Мақолалар

Telegram мессенджери: янги имкониятлар, янги таҳдидлар

БУГУНГИ кунда telegram мессенджери интернет фойдаланувчиларини ўзига тобора жалб қилиб бораётган ахборот дастури ҳисобланади.

Мазкур дастур турли хил форматдаги матнли хабарлар ва медиафайлларни ўзаро алмашиш имкониятини беради. У дастлаб 2013 йил августда ишга туширилган. Маълумотларга кўра, ҳозирда мессенджернинг 100 миллиондан ортиқ фойдаланувчиси бор. Телеграм орқали миллиардга яқин хабарлар, медиафайллар жўнатилади.

2015 йилнинг сентябрь ойида мессенджерда чекланмаган сондаги обуначилар учун хабарлар, медиафайллар жўнатиш имко­ния­тини берувчи каналлар — чатлар очила бошланди. Канални интернетдаги янгилик лентаси ва б­логга ўхшаб кетадиган ахборот тарқатиш воситаси дейиш мумкин. Каналда тескари алоқа қилиш иложсиз, фақат жўнатилган хабарни қанча киши томоша қилганини билса бўлади.

Мессенджернинг фуқароларимиз, айниқса, ёшларимиз маънавиятига, алалхусус, барқарорлигимизга таҳдиди эҳтимолини ўрганиш мақсадида айрим каналларда тарқатилаётган маълумотлар ўрганилди.

Шуни қайд этиш керакки, Ўзбекистонда мессенджер фойдаланувчилари ўртасида канал юритиш оммалашиб бормоқда.

Мессенджернинг шахсларни ўзига кўпроқ жалб қилиш омиллари сифатида у орқали нафақат ўқиладиган, балки эшитиладиган, томоша қилинадиган маълумотларни тезкор суръатларда жўнатилишини кўрсатиш мумкин.

Мессенджерда республикамизнинг бир қатор юридик ва жисмоний шахслари, жумладан, оммавий ахборот воситалари, тижорат ташкилотлари, хонанда, актёрлар, машҳур шахслар ўз каналларини очган. Улар қаторида айрим нотаниш бўлган шахслар ҳам канал очиб, турли маълумотларни жойлаштирмоқда.

Айрим каналларнинг обуначилари сони 50-100 минг атрофида. Мисол учун 2016 йил 12 октябрь ҳолатига кўра, “DUBSMASH UZ” каналининг обуначилари сони 100 000 мингдан, “FAXRIM” каналининг обуначилари сони 85 000 дан, “UzNewVideo” каналининг обуначилари 70 000 дан, “EngQiziqarli TV” каналининг обуначилари 66 000 дан, “MyTubeUz”, “Video.uz”, “Millioner_Uz”, “Uz_Music Bass” каналларининг обуначилари сони 50 000 дан кўп.

Ахборот тарқатиш имконияти, тезлиги, обуначилари сони жиҳатидан мессенджер каналлари республикамиздаги аксарият журнал ва газеталарга нисбатан солиштириб бўлмайдиган даражада устунликка эга. Мессенджер канали орқали маълумотлар 24 соат давомида келиб тушади. Телефон доимо ёнимизда бўлганлиги сабабли маълумот билан танишишнинг қулайлиги унинг ўзига хослигини белгилайди.

Санаб ўтилган ҳолатлар амалда мессенджер каналлари расман ОАВ ҳисобланмаса-да, ОАВдан кўра катта таъсирга эга эканига шубҳа йўқ. Бироқ қонунчиликда ОАВ фаолияти ҳуқуқий тартибга солинган, мессенджер учун эса бундай деб бўлмайди.

“Ҳуррият” газетасининг 2016 йил 39-сонида келтирилган қуйидаги фикрларга эътиборингизни қаратмоқчиман: “Ҳеч ким таш­қи кучлар томонидан ижтимоий тармоқлар, мессенджерлардан ўз мақсади йўлида фойдаланмайди, деб кафолат бера олмайди. Шундай гуруҳлар, каналлар борки, унда асосан фаҳш фоторасмлар, видео лавҳалар жойлаштирилмоқда. Бу маънавияти, маданиятида қуср бўлган шахсларни ўзига жалб қилиш учундир. Айнан шундай тоифа кишилар ўзларига жавоб бера олмайди. Ке­йинчалик бундай каналларда сиёсий мавзуга тааллуқли маълумотлар тарқатилиши ва гуруҳ аъзоларининг фикрини ўзгартиришга, маълум бир йўналишга солишга ҳаракат қилиниши мумкин”.

Мессенджерда тарқатилаётган айрим маълумотлар Ўзбекистон Республикаси “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги Қонунида назарда тутилган шахснинг, жамиятнинг, давлатнинг ахборот борасидаги хавфсизлиги талабларига мутлақо зиддир.

