Мақолалар

Мавлиди набийни нишонлаш бидъатми?

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Алҳамду лиллаҳ васалату вассаламу ала расулиллаҳ Амма баъду.

Рабиъул аввал ойи кириб келиши билан барча уммати муҳаммадиянинг кўнглида ёқимли ҳис пайдо бўлади. Шундай бўлиши ҳам табиий, чунки бу муборак ойда Пайғамбаримиз с.а.в. таваллуд топганлар. Ҳар йили Рабиъул аввал ойи қайтиб келганидек, Аллоҳнинг раҳмати ўлароқ юборилган зот ҳам умматнинг ҳаётига қайтиб, унга мазмун баҳш этиб келадилар. Биз бу нарсани Рабиъул аввал ойи кириб келиши билан бутун дунё мусулмонлари бу муборак ойга бағишлаб турли хайрли тадбирлар ташкил этиш тараддудига тушишларида мушоҳада қиламиз. Кимлардир хонадонларида зиёфат дастурхони ёзиб, йиғилганлар маънавий озуқа ҳам олиб кетишлари учун Мавлиди шарифдан ўқишликни ташкил этса, яна кимлардир бу ойда одатдагидан кўра кўпроқ салавот айтишга ўтади. Илм даргоҳларида Пайғамбаримиз с.а.в.нинг сийратларига бағишланган кечалар, Қуръони карим мусобақалари ташкил этилса, халқаро миқёсдаги илмий ҳайъатлар, уламолар кенгашлари йирик-йирик илмий анжуманлар уюштирадилар. Буларнинг барчаси, Расулуллоҳ с.а.в.га бўлган ҳурмат ва муҳаббат ўлароқ, у зотнинг сийратлари ва суннатларини яна бир карра ҳаётга қайтариш мақсадида амалга оширилади. Мана шуларга умумий маънода Мавлиди набавийни нишонлаш деб қарайдиган бўлсак, бунинг шариатимизга ҳеч қандай зид томони йўқ.

Афсуски, баъзи бир мутаассиб кимсалар Мавлиди набийни нишонлаш Расулуллоҳ с.а.в.нинг даврларида бўлмаган бидъат, яъни ҳаром иш, уни қилган киши бидъатчи ва гуноҳкор бўлади, деб даъво қиладилар.

Биз айтамизки, тўғри, Мавлиди набийни нишонлаш бидъат, лекин яхши бидъат. Зеро, биз Расулуллоҳ с.а.в.га муҳаббатли бўлишга, у зотнинг йўлларига эргашишга, доимо у зотга салавот ва саломлар йўллашга буюрилганмиз. Гарчи бу амалларга мунтазам, ҳар доим амал қилиб келган тақдиримизда ҳам, Мавлид ойи кириши бизларни ушбу амалларни янада кўпайтиришимизга ва уларга аҳамиятлироқ бўлишимизга сабаб бўлади холос. Пайғамбар с.а.в. доимо нафл рўза тутишга одатланган бўлсаларда, душанба кунида рўза тутишга алоҳида эътибор берар эдилар. Бунинг сабаби сўралганда душанда куни таваллуд топганликлари ва шу куни пайғамбар бўлганликларини айтар эдилар. Шундан, душанба куни нафл рўза тутиш суннат бўлиб қолди. Шундай экан, нима учун Расулуллоҳ с.а.в. таваллуд топган ойларида у зотни кўпроқ эслаш, таржимаи ҳоллари бўлмиш Мавлидларини ўқиш, кўпроқ салавот айтиш мумкин бўлмасин?!

Қуйида Мавлиди набийни нишонлашни ёқлаган уламоларнинг сўзларидан намуналар келтирамиз. Шоят, Мавлид ҳақида салбий фикрда бўлиб юрганларга танбеҳ бўлса.

