Мақолалар

Ториқ ибн Зиёд раҳимаҳуллоҳ

Уммавийлар халифалиги давридаги энг йирик саркардалардан бири Ториқ ибн Зиёд эди. Бу инсоннинг таваллуд санаси турлича келтирилади. Баъзи манбаларда 50-ҳижрий, милодий 670 сана дейилса, баъзиларида эса 57-ҳижрий, милодий 679 санада туғилгани келтирилади.

Валид ибн Абдулмалик халифалиги пайтида Шимолий Африкага Мусо ибн Нусайрни волий қилиб тайинлайди. Ториқ ибн Зиёд эса шу Мусонинг саркардаларидан бўлиб, унинг буйруғи билан Пиреней ярим оролидаги Андалусияни фатҳ қилишга юборилади.

711 йилда Ториқ ибн Зиёд раҳимаҳуллоҳ бошчилигидаги қўшин Ўрта Ер денгизини Атлантика уммони билан боғлайдиган Гибралтар бўғозини кечиб ўтиб, аввал Андалусияни, кейин 718 йилгача ҳозирги кунда Испания, Португалия, Андорра ва Гибралтар жойлашган Пиреней яриморолини тўла фатҳ этади.

Баъзи тарихий асарларда ушбу фатҳ асносида кеманинг ёқиб юбориш масаласи ҳам келтирилади. Ториқ ибн Зиёд қўшин билан бўғозни кечиб ўтиб, нариги қирғоққа етиб боришгач, ҳеч ким ортга қочмасин деган мақсадда ўзларининг кемасини ёқиб юборгани зикр қилинади.

Хусусан, машҳур географ олим Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Муҳаммад Идрисий қаламига мансуб “Нузҳатул муштоқ фий ихтироқил офоқ” китобида ушбу ҳодиса келтирган. Бу асар ўн иккинчи асрда ўзига хос дунёнинг жуғрофик қомуси ҳисобланган. Унда айтилишича, Ториқ ибн Зиёд раҳимаҳуллоҳ кемани ёқиб юборгач, қўшинга қуйидагича хитоб қилган:

“Эй инсонлар, қочадиган жой қани? Ортингизда денгиз, олдингизда эса душман. Сизларда фақат садоқат ва сабр бор. Сизлар ҳозир бу оролда етимлардан ҳам заифроқ ҳолдасиз. Душманингиз сизларни қўшин, қурол-аслаҳа ва кўп таомлар билан кутиб олди. Сизларда эса қиличлар бор, аммо таом йўқ. Сизлар таомга, фақат душман қўлидан тортиб олсангизгина эга бўласиз.

Агар сизлардаги етишмовчилик кунлари чўзиладиган бўлса ва бу орада бирор ишни амалга оширолмайдиган бўлсангиз, ҳайбатингиз, қувватингиз кетиб қолади. Натижада душман сизга журъат қила бошлайди. Шунинг учун бу золим ҳукмдорни йўқ қилиш орқали ўзингизни ҳимоя қилинглар. У ҳукмдор сизларнинг олдингизга ўзининг шаҳрини ташлади. Имкониятдан фойдаланинг. Мен сизларга ўзим қилмайдиган ишни айтмаяпман ва мен сизларни жонлар арзонга баҳоланадиган жойга ҳам олиб келмадим. Айтган гапларимни ўзим бошлаб бераман.

Билиб қўйинглар, агар бу ердаги машаққатларга бироз сабр қилсангиз, абадий лаззатга эришасизлар. Мўминларнинг амири Валид ибн Абдулмалик қаҳрамонлар орасидан сизларни танлаб олди. Унинг мақсади Аллоҳнинг калимасини олий қилиш, бу оролда Аллоҳнинг динини ёйиш орқали савобга эришишдир.

Билиб қўйинглар, сизларни чақираётган нарсамга биринчи бўлиб ўзим лаббай дейман. Икки қўшин учрашганда, иншаа Аллоҳ, ўзимни қавмнинг каттаси Родерикка ташлаб ҳужум қиламан. Сизлар ҳам мен билан бирга ҳужум қилинглар! Агар уни ўлдириб, кейин ўзим ҳам ўлсам, уни ўлдириш ишидан сизларни қутқарган бўламан. Бордию уни ўлдиришдан олдин ўзим вафот этсам, менинг қасдимни сизлар амалга оширинглар! Унга ҳужум қилиб, ўлдиринглар! Уни ўлдирсангиз, бу оролни эгаллаш ғамидан қутуласиз. Чунки, уни ўлдирганингиздан сўнг бу ердаги қавм бўйсунадилар”.

