Мақолалар

КЎНГЛИ УЧУН ОИЛАСИН ТАРК ЭТГАНЛАР...

         “Эримдан талоғимни беришини сўрасам бўладими?” Нари борса ёши 26-28  борган бу  аёл  дид билан кийинган, 3 та фарзанднинг онаси бўлиб, турмушга чиққанига  8 йил бўлган эди.

         Эридан жавобини беришга нима мажбур қилаётганини суриштирганимда, эри билан бошқа  яшай олмаслигини айтди. Эри ҳақида гапирганида кўзларида кибр аломатлари сезилганидан  оиласини бузишга бошқа нарсалар ҳам сабаб бўлаётганини сезиш қийин эмасди.

“Ишлайсизми?”. Аёл ишлаётганига 2 йил бўлганини айтди. Эридан  кўнглини совуганига қанча бўлганини сўраганимда эса, аёл бир йилдан бери  эримдан бутунлай совуб кетганман, дея жавоб берди.  Шунда,  ҳаётида бошқа эркак  бор-йўқлигини суриштирганимда, аёлда саросималик пайдо бўлди.

Аслида эри хасталанганига  икки йил бўлиб, ҳеч қандай муолажа қилинмаган. Эри хижолатдан ўзини шифокорга кўрсатмаган, аёлини олдида боши эгик. Бу тушкунлик бора-бора хизматига ҳам таъсири бўлиб, ишсиз қолган. Уйда ишсиз, тушкун кайфиятда юриш энг оғир ҳолатдир, айниқса эркаклар учун.

Оилада учрайдиган турли ҳолатларни бамаслаҳат, соғлом фикр билан ҳал қилса бўлади. Афсуски, баъзи ёшларимиз  муаммонинг ечиш йўлларини ахтаришга харакат қилмасдан, осон бўлиб кўринган йўлини қилишади. Аммо, ҳар қандай вазиятда  никоҳ ақдини бузиш  тўғри йўл ҳисобланмайди.

Аёлга  турмуш ўртоғининг, учта фарзандининг, қолаверса ўзининг   келажаги ҳам  қарорига боғликлигини, инсон бир тўхтамга келишидан олдин, фақат ўзини эмас, бошқа атрофдагиларнинг ҳам тақдирини ўйлаб кўриши кераклигини тушунтирилди. Аёлнинг қарори қатъийлигини кўриб, эрини бирорта шифокорга кўрсатишганми, йўқми, сўраганимда,  умуман шифокорга бормаганлиги маълум бўлди.

Бу не ҳолки, 3 та фарзандни дунёга келтиришида оталик вазифасини адо этган инсон, хасталангани боис, бир кераксиз буюм каби четга улоқтирилса. Бир вақтлар оиласини, аёлини, фарзандларини ҳам маънавий, ҳам моддий томондан таъминлаган йигит,  вақтинча ишсиз бўлиб қолганида, фарзандларига ота,  аёлига эр сифатида керак бўлмай қолса.

Аксари аёллар уйидан безиганида, юраги сиқилганида, ўзлигини овутиш учун бошқаларнинг кўнгил олишини истаб қолишади.  Аслида эса атрофдагиларнинг ширин муомаласи вақтинча эканлиги,  хушомадларини сароб эканлигини тушунишмайди.  Бундай хушомадларга ўргангандан кейин, бора-бора эридан, оиласидан, ҳатто болаларидан воз кечишга тайёр турадиганларни ким деб аташ мумкин?

Аёлдан хасталанган эрини аввало шифокорга кўрсатиш лозимлигини,  шифокор кўрсатмасидан кейин илмли инсонлардан  маънавий қувват бўлиши учун Қуръондан дам солдириши кераклигини таъкидлаб ўтилди. Талоқ сўраш учун эридан зулм кўраётганини сўралганида, зулм кўрмаганини, аслида кўнгли йўқлиги сабаб эканлигини айтди...

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қай бир аёл ҳеч бир сабабсиз эридан талоқ сўраса, унга жаннатнинг ҳиди ҳаромдир», деганлар (Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, Аҳмад).

Аёл киши учун оналик энг улуғ бахт, фарзандлар эса Яратганнинг неъматидир. Кўнгил ишини деб, оиласидан воз кечишлик ҳеч бир одамийликка тўғри келмайдиган ишдир.

Узрсиз талоқни сўраса аёл

Кўнгил ишларида бўлса хомхаёл

Хорликни ўзига касб қилган куйи

Унга ҳаром бўлар Жаннатнинг бўйи

             Ҳаётимиз давомида учрайдиган  турли синовлар вақти келиб гўзал ажрлар билан ўз ифодасини топади. Яратганнинг бундай марҳаматига етишишда эса шукроналик, қаноат ва албатта сабрнинг ўрни беқиёсдир.

 

Мунира АБУБАКИРОВА

                                               Ўзбекистон муслмонлари идораси мутахассиси

Read 3128 times

Мақолалар

Top