Мақолалар

Болаларда суннатга муҳаббат уйғотиш

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

قُلْ إِن كُنتُمْ تُحِبُّونَ اللّهَ فَاتَّبِعُونِي يُحْبِبْكُمُ اللّهُ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَاللّهُ غَفُورٌ رَّحِيمٌ

“Сен: «Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қилади ва сизларни гуноҳларингизни мағфират қилади», деб айт” (Оли Имрон сураси, 31-оят).

Биз Аллоҳ таолони яхши кўрамиз. Роббимиз ҳам бизни яхши кўришини истаймиз. Бунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишимиз, у зоти бобаракотнинг барча суннатларига ихлос билан амал қилишимиз керак.

Суннатга ўзимиз амал қилиш билан бирга фарзандларимизга ҳам суннатга амал қилиш муҳаббатини сингдиришга уринайлик!

Соч тараш: Фарзандингизнинг сочини тараётганингизда, сиз бу ишни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Кимнинг сочи бўлса, икром қилсин!” дея марҳамат қилганлари учун қилаётганинингизни унгу тушунтиринг!

Атир сепиш: Фарзандингизга атир сепаётганингизда, сиз бу ишни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиб қилаётганингизни, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам “Менга дунёдан аёллар, хушбўйлик севимли этилди. Кўзимнинг қувончи эса намозда қилинди” деганлари учун шундай қилаётганингизни англатинг!

Илм талаб қилиш: Болангизни мактабга кузатаётганингизда, унга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ким илм талаб қилиш йўлини тутса, Аллоҳ таоло уни жаннат йўлига йўллаб қўяди» деган ҳадисни эслатиб, у мактабга кетаётганида ниятини яхшиласа, Аллоҳ таоло уни жаннат йўлига йўллаб қўйишини билдиринг!

Табассум қилиш: Фарзандингизнинг юзига табассум билан қараганингизда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биродарингнинг юзига табассум қилиб қарашинг ҳам садақадир”, деб айтганларини эслатинг!

Ширин сўз: Болангизнинг бирор ишини мақтаётганингизда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ширин сўз ҳам садақадир” деганларига амал қилиб, ширин гапираётганингизни айтинг!

Косангиздаги ичимлик ёки таомни болангизнинг косасига солиб бераётганингизда, сиз бу ишни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Челагингдан биродаринг челагига сув қуйиб беришинг сен учун садақа” деган ҳадисларига амал қилган ҳолда бажараётганингизни тушунтиринг!

Катталарни ҳурмат қилиш: Ёши катта кишилар мажлисида фарзандингиз билан ўтирганингизда, болангизга катталарни ҳурмат қилишни буюраётганингизда, сиз бу ишни Пайғамбармиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Кичикларимизга раҳм-шафқат қилмаган ва катталаримиз қадрини билмаганлар бизлардан эмасдир» деган ҳадисларига биноан қилаётганингизни таъкидлаб қўйинг!

Шу тарзда фарзандларимизга қиладиган ишларини суннатга боғлаб қилишларини тез-тез эслатиб турайлик ва уларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларини гапириб берайлик! Токи улар болалигидан суннатга нисбатан муҳаббатли бўлиб улғайсин!

Аллоҳ таоло бизни суннатга эргашувчилардан қилсин! 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Read 2773 times

Мақолалар

Top