Мақолалар

Шу ҳақида ўйлаб кўрайлик!

Қуёш Ердан (яхлит қилиб олганда) 150 миллион километр узоқликда жойлашган. Шу узоқликдан келган иссиғига “Вой, ёмон исиб кетдим. Ока, муздек коладан очинг!” деб беҳаловат бўламиз.

Миқдод бин Асвад шундай дейдилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: “Қиёмат кунида қуёш халойиққа бир мил қадар яқин келади. У кунда инсонлар қилган амалларига яраша ўз терларига ботадилар, уларнинг баъзилари тўпиқларигача, баъзилари тиззаларигача, баъзилари белларигача ва яна баъзилари тумшуқларигача ўз терларига ботадилар”. (Муслим тахриж қилган).

Ҳа, Қиёмат куни Қуёш инсонларнинг боши тепасига олиб келинади. Ҳар ким дунёдаги аҳволига қараб турли даражада терга ботади. Айримлар бутунлай терига кўмилади. У Кундаги Қуёш шу дунёдаги нур сочиб турган Қуёшми ёки Аллоҳ таоло бундан-да иссиқроғини яратадими, буни фақат Ўзи билади.

Ёзнинг жазирамасида куннинг ўртасида, тахминан соат 14-17 оралиғида бўладиган иссиқ ҳавони, машинанинг ойнасидан ҳам юзга қайноқ ҳаво урилишини кўз олдимизга келтирайлик! Ўша ҳолатни тасаввур қилдик-а?! Энди охиратдагиси қандай иссиқ экан?!

Кўзимизни очайлик! Гуноҳларимизга тавба қилайлик! Солиҳ амалларга шошилайлик! Вақтни ғанимат билайлик! Намозларимизни вақтида ўқийлик! Қазо намозларимиз бўлса, уларни ҳам ўқиб боришни йўлга қўяйлик! Қарзларимизни узайлик!

Аллоҳ таоло гуноҳларимизни мағфират этсин! Охиратда Аршининг соясида турадиганлардан бўлишимизни насиб этсин, омин!

 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Read 2754 times

Мақолалар

Top