Мақолалар

Ноодатий зарба

У танасига орқа томондан ёки ён тарафдан ўқ зарбаси келишига одатланиб қолганди.

Лекин уни хафа қилган, унга даҳшатли фожиа бўлиб таъсир қилган, жойида донг қотиб қолишига сабаб бўлган нарса — унинг юзига отишгани эди.

Гўё у овчига «Эй сайёд, бунчалар тошбағир ва аҳмоқ бўлмасанг! Юзимга отдинг-а! Юзимга ҳам отасанми?! Ахир бу юз шоирлар мақтаб ғазаллар битган юз эди-ку! Ахир бу кўз адиблар зарбулмасал қилган кўз эди-ку!» деб айтаётгандек.

Чунки, у юзига отишларига ҳеч ўрганмаган, бунга одатланмаган эди.

Айрим кимсалар ҳам бошқаларнинг қалбларига шунга ўхшаган ноодатий зарбаларни берадилар.

Аллоҳ таоло мўмин-мўминаларга озор берувчиларни ёмонлаб, шундай марҳамат қилган:

وَالَّذِينَ يُؤْذُونَ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ بِغَيْرِ مَا اكْتَسَبُوا فَقَدِ احْتَمَلُوا بُهْتَاناً وَإِثْماً مُّبِيناً

“Мўмин ва мўминаларга, улар бирор нарса қилмасалар ҳам, озор берадиганлар, батаҳқиқ, ўз устларига очиқ бўҳтон ва гуноҳни олибдилар” (Аҳзоб сураси, 58-оят).

Азизлар, бир-биримизга, қалбларимизга озор беришдан, уни синдиришдан сақланайлик! Унинг ўрнига бир-биримизни хурсанд қилишга уринайлик! Зеро, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Фарз амаллардан кейин Аллоҳга энг маҳбаб амал мусулмоннинг қалбига хурсандчилик киритишдир” деганлар. Имом Табароний ривояти.

Қаранг, бир диндош биродаримизнинг қалбига шодлик киришига сабаб бўлишимиз Роббимиз наздидаги маҳбуб амаллардан экан.

Аллоҳ таоло барчамизни дилозорликдан сақлаб, қалбларга хурсандчилик киришига сабаб бўлувчилардан қилсин!

 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Read 2701 times

Мақолалар

Top