Жалолиддин ас-Суютий айтадилар: “Менинг наздимда аслида мавлид амалида одамларнинг тўпланиши, Қуръони каримдан қироат қилиш, Пайғамбар а.с.нинг таваллуд топганларида рўй берган мўжизалар ҳақида ворид бўлган хабарларни ривоят қилиш, кейин дастурхон ёзилиб, таомлардан тановул қилингач тарқалиб кетиш, буларнинг ҳаммаси бидъат ҳасана ишлардан саналиб, уни ташкил этганларга савоб бор. Чунки, бунда Пайғамбар с.а.в.ни улуғлаш, таваллуд топганлари учун ҳурсандчилик ва шодликни изҳор этиш бор”. У зот яна шундай дейдилар: “Қориларнинг имоми Ал-Ҳофиз Шамсиддин ибн ал-Жазарийнинг (арфу ат-таъриф билмавлид аш-шариф) номли китобида шундай сатрларни ўқидим: “Абу Лаҳаб вафот этгач уни тушда кўрилди ва унга: ҳолинг қандай? - дейилди. У: дўзахдаман, бироқ, ҳар душанба кечаси мендаги азоб енгиллатилади. Яна бармоғимни сўрсам сув чиқади. Бунинг боиси чўрим Сувайба менга пайғамбарнинг туғилгани ҳақида хабар олиб келганида ҳурсанд бўлганимдан уни чўриликдан озод қилиб юборганим ва у Муҳаммадни эмизгани учун, деб жавоб берди. Агарки, Пайғамбар с.а.в.нинг таваллуд топган кечаларида ҳурсанд бўлгани учун Қуръони каримда мазаммат қилинган кофир Абу Лаҳабга дўзахда шунчалик мурувват кўрсатилган бўлса, пайғамбарнинг туғилганидан ҳурсанд бўлган, борини унга бўлган муҳаббати учун Аллоҳ йўлида эҳсон қилган мусулмоннинг ҳоли қандай бўлиши мумкин. Бешак, Аллоҳ таоло уни ўз фазли билан жаннат неъматларига дохил этади”[ حسن المقصد في عمل المولد لجلال الدين السيوطي]

Ибн ал-Жавзий мавлид ҳақида шундай деганлар: “Унинг хусусиятидан бири ўша йили омонлик бўлади ва ният ҳамда мақсадлар тезда амалга ошиши ҳақида ҳушхабар бор”.[ السيرة الحلبية  تاليف علي بن برهان الدين الحلبي]

Ибн Ҳажар ал-Асқалонийга мавлид амали ҳақида савол берилганда у зотнинг айтган жавобларини Жалолиддин ас-Суютий келтирадилар: “Аслида Мавлид амали бидъат иш бўлиб, аввалги учта асрда яшаган салафи солиҳлардан бундай қилганлари нақл қилинмаган. Лекин, шунга қарамай унинг кўплаб яхши томонлари бор. Ким ана шу яхши томонларини қилса яхши бидъат жумласидан бўлади. Мен бунга асос бўладиган далилни ҳам топдим. У ҳам бўлса, Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган қуйидаги ҳадисдир: Пайғамбар с.а.в. Мадинага келган вақтларида у ердаги яҳудийларни Ашуро куни рўза тутаётганларини кўрдилар ва улардан бунинг сабаби ҳақида сўрадилар. Улар: бу кунда Аллоҳ таоло Фиръавнни ғарқ этиб, Мусога нажот берган. Шунинг учун биз Аллоҳга шукр қилиб рўза тутамиз, дейишди. Бундан шундай маъно келиб чиқадики, Аллоҳ таоло кимга бирор муайян кунда бирорта неъмат берган ёки балони даф этган бўлса, ўша куни Аллоҳга шукрона тариқасида яхши амал қилиш лозим бўлади. Бу кунда раҳмат пайғамбари бўлмиш зотни дунёга келишидан ҳам ортиқроқ неъмат борми?! Мана бу мавлидни нишонлаш учун нақлий далил саналади. Аммо, унда қилинадиган амалларга келадиган бўлсак, албатта, Аллоҳга шукрона бўладиган Қуръон тиловати, таом ва садақалар тарқатиш, пайғамбар а.с. ҳақларидаги қасида ва мадҳиялар ўқиш, охиратга савоб бўладиган амалларга тарғиб этиш каби амаллар билан ўтказиш лозим бўлади.[ حسن المقصد في عمل المولد لجلال الدين السيوطي]

Ас-Саховий айтадилар: “Аввалги уч асрда яшаган салафлар мавлидни нишонлашмаган, балки у кейинчалик пайдо бўлган. Шундан бери барча юртлардаги мусулмон аҳолиси мавлидни нишонлаб келадилар. Мавлид кечасида турли хилдаги садақалар чиқарадилар, мавлиди шарифдан ўқишга алоҳида эътибор берадилар ва бунинг натижаси ўлароқ уларда файзу баракотлар намоён бўлади”.[ السيرة الحلبية  تاليف علي بن برهان الدين الحلبي]

