Мақолалар

Умар Форуқ ва Ҳажарул асвад қиссаси

Саййидимиз Умар розияллоҳу анҳу шундай киши эдиларки, баъзи оятлар у кишининг истакларига мос равишда нозил бўлган эди. Одамлар Ҳажарул асвадни ўпаётганларини кўрардилар. Ўзлари ҳар гал ўша тошни ўпаётганларида “Аллоҳга қасамки, мен биламан, сен зарар ҳам, фойда ҳам беролмайдиган тошсан. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сени ўпаётганларини кўрмаганимда, мен ҳам сени ўпмасдим” дердилар.

Бу ривоятни Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насоий, Имом Ибн Можа раҳимаҳумуллоҳ ривоят қилишган.

У киши бу сўзлари билан одамларнинг эътиборини шаръий масаланинг аслига қаратишга, бизнинг динимизда тошга ибодат қилинмаслигига, ибодат Аллоҳ учун қилинишига, ўша тошни ўпиш эса қаердан келиб чиққанига қаратишга уринардилар.

Ҳа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг изни ва амри билан шаръий ҳукмларни жорий қилувчи эдилар. У зот алайҳиссаломга эргашиш эса бизга вожибдир. Баъзиларнинг “Мусулмонлар бут-санамга сиғинмайдию, аммо Каъбадаги тошни ўпишади” деган фитнали гапларига Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу мана шу тарзда жавоб берардилар. Биз учун тош эмас, Аллоҳ ва Расулининг амри муҳимдир. Биз тошни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўпганлари ва ўпишга амр қилганлари учун ўпамиз. Аллоҳ таоло бизга Ўзининг Расулига итоат қилишимизни буюрган.

Умар розияллоҳу анҳу аёлларга кўп маҳр берилаётгани ҳақида гапириб, уни оширмасликни айтганларида, бир аёл у кишининг сўзларини тўхтатиб, “Аллоҳ таоло Қуръонда “...Ва уларнинг бирига ҳаддан зиёд меҳр берган бўлсангиз ҳам, ундан ҳеч нарсани қайтариб олманг...” деган бўлсаю, сиз қандай қилиб кўп маҳр беришдан одамларни қайтарасиз?” деди. Бу гапни эшитган Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу кўп маҳр беришга яна рухсат бериб, “Аёл тўғри айтди, Умар хато қилди” дедилар. Бу ишлари билан Аллоҳнинг шариати олдида ҳеч ким катталик қилмаслиги кераклигини билдирдилар.

Демак, Ҳажарул асвадни ўпиш, маҳрни кўп миқдорда бериш каби масалаларнинг асл илдизи, асл манбаси бор. Одамлар биздан динимиздаги баъзи ишлар ҳақида сўраганда, уларга юқоридагидек асл илдизини баён қилиб беришимиз керак.

 

Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг

“Саҳобалар ва солиҳлар қиссаси” китоби асосида

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

 

Read 2888 times

Мақолалар

Top