Шунда чаён уни чақди. Унга: “Ковакка нега қўлингизни киритдингиз?” дейишди. У: “Ковакдан чиқиб, онамнинг олдига бориб, уни чақиб олишидан қўрқдим” деб жаво берди.
Баъзи уламолар шундай дейишган: “Ким отасини ҳурмат қилса, умри узун бўлади. Ким онасини ҳурмат қилса, уни ҳурсанд қиладиган нарсани кўради. Ким ота-онасига тикилиб қараса, уларга оққ бўлади”.
Имом Заҳабий ўзининг “Сияру аъламин нубала” асарида қуйидагиларни келтиради: “Бундор (ёки Қундор ёки Бундон) муҳаддис эди. У Басра ҳадисларини жамлаган эди. Онасига яхшилик қилиб, илм сафарига чиқмади. Абдуллоҳ ибн Жаъфар Марвазий айтади: “Мен Бундорнинг шундай деганини эшитдим: “Сафарга чиқмоқчи бўлдим. Онам манъ қилдилар. Бас, онамга итоат қилдим. Натижада менга илмда барака ато қилинди”.
Ибн Авн айтади: “Муҳаммад онасининг олдида турганда, уни ташқаридан бир одам кўрса, овозининг жуда пастлигидан касал шекилли деб ўйларди”.
Яна Ибн Авн айтади: “Бир киши Муҳаммад ибн Сириннинг олдига кирди. У онасининг ҳузурида эди. Кириб: “Муҳаммадга нима бўлди? Бирор нарсадан (касалликдан) шикоят қиляптими?” деб сўради. Кишилар унга: “Йўқ, Муҳаммад онасининг ҳузурида шундай аҳволда туради” деб жавоб беришди”.
Ҳишом ибн Ҳассон айтади: “Менга Ҳафса бинт Сирин шундай деди: “Муҳаммад ибн Сириннинг онаси ҳижозлик эди. У рангни ёқтирарди. Агар Муҳаммад онасига кийим сотиб олмоқчи бўлса, энг рангдорини сотиб оларди. Агар ийд бўлса, онасининг кийимини бўятиб берарди. Онасига овозини кўтариб гапирганини бирор марта кўрмаганман. Агар онасига гапирса, тинглаётган кишидек (бошини қуйи солиб) гапирарди”.
Омир ибн Абдуллоҳ айтади: “Отам (Абдуллоҳ ибн Зубайр) вафот этди. Мен тўлиқ бир йил давомида фақат Аллоҳдан уни афв этишини сўрадим”.
Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ибн Ҳанафийя онасининг бошини хитмий (совунга ўхшаш хушбўй нарса) билан ювиб, тараб, (ҳино билан) бўяб қўярди”.
Иёс ибн Муовиянинг онаси вафот этганда, у йиғлади. Ундан: “Сизни нима йиғлатди?” деб сўрашди. Шунда у: “Менинг жаннат сари очилган иккита эшигим бор эди. Улардан бири беркилди” деб жавоб берди.
Ҳориса ибн Нўъмон розияллоҳу анҳунинг саломига Жаброил алайҳиссалом алик олган эди. Унинг овозини Набий алайҳиссалом жаннатда эшитган эдилар. Аллоҳ таоло унинг жаннатлардаги ризқига кафил бўлган эди. У яхшилик ва эҳсонда ўрнак бўлган, онасига яхшилик қилишда зарбулмасал бўлган зот эди. Ҳориса ибн Нўъмон розияллоҳу анҳу мусулмонлар орасида Мадинага илк сафар қилган Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳунинг даъвати натижасида исломни қабул қилди. У билан бирга унинг онаси Жаъда бинт Убайд ҳам, барча оила аъзолари ҳам исломни қабул қилдилар. Ҳориса розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломнинг Мадинага ҳижратларини интизорлик билан кутди. Набий алайҳиссалом Мадинага келиб, Абу Аюб Ансорий розияллоҳу анҳунинг уйига тушганларида жуда ҳурсанд бўлди. Чунки, у ҳам Бани Нажжор уруғидан эди. Бу билан Набий алайҳиссаломга яқин бўлиш бахтига эришди. У тез-тез Пайғамбар алайҳиссаломнинг олдиларига қатнар, у зотнинг хулқларидан, илмларидан, суннатларидан кўпроқ насиба олишга уринарди. Ўзидаги бор нарсасини, молини, жонини у зот алайҳиссаломга фидо қилишни бутун вужуди билан истар эди. Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ухладим. Тушимда ўзимни жаннатда кўрдим. Шу пайт Қуръон ўқиётган кишининг овозини эшитдим. “Ким бу?” деб сўрадим. “Бу Ҳориса ибн Нўъмон” дейилди”. Набий алайҳиссалом Оиша розияллоҳу анҳога: “Бунинг сабаби яхшилигидир. Бунинг сабаби яхшилигидир” дедилар”. У зот одамлар орасида онасига энг кўп яхшилик қилувчи киши эди.