Ибн ал-Ҳож ал-Моликий айтадилар: “Рабиул аввал ойининг 12 душанба куни Аллоҳ таолога шукрона учун кўплаб ибодатлар ва хайриялар қилишимиз лозим. Зеро, у бизга беҳисоб неъматларини ато этгандир. Дарҳақиқат, неъматларининг ичида энг буюкроғи бу албатта, Пайғамбаримизнинг таваллуд топишларидир”.[ المدخل عن تعظيم شهر ربيع الاول  تاليف ابن الحاج] Яна шундай деганлар: “Пайғамбар с.а.в.ни улуғлашнинг бир кўриниши у зот таваллуд топган кечада ҳусандчилик қилиш ва мавлиди шарифдан қироат қилишдир”.[ الدرر السنية]

Ибн Обидин айтадилар: “Билингки, Пайғамбар с.а.в. таваллуд топган ойда мавлиди шариф ўтказиш яхши бидъатлардандир”. Яна шундай деганлар: “Мўъжизалар соҳиби бўлмиш зотга энг афзал салавотлар ва мукаммал саломлар бўлсинки, у зотнинг қиссаларига қулоқ солиш энг буюк қурбатлардандир”.[ شرح ابن عابدين على مولد ابن حجر]

Ал-Ҳофиз Абдурраҳим ал-Ироқий айтадилар: “Зиёфат ташкил этиш ва муҳтожларга таом улашиш ҳар вақтда ҳам яхши саналган амаллардандир. Айниқса, бу муборак ойда унга Расулуллоҳ с.а.в.нинг нурлари зоҳир бўлганлиги туфайли шоду ҳуррамлик уланса қандай ҳам яхшидир. Унинг бидъат эканлиги макруҳ бўлишига сабаб бўлолмайди. Зеро, қанчадан қанча яхши бидъатлар борки, уларга амал қилиш вожиб даражасига чиққандир”.[ شرح المواهب اللدنية للزرقاني]

Абу Шома (Имом Ан-Нававийнинг шайхи) айтадилар: “Бизнинг замонага келиб ҳар йили Пайғамбар с.а.в.нинг туваллуд кунларида садақалар ва кўплаб яхшиликлар қилиш, зийнат ва шоду ҳуррамликни изҳор этиш каби янгиликларни жорий этган кишилар қандай ҳам яхши иш қилдилар. Зеро, бундай қилиш ўша ишни қилган кишининг қалбида расулуллоҳга бўлган муҳаббатини намоён этади ҳамда бутун оламларга раҳмат қилиб юборган расулини вужудга келтиргани учун Аллоҳ таолога шукрона бўлади”.[ الباعث على انكار البدع و الحوادث  تاليف ابو شامة]

Аш-Шиҳоб Аҳмад ал-Қасталоний шундай дейдилар: “Қалбида марази бўлган кишиларга яна ҳам зиёда иллат бўлиши учун Пайғамбар с.а.в. таваллуд топган ойнинг тунларини байрам қилган кишини Аллоҳ раҳматига ноил айласин”.[ المواهب اللدنية]

Ал-Ҳофиз Шамсиддин бин Носириддин ад-Димашқий  айтадилар: “Абу Лаҳаб пайғамбар а.с. туғилганларида ҳурсандлигидан Сувайбани чўриликдан озод қилиб юборгани учун душанба куни дўзахдаги азоби енгиллатилади, деган хабар саҳиҳдир”[ مورد الصادي في مولد الهادي].

Мутаахир уламолардан аксарияти мавлиди набавияни нишонлашни ёқлаганлар. Жумладан;

Ҳасанайн Муҳаммад Махлуф – Азҳарнинг собиқ шайхларидан: “Нури Муҳаммадий чароғон этган мавлид ойи кечаларини бедор ўтказиш унда халойиқнинг энг яхшиси бўлмиш зотни вужуд оламида зоҳир этиб умматга катта неъмат ато этган зотни зикри ва шукри билан машғул бўлиш билан бўлади. Шукрни изҳор этиш эса, муҳтожларга ёрдам бериб уларнинг машаққатларини енгиллатиш, қариндошлар билан силаи раҳм қилиш каби ишларда намоён бўлади. Гарчи мавлидни нишонлаш Пайғамбар а.с. ва у зотнинг саҳобалари давридан қолмаган бўлсада, унга амал қилишнинг зарари йўқ, балки у яхши суннатлардандир”.[ حسين محمد مخلوف فتاوى شرعية و بحوث اسلامية]

