Мақолалар

Тўй – бир кунлик, “жароҳати” бир умр тузалмаяпти

Долзарб мавзу

Бир ҳолатни барчамиз кузатганмиз: қўнғиз ўзидан бир неча баробар катта гувалакни тепаликка олиб чиқишга чиранади. Минг бир машаққат билан суриб кетилаётган гувалак охир-оқибат ортга юмалаб, қўнғизни босиб қолади. Жонивор ҳалок бўлмаса-да, оёғидан, “қўли”дан айрилиши ёки ногирон бўлиб қолиши мумкин.

Бу бироз қўполроқ ўхшатиш бўлсада, аммо бугун тўйларда урчиётган дабдабабозликка, исрофгарчиликка айнан мос тушади. Йиллар давомида мисқоллаб йиғган маблағини ёки “отдан қолма, эшагим” қабилида иш тутиб, қулоғигача қарзга ботиб тўй қилаётган оила бошлиқлари, минг афсуски, ақлга ҳам, мантиқга ҳам, шариатга ҳам сиғмайдиган бир кунлик “орзу-ҳаваслар”нинг қурбонига айланишиб, бир умрлик азоб-уқубатга гирифтор бўлишяпти.

Жамиятда илдиз отаётган бу иллатлар қачон пайдо бўлди, бунга кимлар ва қайси омиллар сабаб бўляпти?

Бизни кемиргувчи иллатлар

Одамзод ҳар доим эзгу ниятлар, улкан мақсадлар оғушида яшаб, хайрли тилакларининг рўёбга чиқишини Яратгандан сўраб яшаган... “Эзгу ният”, “улкан мақсад” фақат ўғил уйлантириб, қиз узатишдангина (!) иборат эмас. Афсуски, бугун дабдаба билан тўй қилиш, асъаса билан аза маросимларини ўтказиш аксариятимизнинг умримиз мазмунига айланиб кетди. Бу йўлда чекилган заҳматлар, меҳнату машаққатлар, саъй-ҳаракатлар фарзандларимизнинг таълим-тарбиясига сарфланса эди, ишонинг, бугун сафимизга яна бухорийлар, термизийлар, ибнсинолар, берунийлар, хоразмийлар, навоийлар, улуғбеклар қайтган бўларди...

Динимиз таълимотларига мутлақо зид, тараққиётимизга тушов, келажагимизга ғов бўлаётган тўй-маъракалардаги, таъзиялардаги дабдабалар, исрофгарчиликларнинг ҳадди-ҳисоби, чек-чегараси йўқ...

Беҳисоб шукрки, еганимиз олдимизда, емаганимиз ортимизда! Лекин айримларнинг тўқликка шўхлик қилиб, дабдабага берилаётгани юз хил жилва билан ҳаётимизни издан чиқариб, фақатгина муаммоларни чиқармоқда.

Илоҳий қонунни бузишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!

Мутахассислар Янги Зеландияда кўнгилли олти минг оила ўртасида синов-тажриба (эксперимент) ўтказишибди. Уч мингта оилага эркакларни, қолган ярмига эса аёлларни оила бошлиғи қилиб тайинлашибди. Оила раҳбарларининг айтгани – айтган, дегани – деган бўлиш шарти остида. Орадан 12 кунча вақт ўтгач, текшириб кўришса, эркаклар бошлиқ бўлган хонадонларда оила аъзоларининг бир-бирига меҳр-оқибати кучайиб, фарзандларнинг таълим-тарбияси сезиларли даражада ижобий томонга ўзгариб, фароғат қасрининг мустаҳкам пойдевори ўрнатилибди. Аёллар бошлиқ бўлган оилалар эса инқирозга учраб, хонадон аъзолари ўртасида асаб касалликлари, инфаркт (юрак хуружлари), инсульт (мияга қон қуйилиш) ҳолатлари кўпайиб кетибди. Таълим-тарбия издан чиқибди.

Хўш, нега шундай бўлган? Сабаби – илоҳий қонун бузилди. Бежиз Аллоҳ таоло “Нисо” (Аёллар) сурасида: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари(аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир”(34-оят), деб марҳамат қилмаган.

Эркак зотининг аёлдан баъзи хусусиятларда ортиқ қилиб яратилганида бир неча ҳикматлар мужассам. Тафсирларда, жумладан, қуйида шаръий нуқтаи назардан эркакларга хос хусусиятлар қайд этилган: пайғамбарлик, раҳбарлик, жисмоний куч-қувват, оила нафақасига масъуллик, ақлу идрок, хотира ва тафаккурнинг зиёдалиги, имомлик, муаззинлик, жамоат билан намоз ўқиш, жума намозининг вожиб бўлиши, ташриқ такбирини айтиш, Ватан ҳимояси, тўлиқ гувоҳлик, талоқ бериш ҳуқуқига эга бўлиш, оила номини унга нисбат берилиши, намоз ва рўзани узрсиз адо этиш ва бошқалар. Шу ва бошқа жиҳатларини ҳисобга олиб, аёл кишининг эрига нисбатан итоатли, ҳимоятли ва иффатли бўлиб, оила тотувлиги йўлида доимий ҳаракатда бўлиши диёнат жиҳатидан талаб этилган.

