Мақолалар

Диний бағрикенглик диёри

Инсоният тарихига назар ташласангиз, қайси жамиятларда аҳиллик, биродарлик, ўзаро ҳамжиҳатлик жорий бўлса, уларда тараққиёт, равнақ ва эл осойишталиги-ю фаровонлиги ҳукм сурган. Аксинча, қай бир жамиятда муросасизлик, ноаҳиллик, ўзаро хусумат кучайса, бундай жамиятларда уруш ва можаролар авж олган, юрт вайрон, эл пароканда бўлган. Аллоҳ таоло бандаларини урушишга, бир-бирларининг қонини тўкишга, можаролар чиқаришга эмас, балки аҳилликда, бир-бирларига бағрикенгликда, ўзгаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурматлаган ҳолда яшашга буюрган. 

Мулло Али Қорининг “Мирқот ул-масобиҳ” асарида келган хабарда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Барча дин аҳлига хайру-эҳсон қилингизлар” (Имом Ибн Абу Шайба ривоят қилган). 

Динлараро бағрикенглик ғояси нафақат диндорларнинг, балки бутун жамият аъзоларининг эзгулик йўлидаги ҳамкорлигини назарда тутади ҳамда тинчлик ва барқарорликнинг муҳим шарти ҳисобланади. 

Ҳазрати Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юксак инсоний табиатли диний эркинлик тўғрисидаги кўрсатмаларига у зотдан кейинги ислом ҳукмдорлари ҳам қатъий амал қилишди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Байтул-Мақдис (Қуддус)га фотиҳ сифатида кирганларида у ернинг масиҳий аҳолиси яҳудийлар билан шаҳарда бирга яшамасликларини шарт қилиб қўйишади. Шунда у киши бунга рози бўладилар. Ваҳоланки, Умар ибн Хаттоб Қуддусни фатҳ қилган, бу шартни қабул қилмасликлари мумкин эди. У киши “Қуддус ул-кубро” черковида турганларида аср намози вақти кириб қолди. Шунда бўлган таклифларга ҳам қарамай, у ерда намоз ўқишдан бош тортдилар. Сабаби, мусулмонлар буни далил қилиб олиб, черковни масиҳийлардан тортиб олиб масжид қилиб олмасликлари учун шундай қилган эдилар. 

Ислом динига кўра, бошқа эътиқодда бўлган аҳли китобларнинг ибодатхоналари ҳам худди масжидлар каби ҳимояга олинади, уларни бесабаб бузиш ёки бирор зарар етказиш динимизга кўра тақиқланади. Ўтмишда Бағдод ва Дамашқ мадрасаларида аҳли китоблардан кўплаб мударрислар таҳсил беришган. Ҳатто айрим ислом ҳукмдорларининг хос табиблари ва котиблари насроний ёки яҳудийлардан бўлган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида: “Ким аҳли зиммага бирор заҳмат етказса, қиёмат куни Мени ўзининг душмани сифатида кўради” (Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, “Муснад”). 

Имом ал-Вокидий ва Ибн Асокир Абдуллох ибн Абу Худрад ал-Асламийдан ривоят киладилар: «Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу билан Жобияга келдик. У аҳли зиммадан бир чолнинг таом тиланиб юрганини куриб колиб, унинг кимлигини суради. «У аҳли зиммадан, ёши улғайиб, заифлашиб ғолган», дейилди. Умар унинг зиммасидаги жизяни бекор қилди. Кейин: «Ундан жизя олиб, заифлашган чоғида таом тилантириб қўйдингизми?!» деб, Байтул – молдан ўн дирҳам нафақа жорий қилди. Унинг оиласи бор эди». 

Буюк аллома, мотуридия ақидавий йўналиши асосчиси Абу Мансур ал‑Мотуридийнинг асарларида ҳам бағрикенглик ғоялари баён қилинган. Жумладан, Мотуридий  Қуръони карим оятларининг тафсирига бағишланган, ислом оламида жуда кенг танилган “Таъвилот аҳли сунна” асарида “Ҳаж” сураси 40-оят тафсирида: “Черков ва синагогаларни вайрон этиш ман этилади. Шунинг учун ҳам, мусулмонлар юртида шу давргача улар бузилмай сақланиб қолган. Бу масалада аҳли илм орасида ихтилоф йўқдир”, – деб қатъий таъкидлайди. 