Ториқ ибн Зиёд ўз хутбасида мана бу оятни ҳам зикр қилиб ўтган: 

إِنَّ اللّهَ اشْتَرَى مِنَ الْمُؤْمِنِينَ أَنفُسَهُمْ وَأَمْوَالَهُم بِأَنَّ لَهُمُ الجَنَّةَ يُقَاتِلُونَ فِي سَبِيلِ اللّهِ فَيَقْتُلُونَ وَيُقْتَلُونَ وَعْداً عَلَيْهِ حَقّاً فِي التَّوْرَاةِ وَالإِنجِيلِ وَالْقُرْآنِ وَمَنْ أَوْفَى بِعَهْدِهِ مِنَ اللّهِ فَاسْتَبْشِرُواْ بِبَيْعِكُمُ الَّذِي بَايَعْتُم بِهِ وَذَلِكَ هُوَ الْفَوْزُ الْعَظِيمُ

“Албатта, Аллоҳ мўминлардан уларнинг жонлари ва молларини жаннат эвазига сотиб олди. Улар Аллоҳнинг йўлида жанг қиладилар, ўлдирадилар ва ўлдириладилар. Бу Тавротда, Инжилда ва Қуръонда Унинг зиммасидаги ҳақ ваъдадир. Аллоҳдан ҳам аҳдига вафодорроқ ким бор? Ким Аллоҳга берган аҳдига вафо қилса, бас, қилган савдоларингиздан шод бўлаверинг. Ана шунинг ўзи улкан ютуқдир”. (Ушбу савдо алоқасида Аллоҳ таоло харидору, мўмин инсон сотувчи. Мўмин-мусулмон бўлиш билан инсон ўз жони ва молини Аллоҳга сотади. Аллоҳ таоло эса мўмин мусулмон бандасига жонингни ва молингни Менинг йўлимга тиксанг, Мен бунинг эвазига жаннатни бераман, деб сотиб олади. «Албатта, Аллоҳ мўминлардан уларнинг жонлари ва молларини жаннат звазига сотиб олди», дегани шу маънони англатади. «Сотиб олди», яъни, савдо тугади. Шунинг учун ҳеч бир мўмин-мусулмон шахс савдони бузмасликка, Аллоҳга сотган жони ва молини беришга доим тайёр турмоғи лозим.) (Тавба сураси, 111-оят).

Ушбу фатҳ сабабли Пиреней ярим ороли мусумлонлар қўлига ўтиб, 8 аср давомида, аниқроғи 1492 йилгача у ерда халифалик ҳукм сурди.

Шу ўринда “Гибралтар” сўзи ҳақида тўхталиб ўтсак. Бу сўз аслида «Жабалут Ториқ» (Ториқ тоғи) бўлган. Қирғоқда жойлашган, баландлиги 426 метрли қоя «Ториқ тоғи» деб юритилади.

 

 

Кейинчалик «Жабалут Ториқ» жумласи бузилиб, Гибралтар кўринишини олган. Шунингдек, Ториқ ибн Зиёд раҳимаҳуллоҳ кечиб ўтган бўғозга ҳам Гибралтар номи берилган.

Бугунги кунда Гибралтар Британияга қарашли штат бўлиб, унинг 5 фунтлик банкнотида фотиҳ, саркарда Ториқ ибн Зиёднинг қилич кўтариб тургани тасвирланган. 

 

 

Ҳа, Ториқ ибн Зиёд раҳимаҳуллоҳ Андалусияда мусулмонларнинг 8 асрлик ҳукмронлиги бошланишига, баъзи жуғрофик жойлар унинг номи билан аталишига сабаб бўлди.

Аллоҳ таоло Исломни бутун дунёга тарқатиш йўлида жонини фидо қилганлар қаторида Ториқ ибн Зиёдни ҳам раҳматига олсин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Read 3075 times

Мақолалар

Top