Демак, Аллоҳ таоло жорий қилиб қўйган илоҳий қонун – оилада эркакнинг раҳбар бўлишига монелик қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ экан!

“Ҳаёт формуласи”

Оддийгина, ҳамма биладиган бир формула бор. Буни англаб етиш учун катта иқтидор ёки ноёб истеъдод талаб этилмайди. Буни, таъбир жоиз кўрилса, “ҳаёт формуласи” дейиш ҳам мумкин. Доно халқимиз нафақат ҳар бир иборасида, ҳатто ҳар бир сўзида ҳам ҳамма нарсани ўз жойига, ўз ўрнига муносиб (!) қўйиб келган:

  • йигит – қиз ёки аксинча: қиз – йигит (тил қоидасига кўра, тире (–) билан бериляпти. Чунки бу иккаласи жуфт сўз эмас);
  • келин-куёв (келинга эҳтиром бор);
  • эр-хотин (оила қурилгандан кейин);
  • ота-она (фарзандли бўлгандан кейин);
  • чол-кампир ёки бобо-буви(набирали бўлгандан кейин).

Агар диққат билан эътибор берсак, турмуш қурилгунча халқимизнинг ҳатто талаффузида ҳамаёл билан эркакни ифода этувчи сўзларини ўринлари аҳамиятсиз, хар хил. Лекин оила тузилгандан кейин эса биринчилик факат эркак(!) кишини зиммасида! Шунинг учун ҳам доно халқимиз эркак кишини ифодалайдиган сўзини аёлни ифода этувчи сўздан олдин (!)айтади – ЭР-хотин, ОТА-онаЧОЛ-кампир ёки БОБО-буви деб. Оқимга қарши сузган киши чўкканидек, қонун-қоидаларга зид иш қилган киши, албатта, панд ейди. “Ҳаёт формуласи”ни бузган, яъни аёл эркакдан олдинга ўтиб кетса ёки иккаласининг ўрни алмашса ҳам, оилалар барбод бўлади. Бир дона гугурт бутун бошли ўрмонни кулга айлантирганидек, оилаларнинг инқирозга учраши – жамиятга, жамиятнинг таназзулга юз тутиши – давлатга жуда катта зарар келтириши турган гап.

Динимиз нима дейди?

Одамларимизнинг ўзларининг айтишларига, Идорамизга хатлар орқали келаётган нолаларга, фуқароларимиздан бўлаётган турли мавзудаги арз-додларга қараганда, тўйлардаги дабдабалар асосан оилада “раҳбар” бўлган аёлларнинг “ташаббуслари”билан амалга ошмоқда.Тўй ва маросимлар дабдабаси, сохта мақтовлар, маҳаллалардаги дув-дув гаплар ҳар қанча чиройли кўринмасин бу – аввало катта исроф, динимизга ёт тушунчалардир. Қуръони каримда: “Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг!Чунки исрофгарлар – шайтонларнинг биродарларидир”(Исро сураси, 26–27-оятлар), деб марҳамат қилинган.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким тежамли бўлса, қашшоқлик кўрмайди”, – деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривоятлари).

Тўйлар, маърака-маросимларда “беш хил, баъзан етти хил таом тортилиши керак” деган тушунчалар кўпчилигимизнинг қорин ғамига муккасидан кетганимиздан дарак эмасмикан? Аслида ортиқча овқат еган ёки ичимлик ичган одамнинг танаси оғирлашади, тоат-ибодатида ҳаловат йўқолади, меҳнат қилишга малолланиб қолади.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одамзод қориндан кўра ёмон бирор идишни тўлдирмаган. Одам боласига гавдасини тик тутишга бир-икки луқма озуқа етади. Агар кўпроқ егиси келса, унда ошқозонининг учдан бири овқатга, учдан бири ичимликка, учдан бири ҳавога тўлдирилиши керак” – деганлар (Имом Термизий ривоятлари).

Боболаримиз оиласи эҳтиёжидан ортса, қўни-қўшниси, ёрдамга муҳтож кишилар билан баҳам кўришган. Машойихлар: “Яхшилик қанча кўп қилинса ҳам, исроф бўлмайди. Аммо исрофнинг зарраси ҳам – ҳаромдир” деб таъкидлаганлар.

Эпли келин – сепли келин!