Ўтказилган кузатишлар шуни кўрсатадики, айрим каналларда қонунчилигимиз, маънавиятимиз, ахлоқимизга қарши материаллар, жумладан, порнографик материаллар жойлаштирилмоқда.

Мессенджер шу пайтга қадар кенг оммага тарқатиш мумкин бўлмаган барча турдаги ижтимоий нормаларга зид бўлган “ҳикоя­лар”ни тарқатиш учун ҳам “ахборот майдони” сифатида шакл­ланиб улгурди.

Мисол учун, “EngQiziqarli TV” каналида (12.10.2016 й.) жойлаштирилган ҳикоялардан бири “Hammaga salom Man ismim Diyora...” деб номланиб, унда ёш аёлнинг курсдоши билан бўлган ҳаёсизлик ҳолатлари ҳикоя қилинган.

 “KamYob Fotolar TV” каналида жойлаштирилган “Akamni xotini kenayim bilan”, ёки “Ammam bilan...”, ёки яна бир каналдаги “Boshlig”im bilan ishxonada” номли ҳикояда шаҳвоний муносабатлар баён қилинган.

Мазкур мазмундаги бошқа материаллар нафақат канал обуначилари сонини кўпайтиришга, балки ижтимоий онгга, маънавия­тимизга қарши қаратилган. Келтирилган ҳикоялар тагзамирида биз учун муқаддас ҳисобланган қадриятлар, фазилатларни, одоб-ахлоқ, қариндошлик алоқаларида, оила муҳитида ўзини тутиш меъёрларини нафақат бузиш, балки шундай ҳолатлар мумкин экан ва бу унчалик шармандали ҳолат эмас, деган тасаввурни одамлар онгига сингдиришга қаратилган маънавий қўпорувчилик турибди. Бундай турдаги “ҳикоялар”ни тарқатиш орқали шаклланган юриш-туриш тарзини (стереотипини) ўзгартириш, ўта жирканч ҳолатлар деб қабул қилинадиган ҳодисаларни оддий ҳолатга айлантиришга қаратилган тарғибот ётибди.

Кузатувлар шуни кўрсатадики, аксарият ахлоққа зид бўлган ҳикоялар, расмлар, бошқа медиа­файллар бир қанча каналларда жойлаштирилган, бир каналда такрор-такрор келтирилган ҳолатлар жуда кўп. Умуман материалларнинг, жумладан, реклама хабарларининг каналларда жойлаштирилиши ва кўплаб такрорланишидан бу каналларнинг, хусусан, уларни бошқараётган шахс­ларнинг ўзаро алоқадорлиги тўғрисида таҳмин қилиш мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 189-моддасида порнографик маҳсулотни тар­қатиш, реклама қилиш, намо­йиш этиш мақсадида тайёрлаш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, худди шунинг­дек уни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш учун, 1891-моддасида зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида тайёрлаш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, худди шунингдек уни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш учун жавобгарлик белгиланган. Бундай қилмишлар маъмурий жазо қўлланганидан сўнг содир этилган тақдирда Жиноят кодексининг 130 ва 1301-моддаларида жиноий жавобгарлик ҳам назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонунининг 5-моддасига кўра, ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири ёшларни ахлоқий негизларни бузишга олиб келадиган хатти-ҳаракатлардан, терроризм ва диний экстремизм, сепаратизм, фундаментализм, зўравонлик ва шафқатсизлик ғояларидан ҳимоя қилишдир.

Мессенджердан террорчи ташкилотлар алоқа, тарғибот воситаси сифатида фойдаланилганлик ҳолатлари маълум. Интернетда келтирилган маълумотларга кўра, Бельгия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари вакиллари террорчилар томонидан ёшларга асосан мессенджердан фойдаланиб таъсир этаётганлигини кўрсатишган.

The Wall Street Journal нашрининг жорий йил 20 октябрдаги сонида чоп этилган Стейси Мейхтри ва Сэм Шехнернинг мақоласида террорчилар Францияда содир этилган ва режалаштирилган террорчилик ҳаракатларида ҳам ушбу воситадан фойдалангани баён қилинган.

Мессенджер дастури асосчиси Павел Дуров ўз твиттерида террорчиларнинг 660 дан ортиқ каналлари ёпилганини ва маълумотлар келиб тушганда кунига 5-10 та каналлар ёпилаётганини таъкидлаган.