Муҳаммад Аш-Шозилий ан-Найфар – Тунисдаги Ал-Аъзам жомеъсининг шайхи: “Аллоҳ таоло бизга ўзига муҳаббатли бўлишдан сўнг Пайғамбар а.с.га муҳуббатли бўлишни вожиб қилган экан, демак бу бизга пайғамбар а.с.га тааллуқли бўлган барча нарсани улуғлашни вожиб этади. Мавлид кунларини байрам сифатида нишонлаш ҳам шунинг жумласидандир”.[ محمد الشاذلي النيفر  مقالة احتفاء و تذكير]

Муҳаммад Мутаваллий Аш-Шаъровий: “Ушбу мавлиди каримга ҳурматан биз ҳар йили шу вақтда қалбимиздан шоду ҳуррамлик кайфиятини намоён этмоғимиз лозимдир”.[ على مائدة الفكر الاسلامي  تاليف محمد متولي الشعراوي]

Ал-Мубашшир Ат-Тарозий – Туркистон уламоларидан: “Турли хилдаги зарарли намойишлар кўпайган ҳозирги вақтда уларга қарши курашиш учун ҳам Пайғамбар с.а.в.нинг мавлиди шарифларини нишонлаш асосий вожиб амаллардан бирига айланди”.

Муҳаммад Улвий ал-Моликий: “Биз Пайғамбар а.с.нинг мавлиди шарифларини нишонлашни, у зотнинг сийратлари, ҳақларида айтилган мадҳияларни тинглаш, таомлар улашиб умматнинг қалбига сурур бахш этишни жоиз деб биламиз”.[ محمد علوي المالكي  حول الاحتفال بذكرى المولد النبوي الشريف]

Юсуф Ал-Қаразовий – Мусулмон уламоларининг бутун олам бирлашмаси раиси: “Расулуллоҳнинг таваллуд топган кунларини у зотнинг сийратларини, шахсиятларини, боқий ва умумий рисолатларини ўрганиш фурсатига айлантириш қандай қилиб бидъат ва залолат бўлиши мумкин”.[ موقع القرضاوي: الحتفال بمولد النبي و المناسبات الاسلامية]

Муҳаммад Саъийд Рамазон Ал-Бутий: “Расулуллоҳнинг таваллуд кунларини эслаб нишонлаш диний манфаат кўзланадиган ижтимоий ташаббусдир. Буни ҳозирги асрда ўтказиладиган бир қатор диний анжуманларнинг бири дейиш мумкин. Бироқ бундай байрамлар шариатда мункар саналган ҳолатлардан холи бўлмоғи лозим”.[ موقع البوطي: فتاوى عن المولد النبوي]

Нуҳ Ал-Қузот – Иордания собиқ муфтийси: “Шаксиз, Мустафо с.а.в.нинг таваллудлари биз учун Аллоҳ таолонинг фазли, бу умматга ато этилган энг тўкис неъматидир. Шундай экан, у зотнинг мавлидлари сабабли шод бўлишга биз ҳақлимиз”.[ موقع دار الافتاء الاردنية: خطبة جمعة بمناسبة المولد النبوي الشريف]

Али Жумъа – Мисрнинг собиқ муфтийси: “Пайғамбар а.с.нинг мавлидларини нишонлаш энг фазилатли ва буюк қурбат ҳосил қиладиган амаллардандир. Чунки, бу ҳурсандлик ва у зотга муҳаббатни ифодалашдир. Зеро, пайғамбар а.с.га нисбатан муҳаббат имон асосларидан биридир”.[ البيان لما يشغل الاذهان  تاليف علي جمعة]

Ваҳба Аз-Зуҳайлий: “Агар мавлиди набий Қуръони каримни ўқиш, Пайғамбар а.с.нинг ахлоқларини эслаш, одамларни ислом таълимотларига амал қилишга тарғиб этиш, фарзларни бажаришга ва исломий одобларга ундаш билан ўтказилса унда бу бидъат саналмайди”.[ الجزيرة تت: حلقة البدعة و مجالاتها المعاصرة مع الدكتور وهبة الزهيلي]

         Муҳаммад бин Абдулғаффор аш-Шариф – Кувайт вақф ишлари бош котиби: “Саййидул халоиқ с.а.в.нинг мавлидларини нишонлаш жумҳур уламоларнинг фикрича мустаҳаб ва бидъат ҳасана амаллардандир”.[ موقع الدكتور الشريف: رقم الفتوى 431 في حكم المولد النبوي]

Ҳомиджон Ишматбеков

ЎМИ фатво бўлими мудири

 

Read 2910 times

Мақолалар

Top