Инсон бахтли ҳаёт кечириши учун икки нарса: маънавий ва моддий таъминоти етарли бўлиши керак. Моддий томонини ўта “олий” даражада таклаб қўяпмиз – келин-куёвлар учун “орзу-ҳавас” деб, миллионлаб маблағ сарфлаб, 5-6та КамАЗга сиғадиган мебеллар, 7 ухлаб эмас, 77 ухлаб ҳам тушимизга кирмаган уй жиҳозларини олиб беряпмиз... Лекин бахтли ҳаёт учун керакли бўлган иккинчи нарса-чи? Шарқона одоб, оиладаги муносабатлар одоби, келин-куёвларнинг бурч ва вазифалари, дин-диёнат масалалари, ибо, хаё, сўзлашиш одоблари, салом бериш одоблари, ота-она, қайнота-қайнонага муносабат одоблари, миллий қадриятлар – булар бахтли ҳаёт учун керакли бўладиган иккинчи нарса. Лекин, минг афсуслар бўлсинким, шу нарсалардан келин-куёвларимизга тақдим этаёганимизни ҳисоблаб кўрсак, ёш болачаларнинг уч ғилдиракли велосипедини юк қўядиган жойига қўйсак, яна анча жой ортиб ҳам қолади.

Мебеллар, уй жиҳозлари, бошқа моддий нарсалар ҳар қанча зўр ва кўркам бўлмасин, вақт ўтиб эскириши, борингки, модадан қолиб кетиши мумкин. Лекин бебаҳо ва бетакрор маънавий меросимиз – миллий ва диний қадриятларимизни ўз ичида сақлаб келаётган китоблар ҳар доим зарур ва ҳеч қачон модадан қолмайди.

“Мўмин-мусулмон одам, – Сўфи Оллоёр ҳазратлари айтганларидек, – бирор улуғ кишининг эмас, балки Пайғамбаримизнинг кўрсатмаларига риоя қилиши шарт. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ота бўлганлар, У Зот ҳам қиз чиқарганлар. У Зот ҳам қизларининг сепига рўзғор учун зарур нарсаларни қўшганлар. Хазрати Али разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Фотимага бир чийдухоба, бир меш ва ичига изхир (хушбўй ўсимлик)солинган болишни жиҳоз(сеп)қилиб бердилар” (Имом Насоий ривоятлари).

Тасаввур қиляпсизми, бутун коинот, бутун борлиқ ҳурмати учун яратилган Зот – Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам жаннатий аёлларнинг саййидаси, қизлари Фотима разияллоҳу анҳонинг сепига нималар қўшганларини?!

Қаёққа кетяпмиз, кимга тақлид қиляпмиз?

Яқинда “Ўзбекистон” телеканалида тўғридан-тўғри эфирга узатилган “Муносабат” кўрсатувини ойнаи жаҳон орқали барчамиз томоша қилдик. Бу йил биринчи синфга борган фарзандини карнай-сурнай садолари остида мактабга кузатиб қўйган оила бошлиқларини, тўйларда муқаддас динимизга мутлақо зид, ўзбекона одатларимизга умуман тўғри келмайдиган қилиқлар қилаётган ёшларни, кимўзарга маросим қилаётган кишиларни кўриб, очиғи, уялиб кетдим. Негаки, бу кўрсатувни нафақат юртдошларимиз, балки сунъий йўлдош орқали бутун дунё кўрди... Тўй қиламан, деб оиласидан олисда, мусофир юртларда дуч келган қора меҳнатни бажараётган юртдошларимизга раҳмим келди.

Нафсиламрни айтганда, асъасаю дабдабалар, узундан-узун машиналар карвони, шовқин-суронлар, ғат-ғутлар, “севги тарихи”, “куёвнинг қайнона оғзига торт тутиши”, эрсираган қизлардей келин отган гулларни талашиб тутишлар, ҳисобсиз тоғоралар, ҳеч қачон ҳеч ким эгнига илмайдиган сарпо-суруқлар, маданиятининг асли йўқларга ақлсиз тақлидлар... ҳамманинг жонига тегди. Чунки булар ҳаммаси Худо учун эмас, балки риё (!) учун, хўжакўрсин (!) учун бўлгани сабабли одамлар безор бўлишди!

Хўш, бу бачкана одатлар қаердан кириб келяпти? Қандай урф бўляпти? Менимча, бундай бемаъни қилиқлар телеканаллар орқали намойиш этилаётган бемаъно чет эл сериаллари орқали ёшлар онгига сингдириляпти. Бунга қатъий чора кўрилмаса, миллий анъаналаримиздан ажралиб, ёшларни ҳам бой бериб қўямиз. Ёшлар бой берилдими, демак, келажагимизни қўш қўллаб бировларга топширган бўламиз.

Илоҳо ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам Меҳрибон Парвардигоримиз буюрган, жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам тавсия этган, ўтмишда ўтганларимизни руҳлари шод бўладиган, халқимиз хурсанд бўладиган, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!

Иброҳимжон ИНОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

Манба: http://uza.uz

Read 2722 times

Мақолалар

Top