Ислом қонунчилигининг энг нуфузли асосчиси, ватандошимиз Бурҳониддин Марғинонийнинг бутун мусулмон дунёсида ўрта асрлардан бошлаб шу давргача ислом қонунчилиги бўйича энг мўътабар манба ҳисобланувчи “Ҳидоя” асаридан айрим фикрларни келтирамиз: “Чунончи исломнинг бешта фарзидан бири бўлган “Закот”ни олишга ислом динига эътиқод қилувчилар ҳақли деб ҳукм чиқарилган бўлса, бошқа динга эътиқод қилувчилар ичида ҳам моддий ёрдамга муҳтож кишиларга хайр-эҳсон, садақанинг бошқа ҳамма турлари берилиши мумкин, деб ҳукм чиқарилади. Бунинг далили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Барча динларнинг аҳлларига садақа бераверинглар”, – деган ҳадисларидир ”. 

Мамлакатимиз том маънода диний бағрикенгликнинг тарихий меросхўри сифатида жаҳон ҳамжамиятида эътироф этилмоқда. Зеро, юртимизда доимо “диний бағрикенглик” ғояси илгари сурилган. Хусусан, диёримиздан етишиб чиққан  Замахшарий, Марғиноний, Мотуридийдек буюк алломаларимизнинг асарларида “диний бағрикенглик” ғояси, шу заминда яшовчи турли эътиқодга мансуб халқларни  юрт фаровонлиги йўлидаги интилишларини таъминловчи муҳим омил бўлиб келганлиги таъкидланади. 

Ислом ақидалари халқимиз урф-одатларига монанд келгани учун мусулмончилик турмуш тарзимизга чуқур сингиб кетган. Бинобарин, ўзбекларда инсоний бағрикенглик билан динлар­аро бағрикенглик табиатан ва­ моҳиятан ўзаро уйғундир.­

Дарҳақиқат, Ўзбекистон турли миллат ва диний эътиқодга мансуб одамлар юз йиллар мобайнида бир оила каби иноқ яшаб келаётган, дини, ирқи ва миллатидан қатъи назар, инсон шарафланадиган бағрикенг мамлакатдир. Айни шу заминда юз йиллар давомида дунё маданиятларининг катта миқёсдаги бир-бирини бо­йитиш жараёни рўй берган. 

XV аср бошларида Темур саройида бўлган Кастилия элчиси гувоҳлик беришича, Темур Самарқандда турли дин вакилларини йиғади, уларга илтифот кўрсатади. Бошқа манбаларда келтирилишича, Темурнинг ўғилларидан бири христианларнинг эҳтиёжларини қондириш учун масъул қилиб тайинланиб, у барча христиан мамлакатлари билан мавжуд алоқалар учун ҳам жавобгар эди. 

Мустақил ўлкамиз – Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат вакиллари турли динларга эътиқод қилувчи халқлар бўлиб, алҳамдулиллаҳ, тинч-омон, аҳил-иноқ яшаб келмоқдалар. Ана шу эзгулик ва тинчлик-осойишталик омили бўлган диний бағрикенглик тамойилларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга диёримизда алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Ҳақиқатан ҳам, юртимизда хилма-хил диний эътиқодга эга бўлган кишиларнинг бир заминда, бир ватанда, буюк ғоя ва соф ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашлиги – диний бағрикенгликнинг ёрқин намунасидир. 

Ўзбекистон ҳукумати диний бағрикенлик сиёсатини олиб бормоқда. Республикада ислом билан бир қаторда, 16та диний конфессияга мансуб ташкилотлар эмин-эркин фаолият кўрсатмоқда. Фуқароларнинг миллати, ирқи, динидан қатий назар, барча учун тенг ҳуқуқлар қонун орқали кафолатланган. Буни диёримизга очиқ қалб билан келаётган ҳар-бир меҳмон ўз кўзи билан кўрмоқда ва эътироф этмоқда. 

Диний бағрикенлик турли дин вакиллари эътиқодидаги мавжуд ақидавий фарқлардан қатъий назар, уларнинг ёнма-ён, ўзаро тинч-тотув яшашини англатади. Ҳар ким ўз эътиқодига амал қилишда эркин бўлгани ҳолда бу ҳуқуққа бошқалар ҳам эга эканини эътироф этмоғи лозим. 

Хулоса қилиб айтганда, халқаро ҳамжиҳатлик йўлида ҳар бир инсон, жамоа ва миллатлар башариятнинг турли-туман маданиятлардан иборат эканини англаши ва ҳурмат қилиши жуда муҳимдир. Бағрикенгликсиз демократия асослари ва инсон ҳуқуқларини  мустаҳкамлаб бўлмайди. Тинчликсиз тараққиёт ва демократия бўлмагани каби, бағрикенгликсиз тинчлик бўлмайди.


А.Наимов,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби ўринбосари

 

Read 4013 times

Мақолалар

Top