Мақолалар

Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний

Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний Бухоро вилояти Ғиждувон Қалъасида 1103 йилда  туғилган, буюк мутасаввуф олим, нақшбандия тариқатининг ривожига муҳим ҳисса қўшган аллома, соҳиб каромат авлиё бўлиб,  Хўжаи Жаҳон(Жаҳон ҳожаси) номи билан бутун дунёга машҳур ва маълум. Унинг отаси Имом Абдулжамилдир. Имом Абдулжамил Имом Молик (713—795) авлодларидан ҳисобланади.

Имом Абдулжамил асли Румлик. Хожа Абдулхолиқнинг онаси  Малатия мамлакати подшоҳининг қизи бўлганлар. Хўжанинг қабри Ғиждувон шаҳрининг марказида. Онасининг оёғи томонида кўмилган. Шунингдек, Хожа Абдулхолиқ қабри ёнида Мирзо Улуғбек қурдирган мадраса
ҳозирги кунгача сақланган. Мақадларининг шимолида жомеъ масжиди ҳам қурилган.
Хожа  Абдухолиқ  илк таълимни отасидан олган, кейин эса Имом Садриддин қўлида тафсир илмини ўрганган. Хўжа Юсуф Ҳамадоний қўлида зикри қалб талқинини ўрганган.  Хўжа Аҳмад Яссавийдан  кейин  иршод  тахтига ўтирган. Хўжа ўзидан катта ижодий мерос қолдирган. Унинг “Васоя”, “Тариқат одоби”, “Аз гуфтори Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний”, “Мақомоти Юсуф Ҳамадоний” ёки “Рисолаи Соҳибия” каби  асарлари машҳур. Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний 1179 йилда Ғиждувонда вафот этган.  Хожа  Абдухолиқ  Ғиждувонийнинг  оталари  Шайх  Абдулжамил  бўлиб,  у  киши  Румдаги  буюк  намоёнда  олимлардан  бўлганлар.  Имом  Молик  ра  нинг  жияни,  Шайх  Ҳусайннинг  ўғлидирлар.  Фиқҳ  илмининг  соҳиби  бўлиб,  фиқҳ  мактаблари  очганлар. Хожа Абулхолиқ Ғиждувоний «Силсилаи шариф» даги  ҳалқанинг  ўнинчи  пиридир. 
 
ХОЖА АБДУЛХОЛИҚ ҒИЖДУВОНИЙ ЗИЁРАТГОҲИ
Буюк саркарда, соҳибқирон Амир Темур Хитой урушидан қайтгандан сўнг Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратларининг шарафларига атаб мадраса ва мақбара қуришликни ният қилади, аммо ниятини амалга ошира олмайди. Ёш бўлишига қарамасдан бобосининг ёнида юрадиган Мирзо Улуғбек бу эзгу ниятни амалга оширади. 1433 йилда ёш болаларнинг Қуръон ва ҳадис, фиқх ва тафсир илмларини ўзлаштиришлари учун “Улуғбек” номли мадраса, Ғиждувон шаҳрида кутубхона ва тошҳаммом қурдириб беради. Бухоро амири Абдуллахон Абдулхолиқ Ғиждувоний шарафларига атаб масжид, минора ва ҳовуз барпо этади. 
Собиқ шўро сиёсати бой маданий ва маънавий меросларимизни, муқаддас динимизни оёқ ости қилиб 1957 йилда ҳовуз кўмиб ташланади, масжид ва мадраса кимёвий модда ҳисобланган селетра, амафос сақланадиган омборхонага айлантирилади. Ҳазрат қабрларининг атрофи эса сомонбозор, ғаллабозор, эшаксаройга айлантирилади. Абдулхолиқ Ғиждувоний қабрлари атрофида қабристонлар пайдо қилиниб, инсонни ваҳима, қўрқувларга соладиган ҳолатларга келтирилади. Оллоҳга ташаккурлар бўлсинки, истиқлол шарофатидан юртимиздаги масжид ва мадрасалар қайтадан халқимиз ихтиёрига топширилди. Шунингдек, Абдулхолиқ Ғиждувоний жомеъ масжиди ва зиёратгоҳи ҳам ободонлаштирилди. 2003 йил Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратларининг 900 йиллик таваллудлари муносабати билан 2002 йилда муҳтарам юртбошимиз Ғиждувон шаҳрига ташриф буюрди. Натижада кенг кўламли ободончилик ишлари амалга оширилди. Жумладан, Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари қабрлари теппасида ўн устунли айвон янгидан барпо қилинди. Бу ҳазратнинг силсилаи шарифда ўнинчи ўринда турганликлари рамзий белгиси эди. Мақбара ёнида бир минг беш юз кишилик жамоани ўз ичига оладиган янги жомеъ масжид қуриб берилди. Шўролар даврида кўмиб ташланган ҳовуз ва қудуқ қайта очилди. Масжид ва мажмуа атрофида 4 гектарли кўркам хиёбон барпо қилинди. Бугунги кунда мўмин-мусулмон юртдошларимизга ва чет элдан келадиган сайёҳлар учун барча қулайлика ва шрт-шароитлар мавжуд. 
 
Мансуржон Нуруллаев
 
Read 4410 times

Мақолалар

Top