Мақолалар

Фарзандлик бурчи

Ота-онага яхшилик қилиш фарзанд зиммасига шариат фарз қилган бурч ҳисобланади.  Бу ҳақида Қуръони каримда шундай хабар берилган:

وَوَصَّيْنَا الْإِنْسَانَ بِوَالِدَيْهِ إِحْسَانًا

“Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик” [1].

Ушбу буйруқни адо этган фарзанднинг дунёда ҳам, охиратда ҳам кўплаб яхшиликларга эришиши ҳақида жуда кўплаб хабарлар келган.

عَنْ سَهْلِ بْنِ مُعَاذٍ، عَنْ أَبِيهِ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ بَرَّ وَالِدَيهِ طُوبَى لَهُ، زَادَ اللّهُ فِي عُمُرِهِ. رَوَاهُ أَبُو يَعْلَى وَالطَّبَرَانِيُّ

Саҳл ибн Муоз отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ота-онасига яхшилик қилса, унга “Тубо” бўлади, Аллоҳ унинг умрини зиёда қилади”, – дедилар”. Абу Яъло ва Табароний ривоят қилган.

Ушбу ҳадисдаги “Тубо”ни уламолар жаннат ва яхшилик маъноларда тушунтирганлар. Яъни ота-онасига яхшилик қилган фарзанд охиратда жаннат билан, дунёда яхшиликлар билан мукофотланади. 

Уламолар ота-онасига яхшилик қилган фарзанднинг умри зиёда қилинишини икки хил маънода тушунтирганлар:

  1. Умри баракали қилинади. Яъни ота-онасига яхшилик қилиш туфайли фарзанднинг умри баракали қилинади;
  2. Аллоҳ таоло бандаларнинг ажалларини олдиндан тайин қилган. Сўнгра уларни “Лавҳул маҳфуз” битиб қўйган. Унда битилган нарсалар асло зиёда ва кам бўлмайди. Аммо фаришталарда ҳам бандаларнинг умрларига тааллуқли бўлган саҳифалар бўлиб, бу саҳифалардаги ёзувлар доимо ўчирилиб, ёзилиб турилади. Шунга кўра ота-онасига яхшилик қилган фарзанднинг умри мазкур саҳифаларда зиёда қилинади.

Демак ота-онага яхшилик қилиш фарзанд учун дунёю охират саодатига сабаб бўладиган улкан имконият ҳисобланади. “Таёқнинг икки учи бор” деганларидай бу имкониятдан фойдаланмаслик оқибати аянчли бўлиши ҳам хабар берилган. Айниқса кекса ота-онанинг хизматларини қилиш қаттиқ таъкидланган:  

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ  رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ  صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ  يَقُولُ رَغِمَ أَنْفُهُ رَغِمَ أَنْفُهُ  رَغِمَ أنفه قِيلَ مَنْ يَا رَسُولَ اللهِ  قَالَ مَنْ أدْرَكَ وَالِدَيهِ عِنْدَ الْكِبَرِ أَحَدَهُما أَوْ كِلاَهُمَا ثُمَّ لَمْ يَدْخُلِ الْجَنَّةَ.  رَوَاهُ مُسْلِمُ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Бурни ерга ишқалсин, бурни ерга ишқалсин, бурни ерга ишқалсин”,  деяётганларини эшитдим. “Ким (нинг бурни ерга ишқалсин), эй Аллоҳнинг Расули ?”, – дейилди. У Зот: “Кекса ота-онасининг бири ёки ҳар иккаласи (билан бирга яшаш бахти)га эришган, сўнгра жаннатга кирмаган кимса (нинг бурни ерга ишқалсин)”, – дедилар”. Муслим ривоят қилган.

Демак ота-она фарзанднинг дунёга келишига сабабчи қилинганидек, фарзанднинг жаннатга киришига ҳам сабабчи қилиб қўйилган экан. 

Шунинг учун уламолар ота-онага яхшилик қилиш йўлларини бирма-бир батафсил баён қилиб қўйганлар. Шу маънода ота-онага яхшилик қилиш деганда асосан қуйидаги ишларни адо этиш тушунилади:

 – Ота-она хизматларини холис ният билан қилиш;

–  Ота-онани яхши кўриб улуғлаш;

–  Шариатда ман қилинмаган ишларда доимо уларга итоат этиш;

– Ота-она хурсанд бўладиган ишларни қилиш;

–  Ота-онадан олдин овқатланмаслик;

–  Ота-онанинг ҳузурига киришда ҳам, чиқишда ҳам салом бериш;

– Ота-онанинг олдида овозини баландлатмаслик;

– Ота-она учун молини сарфлаш;

– Ота-она яхши кўрадиган кишиларга ҳам яхшилик қилиш;

– Сафарга ота-онанинг дуоларини олиб чиқиш;

–  Ота-она шариатга мувофиқ қасам ичган бўлсалар уни адо этиш учун ҳаракат қилиш;

 – Ота-онанинг жаҳллари чиқадиган ишларни қилмаслик;

 – Ота-онани исмлари билан чақирмаслик;

–  Ота-онани камситадиган ишлардан сақланиш;

–  Ота-она вафот этганларидан сўнг ҳам уларнинг ҳақларини сақлаш.

Вафот этиб кетган ота-оналарнинг ҳақларини сақлаш қуйидаги ишлар билан амалга оширилади:

– Улар ҳаққига хайрли дуолар қилиб юриш;

  • Васиятларини адо этиш;
  • Уларнинг дўстларига яхшилик қилиб юриш;
  • Улар орқали бўлган қариндошлик алоқаларини сақлаш;
  • Улар номидан садақа қилиб туриш;
  • Уларнинг қабрларини зиёрат қилиб туриш.

Парвардигоро ота-она яхшилик қилишдек саодатни бизларга ҳам, фарзандларимизга ҳам доимо кўзларимиз қувончи қилгин.  

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога  ҳамда у зотнинг аҳли оилаларию саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин.

Абдулқодир Абдур Раҳим

 

[1] Аҳқоф сураси, 15-оят.

Read 13988 times

Мақолалар

Top