Мақолалар

“Ҳар бир лаҳза умримнинг сўнгги сониясидек ўтмоқда...”

Яқинда хизмат сафари билан йўлим Термиз томонга тушди. Тошкентга қайтишда поездга чиқдим. Йўл олис, шериклар билан суҳбат бошланди. Ўтирганлар турли мавзуларда гаплашиб борардик. Аммо, тўртинчи шеригимиз жим кетар эди. Савол билан уларга юзландим. Билсак, афғонистонлик экан. Ватанинггиз тинчми, деган саволим уни бироз ғамга ботирди. Савол бермасам бўлар экан, деб ўйлаб қолдим. Бироздан сўнг, ўзбек ва рус тилларини аралаштириб юрти ҳақидаги ҳикоясини бошлади:

Мен Қобулга яқинроқ қишлоқда тураман. Ёшим 50 да. Агрономман. 5 нафар фарзандим бор, бир нечта қора молим. Эсимни таниганимдан бери уруш алангаси ва қурол овози билан яшаяпмиз. Ҳар куни эрталаб ишга ёки юмушга кетар эканман, оилам билан видолашиб, улардан рози-ризолик олиб кетаман. Улар ҳам кўчага чиқса шундай қилишади. Эҳтимол сизларга эртакдек туюлар аммо, бугунгача юзга яқин портлаш ва отишмаларнинг гувоҳи бўлиб бир нечтасида яраланганман. Аёлимнинг икки оёғи йўқ, беш йил аввалги терактлардан бирида оёқларидан айрилган...

Шу пайт ўтирганлардан бири нега у ердан кўчиб кетмайсиз, тинчроқ жойларга дея савол берди. Афғонистонликнинг жавоби эса барчамизни ҳайратга солди. Уруш бўладими, портлашми нима бўлса ҳам у ер менинг ватаним. Ватан эса ташлаб кетиладиган буюм эмас. Афсуски, у ерда қурол кўтариб юрганларнинг аксариятининг дарди дин эмас, дарди пул. Мулозамат деб ўйламанг, сизлар чинакам бахтли ва бой одамсилар, тинч ва осуда юртингиз, меҳнатка одамларингиз, хотиржам оилангиз бор, биз учун бу орзу холос. Бизлар ҳар бир лаҳзани умримизнинг сўнги сонияларидек қайғуда ўтказамиз. Сизларда катта-катта тўйлар бизда эса тўйларда ҳам портлаш. Сизларда болалар шинам ва катта мактабларга боради, бизларда эса мактабнинг ўзи йўқ. Сиз мамлакатингизнинг бу бурчагидан у бурчагига бемалол, бехавотир борасизлар биз эса уйимизда хотиржам ўтира олмаймиз... Сизлар ҳақиқий омонликда, сакинатда яшаётган бахтиёр одамларсиз. Сизларга ҳавасим келади... Қани эди менинг юртим ҳам сизларникидек бўлса... Ҳозир ҳам ўзим сизлар билан кетяпман, юрагим, ҳаёлим ва ақлим оиламда, нима бўлди  экан, бомба тушмадимикан ёки отишмада қолмадимикан деган фикр ич-эимни тирнамоқда...

Шайх Муҳаммад Ғаззолий айтадилар: “Башар ўз ерига, гарчи у тап-тақир саҳро бўлса ҳам қаттиқ боғланади. Ватанни севиш инсон руҳиятидаги асл табиатдир. Ушбу табиат ватанда яшашда ҳузур-ҳаловат, ундан узоқ бўлинганда соғинч, ҳужум қилинганда мудофаа ва камситилганда ғазаб ҳисларини пайдо қилади”.

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Маккани ўз ихтиёрларисиз, мажбуран тарк қилиб, Мадинага ҳижрат этадилар. Ул зотни Маккадан қавмлари қуваётганди. Шунда Макка атрофларида Маккага хитоб қиладилар. Унинг тоғлари ва водийларига хитоб қиладилар. Кўчалари ва биноларига хитоб қиладилар. Маҳзунлик қалбларини эзиб, ёш кўзларига тўлиб, шундай хитоб қиладилар: “Қандай ҳам яхши шаҳарсан! Қандай ҳам менга севимлисан! Агар қавминг мени сендан қувмаганда сендан бошқада яшамасдим!” (Имом Термизий ривояти).

Бугун, тинч ва осуда ватанини арзимас мол-дунё ва хориждаги динни ниқоб қилиб олган, Ислом номидан гапириб ўзлари Исломда бўлмаган ёвуз ниятли турли экстремистик ташкилотлар, террорчи гуруҳлар ва ғаразгўйларнинг сарқит “садақа”сига алмашаётганлар учун доно халқимизнинг пурмано бир ҳикматини эслатиб қўймоқчимиз: “Кафангадо бўлсанг бўл-у, ватангадо бўлмагин...”

 

Саидаброр Умаров

Read 2354 times

Мақолалар

Top