Мақолалар

ЕР ВА ҚУЁШ ҲАЖМИНИНГ ФАРҚИ

Қуёш – Қуёш тизимининг марказий жисми бўлиб, қизиган плазма шардан иборат. Қуёш Ер сайёрасига энг яқин юлдуздир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

وَالشَّمْسِ وَضُحَاهَا

“Қуёш билан ва унинг зиёси билан қасам” (Шамс сураси, 1-оят).

 

Аллоҳ таоло Ер сайёраси ҳақида шундай марҳамат қилган:

وَالْأَرْضَ بَعْدَ ذَلِكَ دَحَاهَا

“Ва ундан сўнг ерни тухум шаклида қилди” (Назиат сураси, 30-оят).

 

Биз ушбу мақолада Қуёш билан Ер ҳажмларини солиштириб кўрамиз.

Қуёшнинг ҳажми 1.300.000 Ер ҳажмига тенг.

Тушунтириб айтадиган бўлсак, Қуёшнинг ичига Ер сайёрасидан бир миллион уч юз мингтасини жойлаш мумкин. Ушбу расмда ўнг тарафда Қуёш, чап тарафда Ер солиштирилган.

Ҳа, Қуёш Ердан шу қадар катта.

Қуёш “Қуёш тизими”нинг 98 фоизини ташкил этади. Қолган 2 фоизи 9 та сайёра ҳиссасига тўғри келади.

Аммо шунга қарамасдан, Қуёш G2V типидаги юлдуз ҳисобланади. Бундай юлдузлар “Сариқ карлик”, яъни сариқ жажжи юлдузлар дейилади.

Шу “жажжи юлдуз” биз яшаётган сайёрадан шу қадар катта экан. Энди биз ўз сайёрамиз олдида қанчалик кичик, заррадекмиз. Аллоҳ таоло шундай улкан махлуқларни биз инсонларнинг қулай ҳаёт кечиришимиз учун бўйсундириб қўйган. Биз эса ўзимизнинг нақадар ожиз, заиф эканимизни ҳис қилиб, Аллоҳ таолонинг ибодатида бардавом бўлайлик!

Бу суратда эса шар ичига 1.300.000 дона кичик шарчалар солинган бўлиб, Қуёш билан Ернинг солиштирма ҳажми макет кўринишида берилган.

         Мақоламизни ушбу оят билан якунлаймиз:

هَذَا خَلْقُ اللَّهِ فَأَرُونِي مَاذَا خَلَقَ الَّذِينَ مِن دُونِهِ بَلِ الظَّالِمُونَ فِي ضَلَالٍ مُّبِينٍ

“Бу Аллоҳнинг яратганидир. Қани менга кўрсатинг-чи, Ундан бошқалар нимани яратдилар. Йўқ! Золимлар очиқ-ойдин адашувдадирлар” (Луқмон сураси, 11-оят).

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Read 4433 times

Мақолалар

Top