Мақолалар

АЁЛЛАРНИНГ ЭНГ ЯХШИСИ

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

 

الرِّجَالُ قَوَّامُونَ عَلَى النِّسَاء بِمَا فَضَّلَ اللّهُ بَعْضَهُمْ عَلَى بَعْضٍ وَبِمَا أَنفَقُواْ مِنْ أَمْوَالِهِمْ فَالصَّالِحَاتُ قَانِتَاتٌ حَافِظَاتٌ لِّلْغَيْبِ بِمَا حَفِظَ اللّهُ وَاللاَّتِي تَخَافُونَ نُشُوزَهُنَّ فَعِظُوهُنَّ وَاهْجُرُوهُنَّ فِي الْمَضَاجِعِ وَاضْرِبُوهُنَّ فَإِنْ أَطَعْنَكُمْ فَلاَ تَبْغُواْ عَلَيْهِنَّ سَبِيلاً إِنَّ اللّهَ كَانَ عَلِيّاً كَبِيراً

“Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлаганлари учун эркаклар аёлларга раҳбардирлар. Солиҳа аёллар–итоаткор ва Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимояси бўйича ғойиб(эр)ларининг муҳофазасини қилувчилардир. Бош кўтаришларидан хавф қилинган аёлларга ваъз-насиҳат қилинг, ётоқларида ҳижрон қилинг ва уринг. Агар итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманг. Албатта, Аллоҳ юксак мақомли буюк зотдир”.

(Аллоҳ таоло ҳеч бир ишни беҳикмат қилмайди. Жумладан, эркак киши оила раҳбари бўлса ва у ўз раҳбарлигини шариатда кўрсатилгандек адо этса, бундай оилалар бахт-саодатга соҳиб бўлмоқда. Бу кўрсатмага юрмаган оилалар эса, бахтсизликка учрамоқда, шундайлардан ташкил топган жамиятлар ҳам бахтсизликка дучор бўлмоқда. Бу ерда гапни чўзиб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак. Мўмина, солиҳа аёлларнинг табиатида эрига итоаткорлик бордир. Биз «итоаткорлик» деб таржима қилаётган сўз ояти каримада «қонитатун» лафзи ила келган. Бу сўз ўз иродаси, рағбати ва муҳаббати ила итоат қилиш маъносини англатади. Демак, мўмина, солиҳа аёлларнинг эрларига итоати ўз масъулиятини тушунган ҳолдан келиб чиққан бўлади. Қўрққанидан, мажбурлашдан ёки бошқа бирор босқидан эмас. Бу итоат ўзини тушунган, ҳаётдаги ўрнини, вазифаси ва масъулиятини ҳис этган гўзал инсоннинг итоатидир.) (Нисо сураси, 34-оят).

Солиҳа аёл қандай бўлиши ва бунинг мукофотлари ҳақида мана бу ҳадисларга ҳам эътибор қаратайлик:

عَنْ سَعِيدِ بْنِ أَبِي سَعِيدٍ ، عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ ، قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : خَيْرُ النِّسَاءِ إِذَا نَظَرْتَ إِلَيْهَا سَرَّتْكَ وَإِذَا أَمَرْتَهَا أَطَاعَتْكَ، وَإِذَا غِبْتَ عَنْهَا حَفِظَتْكَ فِي مَالِكَ وَنَفْسِهَا

Имом ибн Жарир Тобарий ва Ибн Аби Ҳотимлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аёлларнинг яхшиси – назар солсанг, хурсанд қиладиган, амр қилсанг, итоат этадиган ва ғойиб бўлсанг, сени ўз нафсида ва молингда муҳофаза қиладиганидир», деганлар.

 

عن عبدالرحمن بن عوف قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إذا صَلَّتْ المرأةُ خمسَها ، وصامَتْ شَهْرَها ، وحفظَتْ فَرْجَها ، وأَطَاعَتْ زَوْجَها ، قيل لها : ادْخُلِي الجنةَ من أَيِّ أبوابِ الجنةِ شِئْتِ .

Имом Аҳмад Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Агар аёл киши беш вақт намозини ўқиса, бир ой рўзасини тутса, фаржини сақласа ва эрига итоат қилса, унга: «Жаннатнинг қайси эшигидан хоҳласанг, киравер», дейилади», деганлар.

Демак, аёл киши эри унга назар солганда, гап-сўзлари ва ташқи кўриниши билан эрини қувонтирса, эрининг буюрган ишларини чиройли қилиб бажарса, эри унга гуноҳ бўлмаган ишларни айтганда, “хўп” деб итоат қилса, эри борлигида ҳам, йўқлигида ҳам ўз иффатини, номусини, эрининг мол-мулкларини муҳофаза қилса, намозини вақтида ўқиса, рўзасини ихлос билан тутса, унга охиратда Жаннатга истаган эшигидан кириш имконияти берилар экан.

Ҳа, азизлар! Агар аёл киши юқоридаги оят ва ушбу ҳадисларга амал қилиб, ибодатларини ўз вақтида адо этиш билан бирга эрига итоат қилса, бу дунёда энг яхши аёл мақомига, охиратда эса Аллоҳнинг улуғ мукофоти – Жаннатга сазовор бўлади.

Шу боис ҳар бир аёл ана шундай улуғ мукофотга эришишга астойдил ҳаракат қилмоғи лозим.

Аллоҳ таоло барча аёлларни солиҳа аёл мақомига эришиб, охиратда Жаннат билан мукофотланишини насиб этсин!

 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Read 5602 times
Tagged under

Мақолалар

Top