Мақолалар

Ўз Ватанимизга муносиб фарзанд бўлайлик

Маълумки ҳукуматимиз томонидан ҳар бир инсоннинг бу муқаддас Ватанда бахтли ҳаёт кечириши учун барча имкониятлар яратилиб, кун сайин шароитлар яхшиланиб бормоқда. Жорий 2019 йил муҳтарам юртбошимиз Ш.Мирзиёев томонидан “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб эълон қилиниши ҳам халқимизнинг турмуш тарзига бўлган юксак эътиборнинг белгисидир.

Хусусан, давлатимиз томонидан янги иш ўринларини яратиш, ёшларимизни ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлод қилиб вояга етказиш йўлида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Ушбу имкониятлардан оқилона ва унумли фойдаланиб, ўз мақсади йўлида олға интилаётган ҳамда турли соҳаларда улкан марраларни забт этаётган ёшларимиз муҳтарам Президентимиз таъкидлаб ўтганларидек юртимизнинг келажаги ҳисобланади.

Аммо, ўз юртида шароит бўлатуриб, ўзга юртларга ноқонуний йўллар билан бойлик илинжида кетаётган баъзи-бир ёшларимизнинг борлиги аччиқ бўлсада ҳақиқат. Шу ўринда қуйидаги статистик маълумотларни келтириб ўтамиз. БМТ нинг берган маълумотига кўра, ҳар йили дунё бўйича 2 миллион 700 минг киши одам савдосининг қурбонига айланмоқда.

Халқаро экспертларнинг баҳолашича ушбу жиноятчилик натижасида олинаётган йиллик даромад  7 миллиард АҚШ долларига тенг бўлади. Одам савдоси жиноятидан жабр кўрганларнинг қарийб 80 фоизи аёллар ва ёш болалардир. Ҳар йили дунё бўйича 600-800 минг нафар аёл ва бола турли алдов йўллар билан хорижга олиб кетилмоқда ва сотиб юборилмоқда.

Баъзан эндигина балоғат ёшига етган мурғак ёшларимизнинг хорижга кетганини эшитсак қалбимизда махзунлик пайдо бўлади ва бир муддат тафаккур оғушига ғарқ бўламиз. Ахир шу она заминда дунёга келса-ю, ўзга юртларга кетса. Ўзга юртларга бориб онгу тафаккури бузилса. Оқибатда эса ўз Ватанига хоинлик қилса.

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси орқали инсонларни огоҳликка даъват этадиган  турли ҳужжатли видеофильмлар намойиши,  радио эшиттиришлар ва бир қатор нашриётларимиз томонидан нашр этилган адабиётларимизда хорижда юрган юртдошларимизнинг аянчли оқибатлари ҳамда ачинарли ўлим топганликлари ҳақида малумотлар берилмоқда. Бу каби салбий ҳолатлардан ўзимизга керакли хулоса чиқариб, хайрли ҳаёт кечириш бизларнинг ҳамда навқирон ёшларимизнинг асосий вазифаларидан биридир.

Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, Аллоҳ таоло ўз Ватанини тарк этиб, оқибатда унга хоинлик қилган бандаларни бу дунёда ҳам, охиратда ҳам қаттиқ азобга мубтало қилади. Ушбу мақолани ўқиган юртдошларимиз, билиб-билмасдан нотўғри йўлларга кириб қолаётган ёшларимиз, айниқса, ноқонуний йўллар билан чет элларга бориб, кейинчалик ўзини ИШИД деб атаётган манфур жангари гуруҳларга қўшилиб юрган баъзи-бир ҳамюртларимиз қиёмат куни Аллоҳга нима деб жавоб берадилар.

Шу ўринда бир савол туғилади. Ахир инсон дунёга ўз Ватанига хоинлик қилиш учун эмас, балки уни обод этиб, номини дунёга тараннум этиш учун келади-ку.  Сўзимизга якун ясар эканмиз, барчамиз Аллоҳ бизларга муқаддас замин қилиб берган юртимизнинг тинчлигини қадрига етайлик. 

Агар сўзимиз давомида қалбингизгиздаги Ватан туйғусини янада зиёда қила олган бўлсак,  камина ўзини юрт тинчлигига озгина бўлса ҳам ҳисса қўшган бахтли инсон деб билади.          

 

Аброр АЛИМОВ

Тошкент шаҳарҲувайдо

жоме  масжиди имом-хатиби

 

Read 2969 times

Мақолалар

Top