Мақолалар

Умр азиз неъмат. Ундан унумли фойдаланиш муқаддас бурч

Ижтимоий тармоқларнинг салбий таъсиридан бутун миллат, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳимоя қилиш ҳар бир онгли инсонни муқаддас бурчи эканини таъкидлаш лозим. Ёшлар ўртасида интернет тармоғидан фойдаланишни суистеъмол қилиши оқибатида турли кўнгилсизликлар, ноҳушликлар кўпайгани кузатилмоқда. Инсон теварак атрофида бўлаётган барча воқеа-ҳодисаларга, хусусан, интернет тармоқларидан ҳар қандай маълумотни тўғри деб қабул қилавериши хатарли эканини билмоғи керак. Зеро, уларнинг ҳаммаси ҳам инсон ҳаётига фойда беравермайди.

Интернет тармоғига боғланиб турадиган киши бу борада ҳам ўзига яраша одоблар, ахлоқий кўрсатмалар борлигини ёддан чиқармаслиги керак. Мазкур одоблардан бехабар инсон интернетдан фойдаланиш мақсадида боғланиб, ўзига зарар келтириб қўйиши мумкин.

Мусулмон одам ўзига берилган умр неъмати азиз эканини, ундан унумли фойдаланиш муқаддас бурчи эканини, охиратда унинг ҳар бир лаҳзасидан сўралиш борлигини бир зум ҳам унутмаслиги керак.

Инсонни бу дунёда яшашдан мақсади нима? Унинг бу дунёдаги хадафи Аллоҳнинг амрига итоат этмоқ, унинг ҳузурига арзигулик сармоя билан бормоқ, бир сўз билан айтганда, Аллоҳ ризосига эришмоқдир. Аллоҳ ризосига эса Унинг неъматларига шукр келтириш-исроф қилмаслик билан эришилади.

Ҳозирги кунда исрофни жуда тор маънода тушуниб, уни фақат ноз-неъматларгагина қуллаймиз. Аслида эса исрофгарчиликнинг тури беҳисоб. Ақл-идрокни фойдасиз, ҳатто инсонлар учун офат келтирувчи нарсаларга сарфлаш билан юзага келувчи ақл-идрок исрофи, на дунёси на дини учун наф бермайдиган сўзларни қўллаш орқали пайдо бўлувчи сўз исрофи, инсон онгига зарар етказувчи нарсаларга боққанда юзага келувчи кўз исрофи, ўтган бир кунини, ортга қайтариб бўлмайдиган умрни бесамар ўтказишдан вужудга вақт исрофи бордир. 

Шу эътибордан ҳам, интернетга кириб олиб, беҳуда нарсаларга  соатлаб, кунлаб вақт сарфлаши қаттиқ қораланади. Кишига интернетдан  тўғри фойдаланишда унинг ёмонликларидан сақланишда энг катта ёрдамчи Аллоҳ азза ва жалланинг бандасини доимо кўриб турганини, У Зот ҳамма нарсадан воқиф эканини ҳамиша ҳис қилиб яшашдир.

Ахборот ҳуружларини олдини олишда қуйидагилар муҳим аҳамиятга эга:

  • Ёшларда ташқи таҳдидлар, бузғунчи таъсирларга қарши тўғри, ҳушёр муносабатни шакллантириш
  • Ёшларни билимини ошириш, уларга воқеа-ҳодисалар моҳиятини таҳлил қилиш малакасини шакллантириш
  • Ахборот оқимида жамият ва давлат манфаатларига мос бўлган ахборотларни одамлар тезроқ қабул қиладиган ва ишонадиган даражага кўтариш
  • Миллий оммавий ахборот воситаларига ишончни ошириш

Зеро, биринчи президентимиз айтганларидек “Жамияда тинчлик ва беқарорликни издан чиқаришга, ўзаро адоват ва тўқнашувларга сабаб бўладиган бундай хатарларни олдини олишликни битта йўли бор: Ёшларимизни мустақил фикрлайдиган, оқни қорадан, дўстни душмандан ажратишга қодир бўлган, бизнинг қандай бой тарих ва меросга эга эканимизни англаб яшайдиган, имон-эътиқодли, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбия топган инсонлар этиб вояга етказишимиз бу масалани  ҳеч қачон иккинчи даражали вазифа деб билмаслигимиз керак...”

Интернетда террорчилик ва бошқа бузғунчиларни тарғиб қилувчи веб сайтлар ижтимоий тармоқдаги гуруҳлар сони кун сайин кўпаймоқда. Бу ҳолат дунёқараши шаклланмаган ва ғўр ёшларни соғлом эъиқодини онгу шуурини заҳарламоқда.

Турли алдамчи маълумотлар кўпайган бир вақтда тўғри ва ҳаққоний ахборотни ажратиш йўлларини билиш лозим.

Жумладан, бундай шароитда аждодлар тутган йўлни танлаш керак. Имом Бухорий ҳазратлари ҳадисларни саҳиҳ, заиф ва тўқималарини ажратишда жуда моҳир бўлганлар. Ривоят қилишларича Имом Бухорий бир ҳадисни ровийсини қидириб топдилар. Лекин ровий бир ҳайвонни қуруқ қўл билан алдаб, қўрага олиб кираётганини кўриб, суҳбатлашмасдан қайтдилар.

Яна бошқа ривоятда айтилишича, бир ровий олди тарафига туфлагани сабабли ундан ҳам ҳадис ривоят қилмаганлар.

Мана, аждодларимиз қандай йўл тутишган? Улар ислом динига хос бўлмаган маълумотлар у ёқда турсин, хатто мусулмонга ярашмаган бир сифат эгасидан ҳам маълумот олишмаган. Уларнинг динимизга тегишли масалалар борасида нақадар эҳтиёткор бўлишганини юқорида келтирилган мисоллардан ҳам кўриш мумкин.  

Афсуски, интернет тармоғида қорақузғун каби ўрнашиб, юртимиз ютуқларини кўра олмаётган ёвуз кучларнинг носоғлом, бўҳтон ва ғийбат билан тўлиб тошган маълумотларини айрим ёшлар ўқиб, баъзан уларга ҳамфикр бўлиб, адашиб кетаётганлари ачинарли ҳолатдир.

Демак, бугунги кунда энг муҳим вазифамиз ўсиб келаётган ёш авлодни диний-миллий қадрият асосида тарбиялаш, улар қалбида ўз халқи,  Ватанига меҳр садоқат туйғусини кучайтириш, уларни ҳар хил бузғунчи кучларнинг ахборот ҳуружларидан огоҳ этишдан иборат.

Шунингдек, биз яшаб турган даврда ёшларимизни баркамоллиги учун мамлакатимизда барча имкониятлар эшиги кенг очилган. Жумладан, ахборот технологиялари, хусусан, интернет соҳасида ҳам. Шундай экан ёшларимизни интернетдан оқилона ва тўғри йўлда фойдаланишларини таъминлаш давр талабидир. Чунки, глобал тармоқдан тўғри фойдалана оладиган ёшлар вақтини бемани нарсаларга зоя қилмасдан, фақат илм билан шуғулланиши ва касбий кўникмаларга эга бўлиши муҳим масала ҳисобланади.

 

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом

билим юрти мудири:

Абдулазиз Бобамирзаев

Read 3080 times

Мақолалар

Top