Ҳорис ибн Абдуллоҳ Сақафий розияллоҳу анҳу ҳам онасига яхшилик қилиши билан машҳур бўлган саҳобалардан эди. Онасининг исми Ҳунайда ёки Кинна эди. Кинна Ямандаги араб қабилаларидан бирида туғилди. Унинг қабиласи қул ва чўрилардан ташкил топган эди. Шунинг учун Кинна ҳам чўри эди. Ҳорис розияллоҳу анҳу онасининг қабиласига тегишли барча қул ва чўриларни сотиб олиб, озод қилди. Бу ишни онасига яхшилик қилиш учун амалга оширди.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу болалигидаёқ исломни қабул қилди ва отаси билан бирга Мадинага ҳижрат қилди. Кичик бўлгани учун Бадр ва Уҳуд жангларида иштирок этмади. Унинг илк қатнашган жанги Хандақ ғазоти бўлди. У дарахт остидаги Ризвон байъатининг аъзоларидан бири эди. У Пайғамбар алайҳиссаломдан, ўз отаси Умар розияллоҳу анҳудан, Абу Бакр, Усмон, Али, Билол, Суҳайб, Омир ибн Робиъа, Зайд ибн Собит, Саъд, Ибн Масъуд, Усмон ибн Талҳа, синлиси мўминлар онаси Ҳафса, мўминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳум каби зотлардан ҳадис ривоят қилди. Шунингдек, у зотдан ҳам кўплаб тобеинлар ҳадис ривоят қилишган. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ у зот ҳақида шундай деганлар: “Бизнинг наздимизда Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан кейин инсонларнинг имоми Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудир. У зот олтмиш йил одамларга фатво бериб турдилар”. Бунинг ҳеч ажабланадиган жойи йўқ. Зеро, Набий алайҳиссалом у кишининг солиҳ инсонликларига гувоҳлик бериб: “Албатта, Абдуллоҳ солиҳ кишидир” деганлар. У киши оталарига ҳаддан зиёда яхшилик қилувчи эдилар. Бу яхшилик оталари ҳаётлик чоғида ҳам, вафотларидан кейин ҳам давом этди.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу шундай дейдилар: “Менинг бир хотиним бор эди. Уни яхши кўрардим. Умар эса уни ёқтирмас эди. Бир куни Умар: “Уни талоқ қил!” деди. Мен бош тортдим ва буни Набий алайҳиссаломга айтдим. У зот: “Отангга итоат эт ва уни талоқ қил!” деб амр қилдилар. Бас, мен уни талоқ қилдим”. Ҳа, у отасига итоат қилиб, яхши кўрган хотинини талоқ қилди. Отаси Умар розияллоҳу анҳу вафот этгандан кейин ҳам Ибн Умар унга яхшилигини давом эттирди.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу бир куни Маккага сафарга чиқди. Унинг бир эшаги бўлиб, узоқ йўлга чиққанда минарди. Бошида салла ҳам бор эди. Йўлда кетаётганида ёнидан бир аъробий ўтиб қолди. Абдуллоҳ унга: “Сен Фалончининг ўғли Фалончимисан?” деди. У: “Ҳа, шундай” деб жавоб берди. Шунда Абдуллоҳ дарҳол эшагидан тушиб, ўша аъробийни унга миндирди. Бошидаги саллани ечиб, унга узатди. Ҳамроҳлари у кишига: “Аллоҳ сизни мағфират қилсин. Бир аъробийга ўзингиз миниб турган эшакни, бошингиздаги саллани берасизми?!” дейишди. Шунда Абдуллоҳ ибн Умар: “Мен Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг: “Яхшиликнинг энг яхшиси кишининг отаси вафот этгандан кейин унинг дўстларининг аҳлига яхшилик қилишидир” деяётганларини эшитганман. Бу аъробийнинг отаси Умар розияллоҳу анҳунинг дўсти эди” деб жавоб берди.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу бир сафар Каъбанинг ёнида ўтирганида бир яманлик одамнинг ўз онасини елкасига миндириб тавоф қилдираётганини кўрди. Тавоф қилдириб бўлиб, онасини елкасидан туширди. Ибн Умар ўша одамни чақирди. У келгач, ундан: “Бу аёл сенга ким бўлади?” деб сўради. “Онам бўлади” деб жавоб берди халиги киши. Шунда Ибн Умар розияллоҳу анҳу: “Агар менинг ҳам онам бўлганида, сен тавоф қилдирганингдек уни тавоф қилдирардим. Менинг бу дунёда шу иккита шиппагимдан бошқа ҳеч нарсам йўқ” деди. У киши мингдан ортиқ кишиларни қулликдан озод қилди. Жуда кўп инфоқ қиларди. Одамларнинг энг саховатлиси эди. Ҳижратнинг 74 йили Маккада 85 ёшида вафот этди. Аллоҳ у зотдан рози бўлсин!
