Мақолалар

Нажмиддин Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ

Абу Ҳафс Насафий номи билан билан машҳур бўлган бобомизнинг тўлиқ исми шарифи Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Исмоил ибн Муҳаммад ибн Али ибн Луқмон Насафий Ҳанафий бўлган. Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий  461-йилда Насаф шаҳрида туғилган.  Фиқҳда ҳанафия мазҳабида бўлгани эътиборидан ҳанафий, Насаф шаҳрида туғилгани эътиборидан Насафий нисбалари бўлган. Насаф шаҳри олдинлари Нахшаб деб ҳам аталган.  

Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ илм талабида турли ўлкаларни кезиб чиққан ва кўплаб устозлардан таълим олган.

Машҳур устозлари:

  • Абулюср Муҳаммад ибн Муҳаммад Паздавий Насафий;
  • Абу Муҳаммад Ҳасан ибн Аҳмад Самарқандий;
  • Али ибн Ҳасан Мотуридий;
  • Ҳусайн Кошғарий;
  • Абул Қосим ибн Баён. Бу зотдан Бағдодда таълим олган;

Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ кўплаб устозлардан таълим олган бўлиб, ҳатто у зот устозларининг исми шарифлари ҳақида “Таъдаду шуюхи Умар” номли алоҳида асар ҳам таълиф этган.

Машҳур шогирдлари:

  • Муҳаммад ибн Иброҳим Турбуштий;
  • Абу Лайс Аҳмад ибн Умар Насафий. Бу зот Умар Насафийнинг ўғли бўлган;
  • Умар ибн Муҳаммад ибн Умар Уқайлий. Ва ҳакозо булардан бошқа кўплаб машҳур шогирдлар етиштирган.

Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ тафсир, ҳадис, фиқҳ, усул, тарих, наҳв каби кўплаб илмлар бўйича етук олим бўлиб, юзга яқин китоб ёзган қомусий уламолардан ҳисобланади.

Асарлари:

  1. “Тайсир фит тафсир” (Тафсирдаги (маълумотларни) енгиллаштириш). Бу китоб уч мужаллад бўлган;
  2. Китобун нажаҳ фи шарҳи китоби ахбарис сиҳоҳ” (“Аниқ хабарлар китоби”ни шарҳлашдаги муваффақият китоби). Бу китоб “Саҳиҳу Бухорий”нинг шарҳидир;
  3. “Ақоидун Насафий” (Насафий ақидалари). Бу асар мотуридия таълимотидаги мўътабар матнлардан бири ҳисобланади.
  4. “Назму жомеис сағир фи фиқҳил ҳанафий” ( Ҳанафий фиқҳи ҳақидаги – “Жомеус сағир”нинг назмий баёни);
  5. “Тилбатут талаба” (Талабалар излаган маълумотлар). Бу китобда ҳанафий мазҳабининг фиқҳий истилоҳлари баён этилган;
  6. “Манзуматул хилофиёт” (Фарқли қарашлар ҳақида манзума). Бу манзума ўнта бобга ажратилган бўлиб, уларнинг саккизтасида Имом Аъзам ва у зотнинг машҳур мужтаҳид шогирдларининг фарқли қарашлари жамланган. Қолган иккитасида эса имом Шофиъий ва имом Моликларнинг қавллари келтирилган.
  7. “Қанд фи уламаи Самарқанд” (Самарқанд уламолари ҳақида “қанд”), яъни қанддек тотли маълумотлар;
  8. “Мавақийт” (Белгилаб қўйилган вақтлар);
  9. “Таъдаду шуюхи Умар” (Умарнинг устозлари ададларини санаш). Бу асарда муаллиф беш юздан ортиқ устозларининг исми шарифларини жамлаган;
  10. “Тариху Бухоро” (Бухоро тарихи);
  11. “Хосаису луғат” (Луғат хусусиятлари).

Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳнинг таълиф этган асарларининг умумий адади ҳақида  Имом Суютий Ибн Самъонийдан қуйидаги ривоятни келтирган: “Умар Насафий мўътабар имом бўлиб, турли илмлар бўйича кўплаб асарлар ёзиб қолдирган. У зотнинг тафсир, ҳадис, ва ҳакозо йўналишларда ёзган асарлари юзга етади”.  

Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳни Аллома Қосим ибн Қутлубуғо шундай таърифлаган: “У зот мазҳаб ва одоб орифи бўлган фақиҳ эдилар”.

Улуғ имом Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 537-йилда Жумадул-ула ойининг 12-куни, милодий ҳисоб билан 1142-йил 2-Декабрда  етмиш олти ёшда Самарқандда вафот этган. Машҳур Чокардиза қабристонига имом Абу Мансур Мотуридий ёнига дафн этилган.

Аллоҳ таоло Умар Насафий бобомизни Ўз раҳматига олиб, ётган жойларини жаннат боғларидан қилган бўлсин.  

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога  ҳамда у зотнинг аҳли оилаларию саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин.

Абдулқодир Абдур Раҳим

Read 7168 times

Мақолалар

Top