Мақолалар

Эл-юрт ҳақига дуоларингизни аяманг!

Ҳар бир ишни “Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм” (Меҳрибон ва Раҳмдил Аллоҳнинг номи билан) — дея бошлайдиган мусулмон халқимиз дуо қилишни ҳам канда қилмайди.

Дарҳақиқат, баъзан дуога оддий ва одатий амал сифатида эътиборсиз қараймиз. Аслида дуо энг катта ибодат, банда ва Яратган ўртасидаги хос сирли мулоқот ҳамда катта руҳий тарбиядир. Ҳадиси шарифларда “Дуо ибодатнинг мағзидир”, дейилган. Чунки дуо қилувчи қўли, қалби ва умидларини осмонга кўтариб, ғурури ва кибрини ерга пасайтириб, Парвардигори қаршисида нақадар ожиз ва муҳтож эканлигини изҳор этиб, Унга муножот қилади.

Ҳаётда одамлардан қайта-қайта сўрайверилса, қанчалик саховатли бўлмасин, охир-оқибат малолланади. Аммо Аллоҳ таолодан қанча сўралса ҳам, малолланмайди. Аксинча, У зотга дуо қилмаган, ҳожатларини сўрамаган бандасидан ғазабланади.

Қуръони каримда Аллоҳ таоло бандаларига жуда яқин эканлиги, ҳатто қалбларидан ўтиб турган ўй-фикрларни ҳам билиб туриши ва дуо қилувчининг дуосини ижобат қилиши такрор-такрор эслатилган. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Албатта, Роббингиз ҳаёли ва карами кенгдир. У Зот бандаси Унга икки қўлини кўтариб дуо қилса, уларни бўш қайтаришдан ҳаё қилади” – дедилар.

Дуо қабул бўлиши учун аввало қалб уйғоқ, Яратганга боғланган, Унга муҳтожлигини изҳор этган ҳолатда дилдан чиқариб қилиниши лозим. Шунингдек, луқманинг ҳалол бўлиши, гуноҳ ва ёмон ишлардан узоқда бўлиш, савобли амалларни кўп қилиш ҳам кишининг дуоси қабул бўлиши сабабларидандир. Дуо қилаётганда кафтларни очиқ ҳолда кўтириб турилади, сўнгра уларни юзга суртилади.

Айниқса, саҳарда, азон айтилгандан кейин, намоздан сўнг, ёмғир ёққанда, сафарда, қалблар юмшаб турганда дуолар кўпроқ ижобат бўлади.

Азиз юртдошлар, бу катта имкониятдан қанчалик фойдаланяпмиз! Охирги марта қачон дилдан дуо қилдик, хатоларимизга тавба тазарру қилдик! Эл-юртнинг ҳақига дуо қиляпмизми? Бугун юртимизда катта ислоҳотлар, хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Бу ишлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Муҳтарам юртбошимиз бошчилигида қанчадан-қанча фидоий юртдошларимиз кун-у тун меҳнат қилишмоқда. Бу хайрли ишлар сизу биз учун, халқ учун, келажак авлодларимиз учун!

Бизчи? Бунга фақат томошабин бўлиб туришимиз керак эмас. Ўз масъулиятимизни ҳалол-пок, сидқидилдан бажариб, фарзандларимизни тарбиялаб, доимо эл-юрт ҳақига эзгу дуолар қилиб боришимиз шарт! Илоҳо, жонажон ватанимизга кўз тегмасин!

Дилмурод СУЛАЙМОНОВ
Гулистон тумани бош имом-хатиби

Read 2957 times

Мақолалар

Top