Мақолалар

Аввал гуноҳдан сақлан!

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан сўрадилар: “Бир киши бор. Унинг яхши амаллари, нафл ибодатлари кам. Лекин, гуноҳ қилишдан қаттиқ тийилади. Яна бир киши бор. Яхши амаллари, нафл ибодатлари жуда кўп. Бироқ. гуноҳдан сақланмайди. Савобли амални ҳам, гуноҳни ҳам қилаверади.  Сизнингча, улардан қайси бирининг тутган йўли тўғри?”. Шунда ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Мен саломатликка ҳеч нарсани тенглаштирмайман”, дедилар. Яъни, гарчи яхши амаллари кам бўлсада, гуноҳи кам инсон яхшироқдир.

Ушбу ҳадисни шархида  Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратлари айтадилар: “Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг кўзлаган мақсадлари шуки, ҳар қанча нафл ибодат ва фазилатли амаллар кўп бўлсин, инсон ушбу амалларга суяниб қолиб гуноҳ ва қайтариқлардан қайтмас экан, у инсон қаттиқ алданибди. Инсон энг аввало савоб амални кўпайтиришга эмас, балки, гуноҳлардан сақланишга ҳаракат қилиши лозим. Чунки инсон нафл ибодатларни қилмагани учун гуноҳкор бўлмайди. Аллоҳни ҳузурида нажот топишига умид қилинади. Лекин, гуноҳдан сақланмагани учун уни нажот топишига ҳеч ким ёрдам беролмайди. Унинг мисоли бунга ўхшайди: Бир киши баданида қувват ҳосил қилиш учун қўшимча витаминлар, куч-қувватга сабаб бўлувчи турли хил таом ва озуқаларни истемол қилади. Бироқ, шу билан бирга ҳар куни озгина заҳардан ҳам аралаштириб ичиб туради. Бу одамнинг куч-қувватга тўлиши амримаҳол. Чунки заҳар ғолиб келади-ми ёки витаминлар ҳеч ким билмайди. Бошқа бир одам эса, қўшимча озуқалар емайди. Одатдагидек таом ва ичимликлари билан кифояланади. Шу билан биргаликда, заҳар ҳам ичмайди. Бу инсоннинг куч-қувватга тўлиб, бадани соғлом бўлиши аниқроқ бўлади”.

Ушбу насиҳатлардан маълум бўладики, гуноҳ ва маъсиятдан четланишнинг савоби, қўшимча ибодатлар, зикрлар қилишнинг савобидан улуғроқ экан. Қолаверса, кўпчилик ўйлаганидек, инсон фақатгина ибодатларни кўпайтириш билан Аллоҳга яқин бўлмайди. Нафлларни кўпайтириш билан савоб амаллари ёзиладиган саҳифани тўлдирмайди. Балки, гуноҳдан тийилиш билан ҳам улкан ажрларга эга бўлиши мумкин. Саҳобалардан бирининг ушбу гапи сўзимизга хужжатдир: “Ким кечаси намоз ўқишни ният қилса-ю, ухлаб қолса, кундузи гуноҳ қилмасин. Чунки гуноҳдан сақланишнинг ажри таҳажжуд намозининг ажрига тенг. Ким нафл рўза тутишни хоҳласа-ю, тутолмаса, тилини сақласин. Тилни беҳуда сўзлардан сақлаш нафл рўза тутганнинг ажрига ноил этади”.

Модомики, мақсадимиз Аллоҳнинг розилигини топиш экан, танлаган йўлимиз тўғри бўлиши керак. Тўғри йўл эса қуйидагичадир:

  1. Гуноҳларни тарк қилиш;
  2. Нафл ибодатларни тоқатимиз етганича бажариш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларни  нимадан қайтарган бўлсам, ундан йироқ бўлинглар. Нимага буюрган бўлсам, имкон қадар ўша нарсани бажаринглар..........”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Хулоса: Агар қилинадиган яхши амал қайсидир гуноҳни содир бўлиши эвазига бўладиган бўлса, у амални тарк қилиниши тўғри бўлади. Мисол учун, кимнидир ғийбат ёки шарманда қилиш ё обрўсини тўкиш орқали амру – маъруф қилинмайди. Қайсидир яхши ниятни амалга ошириш учун ёлғон гапирилмайди. Бирор мақсадга эришиш учун (гарчи ният яхши бўлиб, инсонларга манфаат етказиш бўлса-да) пора берилмайди.

          Аллоҳ таоло барчамизга гуноҳлардан сақланиш учун куч-қувват, савобли амалларга рағбат, ҳиммат ва муҳаббат берсин!

Ёрбек ИСЛОМОВ

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби.

 

 

Read 2881 times

Мақолалар

Top