Бугун ҳеч кимга сир эмас айрим хорижий махсус кучлар томонидан ўзга мамлакатларда амалга оширилган давлат тўнтаришларида (“араб баҳори”, “ранг­ли инқилоблар” ва бошқалар) замонавий ахборот технологияларидан, жумладан, интернет, турли ижтимоий тармоқлар (фейс­бук, твиттер), мобил алоқадан самарали фойдаланилган. Мамлакатимизга нисбатан салбий таъсир кўрсатиш ниятида бўлган кучлар ўз ғараз мақсадлари йўлида мессенджер имкониятларини ҳисобга олиши мумкин. Мисол учун, обуначилари кўп бўлган муайян бир каналда сиёсий масалаларга оид материаллар тарқатила бориб, кейинчалик уларни маълум бир жойга йиғишга чорлаш мумкин.

Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, республикамиздаги айрим давлат органлари хизматчилари томонидан иш фаолиятида мессенджердан фойдаланмоқда. Албатта, бундан мақсад иш суръатларини ошириш. Бироқ айрим турдаги маълумотларни мессенджер орқали жўнатиш хавотирлидир. Баъзи хорижий мамлакатлар махсус кучлари томонидан фуқароларнинг мессенджердаги аккаунтига махфий тарзда кира олганлик ҳолатлари мавжудлиги бу йўналишда маълум қоидалар ишлаб чиқилишини тақозо қилади.

Юқоридагиларни умумлаштирган ҳолда қуйидаги хулосаларни чиқариш мумкин:

биринчидан, мессенджердан, жумладан, очилган айрим каналлардан ғайриқонуний, ахлоққа зид мақсадларда фойдаланилмоқда. Айрим мавзуларда тарқатилаётган материаллар жамият маънавий-мафкуравий асосларини емиришга қаратилган;

иккинчидан, мессенджернинг республикамиз ҳудудида ахборот воситаси сифатида мавқеи куча­йиб бормоқда;

учинчидан, террорчилар томонидан республикамизга нисбатан душманлик ҳаракатини амалга оширишда, жумладан, тарғибот қилиш, одам ёллашда мессенджердан фойдаланиши эҳтимоли истисно этилмайди;

тўртинчидан, мессенджердан хорижий кучлар томонидан сиёсий мақсадларда, жумладан, ижтимоий онгга салбий таъсир қилиш, ҳатто сайловларга таъсир қилишда ишлатиш эҳтимоли йўқ эмас;

бешинчидан, мессенджер ва унга ўхшаш ахборот воситаларини назорат қилиш стратегик вазифа сифатида қаралиши ва бунинг учун тегишли ҳуқуқий асослар, инфратузилма шакллантирилиши ва доимий тарзда такомиллаштирилиши зарур.

Мессенджер ва бошқа шунга ўхшаш ахборот дастурларидан ғайриқонуний, ахлоққа зид мақсадларда фойдаланишнинг олдини олиш мақсадида давлат органлари томонидан комплекс чоралар кўрилиши лозим. Бу дас­турда, жумладан, қуйидагиларни кўзда тутиш мақсадга мувофиқ:

  1. Масалага оид қонунчилик базасини хатловдан ўтказиш, таҳлил қилиш ва такомиллаштириш бўйича таклиф киритиш. Хусусан, барча турдаги мессенджерларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаш қоидалари ишлаб чиқилиши ва жорий этилиши масаласини кўриб чиқиш.
  2. Мессенджер орқали порнографик ва бошқа қонунга зид материаллар тарқатган, жумладан, канал очиб тарқатган шахсларни қатъий жавобгарликка тортиш масаласида барча чораларни кўриш.
  3. Мессенджердан ғайриқонуний, ахлоққа зид мақсадларда фойдаланишнинг олдини олишга йўналтирилган кенг кўламли тарғибот ишларини амалга ошириш. Жумладан:

мессенджердан ғайриқонуний мақсадларда фойдаланганлик учун жавобгарликка тортилган шахслар ва бундай ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган махсус ҳужжатли фильм, видеороликлар ишлаб чиқиш ва уларни барча марказий телеканалларда бериш;

олий ўқув юртлари, ўрта-махсус, касб-ҳунар таълим муассасалари, мактабларда махсус йиғилишлар ўтказиш, мессенджердан салбий мақсадларда фойдаланишга мойил бўлган талабалар, ўқувчилар билан профилактик суҳбатлар ўтказиш.

  1. Давлат хизматчилари томонидан мессенджердан хизмат фаолиятида фойдаланиш бўйича маълум талабларни ўрнатиш.
  2. Мессенджердан ғайриқонуний, ахлоққа зид мақсадларда фойдаланишнинг олдини олиш борасида хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш ва уни республикамизга фаол жорий этиш зарурдир.

 

Худоёр МЕЛИЕВ,

Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи

 

 

Read 6100 times

Мақолалар

Top