Ҳишом ибн Ҳассон айтади: “Мен Ҳасан Басрийга шундай дедим: “Онам кечки овқатни ейиш учун мени кутиб турганларида мен Қуръон ўрганаман”. Шунда Ҳасан Басрий: “Онанг билан кечки овқатни бирга еб, унинг кўзини қувонтиришинг мен учун нафл ҳаж қилишингдан маҳбуброқдир” дедилар”.
Имом Ибн Маҳдий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Мен Абдуллоҳ ибн Авн билан йигирма тўрт йил суҳбатдош бўлдим. У ота-онасига яхшилик қилувчи инсон эди. Бир куни онаси уни бир ишга чақирди. Ибн Авн онасининг овозидан баландроқ овозда унга жавоб берди. Ўзининг овози онасининг овозидан баландроқ бўлгани учун иккита қулни озод қилиб юборди”.
Солиҳлардан бири ҳар куни онасининг оёғини ўпар эди. Бир куни дўстларининг олдига бироз кеч қолиб борди. Улар: “Қаерда эдинг?” деб сўрашди. Шунда у: “Жаннат боғларида юргандим. Бизга “Жаннат оналар оёғи остидадир” деган ҳадис етиб келган” деб жавоб берди.
Мелодий 9 асрнинг бошларида Аббосийлар даврида халифа бош вазир Яҳё Бармакийни ва у билан бирга ўғли Фазл ибн Яҳё Бармакийни бир қамоққа ҳибс қилди. Ўшанда қиш фасли эди. Совуқ жуда қаттиқ эди. Қамохона эса тор ва зах эди. Яҳё саксон ёшларга борган кекса киши эди. Шунинг учун совуқ сувга дош беролмасди. Ўғли Фазл сувни қамоқхонани ёритиб турган чироқда илитишга уринди. Қамоқхона ходимлари буни кўриб, чироқдан фойдалана олмасин деб, уни янада баландроққа ўрнатиб қўйишди. Ўғил сувни илитиш чорасини ахтара бошлади. Охири у отани ҳурсанд қилиш учун оғир ва аламли йўлни топди. У кўйлагини ечиб, сув тўла идишни бағрига босиб ўтирди. У бу ишни отаси уйқуга кетган пайтда қиларди. Бир куни ота ўғли сувни қандай иситаётганини кўриш учун ўзини уйқуга солиб ётди. Ўғлининг ишини кўриб, уни дуо қилди ва бу ишни яна такрорлашни унга ман қилди.
Суфён ибн Уяйна раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бир киши сафардан келди. Келиб қараса, онаси намоз ўқиётган экан. Онаси тик тургани учун ўзи ўтириб олишни ёқтирмади. Намоз ўқиётган она ўғлининг мақсадини билди ва ўғлим кўпроқ ажрга эришсин деб қиёмни узун қилди”.
Толқ ибн Ҳабиб онасининг бошидан ўпар, онаси ўтирган уйнинг томида юрмасди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу дедилар: “Аллоҳ Ҳудҳуддан Сулаймон ибн Довуднинг азобини Ҳудҳуднинг онасига қилган яхшилиги эвазига қайтарди”.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг олдиларига бир киши келиб, деди: “Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиларининг ўғли! Мен бир аёлни яхши кўрардим. Унга совчи жўнатдим. У менга турмушга чиқишдан бош тортди. Бошқа бир одам унга совчи юборганда, унга розилик берибди. Буни эшитиб, ўша аёлга нисбатан ичимда қаҳру ғазаб пайдо бўлди. Бориб, ўша аёлни ўлдирдим. Тавба қилишимга имкон борми?”. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ундан: “Онанг борми?” деб сўрадилар. У: “Йўқ” деди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Эй биродаримнинг ўғли! Аллоҳга тавба қил, истиғфор айт ва солиҳ амалларни кўпайтир!” дедилар. Кейин бояги киши кетди. Бироз вақт ўтиб, Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг шогирдларидан бири у зотга: “Нега бояги одамдан “Онанг борми?” деб сўрадингиз?” деди. Шунда Ибн Аббос: “Аллоҳга қасамки, онага яхшилик қилишдан кўра Аллоҳга муҳбуброқ бирорта амални билмайман” деб жавоб бердилар.
Нуҳ алайҳиссаломнинг ота-оналарига қилган дуолари: “Эй, Раббим! Мени, ота-онамни, уйимга мўмин ҳолда кирган кишиларни ва барча мўмину мўминаларни мағфират этгин!”
