Мақолалар

Бароқхон пештоқида нима ёзилган

Бароқхон мадрасаси Тошкентда қурилган ўзига ҳос меъморий иншоот ҳисобланади. Мадраса 1531-32 йилларда, яъни 16- асрнинг 2- ярмида бунёд этилган. Ҳовлиси атрофида ҳужралар ва ички тарафида пештоқ бўлиб, мадрасанинг ғарбий қисми бирмунча олдинга чиққан. Пойдевори тошдан, қалин деворлари турли ҳажмдаги пишиқ ғиштдан ишланган. Баъзи жойлари синчли. Бароқхон мадрасаси ўрнида дастлаб 2 та (катта ва кичик) мақбара бўлган. Кичик мақбарада Бароқхон қабри бор. Кейинчалик бино мадрасага айлантирилган. Иншоот бир неча бор зилзиладан шикаст кўрган. Кўп қисмлари қайта таъмирланган. Собиқ Иттифоқ даврида ушбу мадраса Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идораси биноси бўлган. 2007 йили Бароқхон мадрасаси тўлиқ таъмирланди. Пештоқлари ва гумбазлари қайта безатилди. Мадраса ўзининг маҳобати ва безаклари билан алоҳида таасурот қолдиради. Унинг киравериш пештоқига сулс хатида Қуръони Каримнинг “Оли Имрон” сураси 104- ояти битилган. Ёзувлар тепасига эса куфий хатида Мулк-Aллоҳники, Боқийлик – Aллоҳга ҳос калималари такрор-такрор битилган.

 

 

Таржимаси: “Меҳрибор ва раҳмли Aллоҳ номи билан (бошлайман). Сизлардан яхшиликка даъват этадиган, амри маъруф ва наҳйи мункар ишларни олиб борадиган(бир) уммат бўлсин! Aйнан улар (охиратда)нажот топгувчилардир”. (“Оли Имрон” сураси 104 оят)

Мадрасанинг икки ён томони юқори ва қуйи қисмида куфий ёзув хатида “Aллоҳ буюк” калимаси битилган.

 

 

Мадрасанинг ички ҳовлиси ғарбий  пештоқининг ўнг ва чап томонларига ҳам ёзувлар битилган.

 

 

Ғарбий пештоқнинг ўнг томонида  сулс хатида Қуръони Каримнинг “Шўро” сураси 38 ояти ёзилган. Тепасидаги куфий ёзувда эса “Мулк- Аллоҳники” калимаси такрорланиб келади.

 

 

Таржимаси: “Аллоҳ таоло айтди: “Улар Парвардигорларига ижобат этган ва намозни мукаммал адо этган зотлардир. Уларнинг ишлари ўзаро маслаҳат (билан) бўлур ва Биз уларни ризқлантирган нарсалардан (муҳтожларга) эҳсон қилурлар” (“Шўро” сураси 38 оят)

Пештоқнинг чап томонида эса сулс хатида хадис битилган ҳамда куфийда “Расуллуллоҳ саллолоҳу  алайҳи васаллам дедилар” дея икки марта ёзилган.

 

 

Ҳадис таржимаси: “Олимлар пайғамбарларнинг ворислари ҳисобланади. Пайғамбарлар дирҳаму динор (тиллаю кумуш)ни мерос қолдирмади. Улар илмни мерос қилиб қолдирган, ким уни (илмни) олса, улуғ насибага эришади” . (Сунан ат-Термизий. 2682 ҳадис; Сунан Абу Довуд. 3641 ҳадис)

Мадраса безаклари ва битикларини  ҳар бир кишини ўзига мафтун этади. Айниқса битиклар маъносини  тушунган киши аждодларимиз қолдирган ҳикматли илмларга тан беради.

 

 

Мақола ва расмлар муаллифи: Шаҳзод Шомансуров.

 

Read 4059 times

Мақолалар

Top