Мақолалар

Ота ва унинг қизлари

Фарзандларимга нима иш қилишимни айтмаганман. Мени деб уялишларини истамайман. Кичик қизим нима иш қилишимини сўраганда, оддий ишчиман қизалоғим, дердим. Уйга қайтиш олдидан кўчадаги умумий ҳаммомда ювиниб, кейин борардим. Токи улар менинг нима иш қилишимни сезмасинлар.

Ҳамма қизларимни мактабга юборишни, уларнинг таълим олишларини, келажакда инсонлар олдида азиз ва ҳурматли шахс бўлиб етишишларини хоҳладим. Уларга бирор киши менга қилганидек муомала қилмаслигини, паст назар билан қармаслигини истадим. Одамлар мени менсимасликка ўрганиб ҳам қолишган.

Топадиган ҳамма пулларимни қизимни ўқитиш учун йиғиб қўйдим. Ҳеч қачон ўзимга янги кўйлак сотиб олмадим. Бунинг ўрнига фарзандларимга китоблар олиб бердим.

“Эҳтиром”. Мана шу мен орзу қилган нарсадир. Ҳа, мен кўча тозаловчи бўлиб ишлайман.

Ўтган куни қизимнинг ҳужжатларни топшириш вақти эди. Аммо мен керакли пулни тополмадим. Ўша куни қўлим ишга бормади. Ишлолмай, кўз ёшимни яширишга уриниб, ахлат қутиси ёнига ўтирдим. Ҳамкасбларим менинг аҳволимни кўришди, аммо ёнимга кела олишмас, бирорталари мен билан гаплашишга ботинишолмасди. Қизимнинг ўқишга кириш орзуси рўёбга чиқмади. Жуда сиқилдим, ичим эзилди. Бугун уйга борганда қизим билан қандай кўришишимни, агар у мендан пул ҳақида сўраса, нима деб жавоб беришимни билмайман.

Мен фақир оилада туғилганман. Бугун ишдан сўнг ҳамкасбларим ёнимга ўтиришди-да, “Бизни ўзингга дўст деб биласанми?” деб сўрашди. Ҳали жавоб беришга улгурмасимдан барчалари бугунги иш ҳақларини менга узатишди. Пулларни олишдан бош тортдим. Шунда улар  “Биз бугун нари борса оч қолармиз. Аммо қизинг абата ўқиши керак!” дейишди. Бу гапларини эшитиб ўзимни тута олмай йиғлаб юбордим. Шу куни ҳаммомга ҳам кирмай уйга бордим. Ҳамма ёғим кир эди.

Бугун эса... Қизларимдан бири университетни тугатиш арафасида. Қизларим мени кўча тозалаш ишига юборишмади. Катта қизим университет қошидаги бир бўлимда ишлайди. Қолган учтаси эса университет стипендиясини олишади.

Гоҳида катта қизим олдин ишлаган жойимга мени олиб боради. Борганимиздан сўнг ўша ерда ҳалиям меҳнат қилаётган ҳаммкасбларимга овқат улашиб келамиз.

Бир куни ўша ердаги ҳамкасбларимдан бири кулиб туриб қизимга бир савол берди: “Нега бизга доим овқат олиб келасан?”

Қизалоғим уларга шундай жавоб берди: “Мен бу мартабага эришишим учун сизлар ҳаммангиз бир кун оч қолгансизлар. Шу боис Аллоҳ таолога дуо қилинглар, У Зот менга сизларга ҳар куни овқат олиб келишимни насиб этсин!”

Ҳа, бугун мен ўзимни фақир ҳисобламайман. Қандай қилиб фақир бўлайин, ахир Роббим менга шундай қизларни ато этган-ку!

 

Интернет маълумотларидан Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

Read 2865 times

Мақолалар

Top