Иброҳим алайҳиссалом мушрик оталарига ҳам “Эй отажон!” деб мурожаат қилганлар.
Исмоил алайҳиссаломга оталари Иброҳим алайҳиссалом кўрган тушларини айтиб берганларида, у киши “Эй отажон! Сизга буюрилган ишни қилинг. Иншааллоҳ, менинг сабрли эканимни топасиз” деганлар. Бу итоатнинг натижасида Аллоҳ таоло уларга қўчқорни насиб этди.
Яҳё алайҳиссалом ҳақларида Аллоҳ таоло шундай дейди: “У ота-онасига меҳрибон бўлди, жабр қилувчи, итоатсиз бўлмади”.
Исо алайҳиссалом эса: “Шунингдек, (мени) онамга меҳрибон (қилди) ва мени такаббурли, бадбахт қилмади” деганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу уйга кирсалар оналарига: “Менга кичиклигимда тарбия берганингиздек, Аллоҳ сизга ҳам раҳм қилсин!” дердилар. Шунда оналари: “Менга кексайганимда ғамхўрлик қилганингдек, Аллоҳ сенга ҳам раҳм қилсин!” дердилар.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу оналарига сув келтирдилар. Келсалар, оналари ухлаб қолибдилар. У киши оналарининг ёнида то уйғонгунларича турдилар. Оналари уйғонгач, сувни бердилар. Мен кетсам, онам уйғониб, сувни тополмай қолмасинлар деб шундай қилдилар.
Ибн Авн раҳимаҳуллоҳни оналари чақирдилар. Шунда у кишининг “Лаббай” деган овозлари оналариникидан баландроқ чиқди. Бу ишларига пушаймон бўлиб, истиғфор айтдилар ва иккита қулни озод қилиб юбордилар.
Ибн Сирин раҳимаҳуллоҳ оналарига гапирсалар, ерга кириб кетаётгандек тазарруъ билан гапирардилар. Агар оналари у кишининг олдиларига кирса, юзларининг ранги ўзгарар эди.
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ оналари билан бир товоқдан овқат емасдилар. Бунга сабаб оналарининг егиси келган нарсага қўл чўзиб, оқ бўлиб қолишдан қўрқардилар.
Ибн Шурайҳ раҳимаҳуллоҳ масжидда дарс берар эдилар. Оналари келиб: “Тур ўрнингдан! Товуқларга дон бер!” дердилар. У киши оналарига итоат қилиб, дарҳол турар ва дарсни тарк қилар эдилар. Ҳеч қачон оналарини итоб қилиб, у кишига: “Мен дарсдаман”, “Мен лексиядаман”, “Мен зикр мажлисидаман” демаганлар.
Ибн Умар розияллоҳу анҳу Макка йўлида бир аъробийга дуч келдилар. Дарҳол уни уловларига миндириб, бошларидаги саллаларини ҳам унга бердилар. Шунда ёнларидаги кишилар: “Эй Ибн Умар! Бу бир аъробий бўлса, унга оддийроқ нарсани берсангиз ҳам олаверарди” дейишди. Шунда Ибн Умар: “Бу одам Умарнинг, яъни отамнинг дўсти эди” деб жавоб бердилар.
Ибн Мункадир раҳимаҳуллоҳ юзларини ерга қўяр ва оналарига: “Туринг, онажон! Оёғингизни юзимга қўйинг!” дердилар.
Ота-онасига овозини кўтараётганлар қани? Ота-онасини ураётганлар қани?
Имом Заҳабий раҳимаҳуллоҳ оналарига яхшилик қилиб, илм талабига бормадилар. Оналари вафот этгунларига қадар ўз шаҳарларида турдилар. Оналари вафот этгач, сафарга чиқдилар. Ўзлари шундай дейдилар: “Илм учун сафарга чиқмоқчи бўлдим. Онам “Чиқма!” дедилар. Онамга итоат қилдим ва чиқмадим. Аллоҳ таоло шу ишим учун менга илмда барака берди”.
Баъзи тобеинлар икки қаватли уйнинг биринчи қаватида оналари ўтирган бўлса, иккинчи қаватига чиқмас эдилар. Баъзилар эса, оталари уйда ўтирган бўлса, ўша уйнинг томига чиқмас эдилар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу дедилар: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Қайси амал Аллоҳга маҳбуброқ?” деб сўрадим. У зот: “Вақтида ўқилган намоз” дедилар. Мен: “Кейинчи?” дедим. У зот: “Ота-онага яхшилик қилиш” дедилар. Мен: “Кейинчи?” дедим. У зот: “Аллоҳ йўлида жидду-жаҳд қилиш” дедилар”.
Манбалар асосида
Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади