Мақолалар

Фитнадан ким фойда кўради?

Охирги пайтларда мужтаҳид имомларга эргашиб, бирдамликда ибодатини қилиб юрган мусулмонлар жамоасини бўлиниб, турли хил қарама-қаршиликларни келтириб чиқариш авж олмоқда. Афсусланарли жиҳати шундаки, аввалдан бир-бирига дўст-биродар бўлиб яшаб келаётган жамият орасида арзимаган нарсалар эвазига катта фитна қўзғатиш, бу билан мусулмон жамиятини тарқоқ аҳволга олиб келиб кўзланаётгандек гўё. Аммо бундан ким манфаат кўради? Фитна, бўлиниш, тарафкашлик каби иллатнинг охири нимага олиб боради? Тарихдан ҳам бунга  кўплаб мисолларни келтириш мумкин.

Ана шундай фитна уюштирганлардан бири бу Умар розияллоҳу анҳунинг даврларида, Қуръонинг муташабиҳ оятларини одамлар орасида тафсир қилиб фитна қўзғатиб юрган Сабиғ ибн Асал исмли киши эди. Уни Умар розияллоҳу анҳу ҳаммага ибрат бўладиган тарзда жазолаган эдилар. 

Бу воқеани Имом Доримий раҳмутуллоҳи алайҳ ўзларининг «Сунан» асарларида қуйидагича ривоят қилган:

«Сабиғ (ибн Асал) Ироқий (исмли киши) мусулмон жангчилар ичида Қуръондаги турли нарсалардан сўрай бошлади. У Мисрга келганида Амр ибн Осс уни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга юборди. Чопар мактубни олиб кирган эди, уни ўқиб бўлиб:

«Бу одам қани?» деди.

«Юклар билан», деди у.

«Тез топ! Агар кетиб қолган бўлса, сенга аламли уқубат етади!» деди.

Уни олиб келди. Умар унга: «Нималар ҳақида сўрайсан», деди. У айтиб берди. Умар хурмо шохи сўраб, одам юборди. Ўша билан унинг орқасини уриб, яра қилди. Кейин уни қўйиб қўйди ва тузалганидан кейин яна урди. Сўнгра уни қўйиб қўйди ва тузалганидан кейин яна урди. Кейин уни яна уриш учун олдириб келди. Шунда у: «Эй мўминларнинг амири, агар мени ўлдирмоқчи бўлсангиз, чиройли қилиб ўлдиринг. Агар даволамоқчи бўлсангиз, Аллоҳга қасамки, тузалдим», деди. У киши унга ўз юртига кетишга изн берди ва Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳуга: «Мусулмонлардан ҳеч ким у билан ўтирмасин», деб мактуб ёзди. Бу ҳалиги одамга ниҳоятда оғир бўлди. Абу Мусо Умарга: «Унинг ҳоли яхши бўлди», деб ёзди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: «Одамларга у билан ўтиришларига изн беравер», деб ёзди».

Бу одам Бани Тамимлик Сабиғ ибн Асал бўлиб, Қуръондаги баъзи оятлардан ихтилофли муаммо чиқаришга уринар эди. 

Ҳазрати Умар кўрган чорадан кейин у юз кишининг олдига келса ҳам, ҳаммаси тарқалиб кетар эди. Мана шундай қилиб Умар розияллоҳу анҳу бу фитначини даволадилар.

Минг афсуслар бўлсинки, Қуръон, Суннат ва салафларга эргашиш даъвоси билан чиқиб, Сабиғ ибн Асалга ўхшаб уммат ўртасида турли тафриқа ва бўлинишни келтириб чиқарадиган сохта салафийлар диёримизда пайдо бўлиб қолди.

Аслида бу оқимнинг тарихига назар ташласак, улар ҳижрий тўртинчи, мелодий ўнинчи асрда пайдо бўлган. Бу ҳақида муҳаққиқ олим Абу Заҳро раҳмутуллоҳи алайҳ асарида шундай ёзади: «Салафийя деганда тўртинчи ҳижрий асрда пайдо бўлган тоифа тушунилади. Улар ҳанбалий мазҳабида бўлиб, «Бизнинг қараш ва фикрларимиз Аҳмад ибн Ҳанбалнинг фикрига бориб тақалади», дея даъво қилишарди. Сўнг орадан вақт ўтиб, аниқроғи еттинчи ҳижрий асрда бу даъвони Ибн Таймия яна қайта жонлантирди ва кўп масалаларда янгликлар киритди. Сўнг ўн иккинчи ҳижрий асрда Араб ярим оролида бу қарашлар яна қайта жонлантирилди. Бу ишни Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб амалга оширди».

Демак, салафийлар уч босқичли марҳаладан сўнг араб ярим оролида ўз фикр ва қарашларини ривождантирган. Бу фикр ва ғояларни 1970-1980 йилларда асли касби соатсоз бўлган, тайинли устозда таҳсил олмаган Носириддин Албоний исмли киши янада оммалаштирган ва ваҳобий деган номни салафий деган номга ўзгартирган.

Агар салафийларнинг асосчилари яшаб ўтган даврни кўрсак, ўша даврнинг буюк олимлари салафийлик ғоясини тарқатаётган оқим асосчиларига илмий раддиялар бериб, уларнинг йўллари хатолигини исбот қилишган. Жумладан, Ибни Таймияни ўз давридаги кўплаб олим, қози ва фақиҳлар танқид остига олган. У ўзининг нотўғри эътиқоди сабабли бир неча бор қамалган. Ҳатто Ибн Таймиянинг шогирди бўлган имом Заҳабий раҳмутуллоҳи алайҳ устозининг нотўғри эътиқоддан қайтишини сўраб унга мактуб ёзган. 

Агар салафийлик даъвосини яхшилаб ўрганадиган бўлсак, бу даъво пуч эканини билиш мумкин. Чунки, салафийлик даъвосини қилаётган кимса, «Бизнинг йўлимиз салафлар, яъни саҳоба ва тобеинлар йўли», дейди. Мантиқан олиб қаралса, бу асоссиз даъводир. Чунки, Аллоҳнинг каломи, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, саҳобаларнинг сўзини Ибн Таймия ёки Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб ёки Албонийдан кўра, имом Абу Ҳанифа, имом Молик, имом Шофеий ва имом Аҳмад раҳмутуллоҳи алайҳимлар яхши тушунишган. Ким мана шу тўрт мазҳабнинг бирига эргашса, ҳақиқий салафларнинг йўлини тутган бўлади. Салафийларнинг йўлига эргашиш эса, аслида саҳоба ва тобеинларнинг эмас, аксинча Албоний ва унга ўхшаган кимсаларнинг фикр ва қарашларига эргашишдир.

Интернет маълумотлари асосида
Қува тумани “Қўшкечик масжиди имом-хатиби
Бозорали Х
ОМИДОВ тайёрлади

 

Read 2338 times

Мақолалар

Top