Мақолалар

МЕҲМОН КУТГАНДА БАЖАРИЛАДИГАН 8 АМАЛ
  1. Меҳмонни ҳурмат қилиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, меҳмонини ҳурмат қилсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, яхши сўз айтсин ёки жим бўлсин”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

 

  1. Меҳмонни очиқ юз ва ширин сўзлар билан кутиб олиш.

Умму Ҳонеъ розияллоҳу анҳо айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келганимда: “Марҳабо! Хуш келибсиз! Эй Умму Ҳонеъ”, деб қарши олдилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Авзоъий раҳимаҳуллоҳ: “Меҳмоннинг ҳурмати унга очиқ юз билан хизмат қилишдир”, деган.

 

  1. Меҳмондорчиликка тақводор, дину-диёнатли иинсонларни таклиф қилиш.

Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фақат мўмин билан бирга (йўлдош) бўл. Таомингдан фақат тақводоргина тановул қилсин”, дедилар.

 

  1. Меҳмонларни дастурхон олдида ёлғиз қолдирмай, ёнида гаплашиб ўтириш, бирга еб-ичиш.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳо онамизга: “Меҳмонинг билан ўзинг ҳам овқат егин, чунки меҳмон ёлғиз ўзи ейишдан ҳаё қилади”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти).

  1. Таомни ёши улуғлардан бошлаш, кейин ўнг томондагиларга узатиш.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга сув узатсалар: “Катталардан бошланг”, дер эдилар.

Агар меҳмонлар ёшда баробар бўлсалар, ўнг томондан узатилади.

 

  1. Меҳмон бир луқма таом еганидан сўнг, ҳадеб “олинг”, “олинг” деб уни ейишга мажбурланмаслик.

 

  1. Меҳмонни эшик олдигача кузатиб қўйиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Меҳмонни эшик олдигача кузатиб бориш суннатдир”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти).

 

  1. Мезбоннинг ҳақига дуо қилиш.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам меҳмон қилган кишининг ҳақига дуо қилардилар:

اللهم بارك لهم فيما رزقتهم واغفر لهم وارحمهم

“Аллоҳумма барик лаҳум фийма розақтаҳум вағфир лаҳум ва арҳамҳум”

 

“Ё Аллоҳ, бу хонадон аҳлининг ризқига барака бер, уларнинг гуноҳларини мағфират қил ва уларга раҳм айла!” (Имом Муслим ривояти).

 

أللهم أطعم من أطعمني واسق من سقاني

“Аллоҳумма атъим ман атъаманий, васқи ман сақоний”

“Ё Аллоҳ, мени таомлантирган кишиларни Сен ҳам таомлантиргин, мени сув билан суғорган кишиларни сен ҳам сероб қилгин!”.

أفطر عندكم الصائمون وأكل طعامكم الأبرار وصلت عليكم الملائكة

Афтара индакумус соимуна ва акала тоаъмакумул аброр ва соллат алайкумул малоика

“Хонадонингизда рўзадорлар оғиз очсин, таомингизни яхшилар есин ва сизларга фаришталар салавот айтиб, ҳақингизга дуо ва истиғфор айтсин!” (Имом Абу Довуд ривояти).

 

 

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

Read 2892 times
Tagged under

Мақолалар

Top