Мақолалар

Улар яхшиликларга шошилишар эди

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Сулаймон алайҳиссалом ҳақларида шундай марҳамат қилган:

وَوَهَبْنَا لِدَاوُودَ سُلَيْمَانَ نِعْمَ الْعَبْدُ إِنَّهُ أَوَّابٌ

“Ва Биз Довудга Сулаймонни ҳадя қилдик. У қандай ҳам яхши бандадир. Албатта, у ўта қайтгувчидир” (Сод сураси, 30-оят). 

Аллоҳ таоло Айюб алайҳиссалом ҳақларида бундай марҳамат қилган:

إِنَّا وَجَدْنَاهُ صَابِراً نِعْمَ الْعَبْدُ إِنَّهُ أَوَّابٌ

“Биз уни сабрли топдик. У қандай ҳам яхши банда. Албатта, у ўта қайтгувчидир” (Сод сураси, 44-оят).

“Аввоб” сўзи “кўп тавба қилувчи”, “кўп тасбеҳ айтувчи”, “кўп зикр қилувчи” деган маъноларни билдиради.

Ҳа, Сулаймон алайҳиссалом оталари Довуд алайҳиссаломнинг  меросхўри сифатида подшоҳ бўлсалар ҳам молу мулк, бойлик, салтанат у кишини Аллоҳ таолони зикр қилишдан, Унга тасбеҳ айтишдан, эртаю кеч Унинг ёди билан яшашдан машғул қилиб қўймади.

Шунингдек, Айюб алайҳиссаломни мусибат, оғриқ, беморлик Аллоҳ таолони зикр қилишдан, Унга тасбеҳ айтишдан, эртаю кеч Унинг ёди билан яшашдан машғул қилиб қўймади.

Пайғамбарлар алайҳимуссаломнинг барчалари ана шундай эдилар. Аллоҳ таоло уларни “Албатта, у солиҳлардандир”, “У қандай ҳам яхши банда”, “Уларнинг ҳар бири сабр қилгувчилардандир”, “Албатта, улар яхшиликларга шошилишар эди ва Бизга рағбат ила ва қўрқиб дуо қилишар эди. Улар Бизга таъзим ила бўйинсунувчи эдилар” каби васфлар билан мақтаган. Улар бутун инсоният учу улкан ибрат эдилар.

Эй Роббим, бизни ҳам Сени доим зикр қилувчилардан айлагин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Read 2709 times

Мақолалар

Top