Мақолалар

Олимларнинг оналари фарзандига қандай тарбия беришган?

  Муҳаммад Ротиб Набулсий айтадилар: Бир куни ёшлик чоғимда онам менга: “Ҳалол сўзини икки лабинг очиқ ҳолда айта оласан-ми?”, деди. Ҳалол калимасини икки лабимни бир-бирига ёпиштирмаган ҳолда айтдим. Онам маъқуллаб, мени ўпиб қўйди. Сўнгра онам: “Ҳаром сўзини ҳам икки лабинг очиқ ҳолда айта оласан-ми?”, деди. Айтишга бир неча маротаба ҳаракат қилдим, лекин айта олмадим. Ҳафа бўлган ҳолда онамга: “Онажон, ҳаром сўзини айтишга кўп ҳаракат қилишимга қарамай, охирида икки лабим бир-бирига тегиб, ёпилиб қоляпти”, дедим. Онам кулиб: “Ўғлим, бу – ҳалол билан ҳаром орасидаги фарқдир. Ҳаром – бахтсизлик, ҳалол – бахт-саодатдир. Унутмагин, жон болам! Агар гуноҳ иш қилсанг, онангни лаблари ёпилиб, юзида маҳзунлик бўлади. Агар яхши амал қилсанг, онангни лаблари табассум ила очилиб, хурсанд бўлади. Онангни доим табассум ҳолида кўришни хоҳласанг, доимо ўзингга ҳалол ва яхши (амалларни) лозим тутгин!”, деди.

Катта бўлдим ва онамнинг “ажойиб табассуми” ни йўқотмасликка ҳаракат қилдим. Онам вафот этган вақтда, видолашиш учун олдига кириб, охирги марта пешонасидан ўпдим, онамни икки лаби очиқ, табассум ҳолида кўриб, ўзимга-ўзим: “Онажон, то сизга йўлиққунимча ҳалолда бўлишга ваъда бераман”, деб айтдим.

Болаларингизга бу “айб”, деб эмас, балки, “бу ҳалол” – Аллоҳ бундан рози бўлади, “бу ҳаром” – Аллоҳ бундан ғазаб қилади, деб таълим беринг! Токи одамлардан қўрқадиган авлод бўлиб эмас, балки Аллоҳ кузатиб туради деб, махфийда ҳам, ошкорада ҳам Аллоҳдан қўркадиган фарзанд бўлиб улғайсин.

Халқаро алоқалар бўлими

Read 2560 times

Мақолалар

Top