Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
النَّارُ يُعْرَضُونَ عَلَيْهَا غُدُوّاً وَعَشِيّاً وَيَوْمَ تَقُومُ السَّاعَةُ أَدْخِلُوا آلَ فِرْعَوْنَ أَشَدَّ الْعَذَابِ
“У оловдир. Унга эртаю кеч кўндаланг қилинурлар. (Қиёмат) соати қоим бўлганида эса: “Фиръавн аҳлини энг ашаддий азобга киритинглар”, дейилур”. (Демак, ўша Фиръавн аҳлини ўраб олган ёмон азоб бир оловдир. Улар ўша оловга доимо, эртаю кеч кўндаланг қилиб туриладилар. Яъни, қабрларида қиёматгача олов билан азобланадилар.) (Ғофир сураси, 46-оят).
Алломалардан Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ бу оят ҳақида шундай деганлар: “Қабрдаги барзах азоби ҳақлигига Аҳли Сунна вал Жамоа ишлатган энг катта асосий далиллардан бири мана шу оятдир”.
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар сизлардан бирор кимса ўлса, (қабрда) унга эртами-кечми борадирган жойи кўрсатилади, агар у жаннат аҳлидан бўлса, жаннат аҳлидан ва агар дўзах аҳлидан бўлса, дўзах аҳлидан бири бўлади»,— дедилар (яъни, жаннат аҳлидан бўлса, жаннатдаги ва агар дўзах аҳлидан бўлса, дўзахдаги жойи кўрсатиб қўйилади)».
Ҳа, инсон қабрда икки хил муносабатдан бирига дуч келади: ё неъматга ёки азобга.
Баъзи маййитларнинг олдига фаришталар энг гўзал суратда кирса, баъзиларнинг олдига энг қўрқинчли кўринишда киради.
Фаришталарнинг чиройли суратда киришининг ўзиёқ маййит учун роҳат, неъмат бўлса, қўрқинчли суратда киришининг ўзиёқ азоб бўлади.
Маййитни қабр сиқиб, суяклари бир-бирига киришиб кетиши, қабр ичи оловга тўлиши, маййитни илон-чаёнлар чақиши алоҳида азоб.
Баъзиларнинг қабри Жаннат боғларидан бир боғ бўлиб, маййит қиёматга қадар Жаннатдаги ўрнини кўриб, унинг ифорларидан баҳраманд бўлиб ётса, айрим маййитларнинг қабри жаҳаннам чуқурларидан бир чуқур бўлади. Улар қабрда жаҳаннамдаги борадиган ўрнини кўриб, бадбўй ҳидидан азобланиб ётади.
Баъзиларнинг танаси чиримай бус-бутун ҳолда сақланса, айримларнинг танаси чирийди, уни қуртлар еб, орқасидан ахлат қилиб чиқариб ташлайди.
Аллоҳнинг розилигига сабаб бўладиган амалларни ўз вақтида бажариб, Аллоҳнинг ғазабига сабаб бўладиган ишларни тарк этганларнинг қабрлари кенг, ёруғ, неъмату роҳат маскани бўлади.
Аллоҳнинг ғазабига сабаб бўладиган ишларни қилиб, Аллоҳнинг розилигига сабаб бўладиган ишларни тарк этган кимсаларнинг қабрлари тор, қоронғу, азобу уқубат макони бўлади.
Шунингдек, Ислом шиорларига қаршилик кўрсатадиганлар, ғийбат, чақимчилик билан шуғулланадиганлар, агар тавба қилиб, ўзларини тузатмасалар, бу дунёда хор бўлиб, уларнинг қабрлари олов, илону чаён, тор ва қоронғу маконга айланади.
Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади