Кейинги пайтларда зиёратгоҳ ва қабристонларга борувчи баъзи кимсалар ўша ердаги зиналар, устунлар, эшиклар, қабрларга эгилиб, уларга юз-кўзларини суртиб, ўпиб, марҳумлардан ҳожатларини сўраш, қабрларни айланиш каби ҳолатлари тез-тез кузатилмоқда.
Ислом дини кўрсатмаси бўйича бундай қилиш ҳаром амал, ширк амал бўлиб, инсоннинг иймонига футур етиб қолиши мумкин.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
“Албатта, Аллоҳ ўзига (бирор нарса) шерик қилинишини кечирмайди. Бундан ўзга (гуноҳлар)ни (Ўзи) хоҳлаган кишилар учун кечиргай. Кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, демак, у (тўғри йўлдан) жуда узоққа адашибди” (Нисо сураси, 116-оят).
Мусулмон банда барча ҳожатларини фақатгина Аллоҳ таолодан сўрайди, Унгагина сажда, ибодат қилади. Ёрдам, мадад, эҳтиёж ва шифони ҳам фақат Ундан сўрайди.
Аллоҳ таоло яна бир оятда бундай марҳамат қилган:
“...Бас, кимки Парвардигори билан мулоқотда бўлишдан умидвор бўлса, у ҳолда эзгу амал қилсин ва Парвардигорига ибодат қилишда ҳеч кимни (Унга) шерик қилмасин!” (Каҳф сураси, 110-оят).
Шунингдек, қабристонларда қабрдаги марҳумга атаб жонлиқ сўйиш каби ҳолатлардан ҳам тийилиш керак! Жонлиқ фақат Аллоҳ учун, Унинг розилиги учун сўйилади.
Мусулмон банда ширк, ҳаром амалларнинг барча кўринишларидан йироқ бўлиши керак!
Зиёратгоҳларга олиб борилган болаларнинг ота-оналарига тақлид қилиб мазкур оғир гуноҳ ишларни қилиши, улардан ширк амалларни ўрганиши ўта ачинарли ва қўрқинчлидир. Буларнинг ҳаммаси диний илм етишмаслиги, ўқиб-ўрганишга қизиқмасликнинг оқибатидир.
Афсуски, баъзи жойларда зиёратгоҳларга боришнинг ўзини дин деб тушунувчилар ҳам бор. Гўё уларнинг наздида ойда-йилда бир марта бирор авлиёнинг қабрини зиёрат қилиб келса, шу билан бўлди. Бошқа амалларни қилмай, намоз ўқимай, закот бермай, ҳалол-ҳаромнинг фарқига бормай яшашади. Бу жуда оғриқли ва мусибатли ҳолатдир.
Бир неча йил аввал Ўзбекистон Мусулмонлари идораси томонидан шундай ҳолатлар юзасидан “Дарахт ва тош кабиларни муқаддас деб билишнинг ширклиги ҳақида”ги фатво эълон қилинган. Шунингдек, зиёратгоҳларга зиёрат қилиш одоблари ҳақида лавҳалар ҳам қўйилган эди.
Динимизда қабристон зиёрати одоблари бўйича кўрсатмалар бор. Қабрни зиёрат қилишга борган одам аввало қабристон аҳлига салом беради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу борада бир қанча ҳадислар ворид бўлган.
Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга қабристонга чиққанларида “Ассалому алайкум аҳлад дияри минал муъминийна вал муслимийн. Ва иннаа иншаа Аллоҳу бикум лааҳиқуун. Асъалуллоҳа ланаа ва лакумул ъаафияҳ” дейишни таълим берардилар”. Имом Муслим ривоятлари.
Ҳадисдаги дуонинг маъноси: “Ассалому алайкум, мўмин мусулмонлар диёри аҳли! Биз ҳам, иншааллоҳ, сизларга қўшиламиз. Аллоҳдан бизга ҳам, сизга ҳам офият сўраймиз”.
Кейин Қуръон суралари, оятларидан ўқиб, савобини марҳумларнинг руҳига бағишланади. Ўлим эсга олинади, унга яхши тайёргарлик кўриш кераклиги, солиҳ амалларни кўпроқ қилиш лозимлиги кўз ўнгидан ўтказилади. Қабрларни босмай, устига ўтирмай, одобга риоя қилинади.
Аллоҳ таоло барча одоблар қатори қабристон зиёрати одобларига ҳам риоя қилишимизни насиб этиб, ширк, ҳаром амаллардан барчамизни Ўзи сақласин! Омин!
Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади