Мақолалар

Нишонга урилган гаплар: “Садақа – Аллоҳ таолонинг ғазаби ўчишига сабаб бўлади”

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.

 

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳдан «Қиёмат куни (азобнинг оғирлиги сабабли) энг қаттиқ қичқирадиган кимса ким?» деб сўралди. Шунда у киши: «Неъмат билан ризқланиб, Аллоҳга маъсият қилишда ўша неъматдан фойдаланган кимса» деб жавоб бердилар.

*****

Бир киши Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳдан «Қизимни кимга турмушга берай?» деб сўради. Шунда улуғ тобеин «Аллоҳдан қўрқадиганига бер! Агар яхши кўрса, икром қилади. Агар ёмон кўрса, зулм қилмайди» деб жавоб бердилар.

*****

Бир аъробийга ўлим келди.

Унга: “Қўрқмаяпсанми?” дейилди.

“Ўлимдан кейин нима бор?” деб сўради.

“Аллоҳга йўлиқиш” дейилди.

“Яхшиликни фақат Ундан кўрганим Зотга йўлиқишдан нега қўрқай?!” деди.

*****

САДАҚА:

  • Аллоҳ таолонинг ғазаби ўчишига;
  • Ёмон ўлимдан сақланишга;
  • Ризқ эшикларининг очилишига;
  • Беморнинг тузалишига;
  • Ғамнинг аришига;
  • Гуноҳнинг мағфират қилинишига сабаб бўлади.

*****

Ибн Халдун раҳимаҳуллоҳ: «Инсон ўзининг жоҳиллигини сезиши маърифатнинг турларидан биридир» деганлар.

*****

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳни ҳар гапимизга қўшиб, мақтанамиз. Бирорта ҳадисни ёддан билмаслигимизни кўрсалар нима дер эканлар-а?!

 

Интернет материалларидан тўплаб,

таржима қилувчи Нозимжон Иминжонов

Read 3147 times

Мақолалар

Top