Мақолалар

Қизилиштон ҳақида нималарни биламиз?

Араб тилида қизилиштон “Наққорул хашаб” дейилади. Бунинг маъноси “Тумшуғи билан ёғочни урувчи” дегани. Ушбу қушнинг тузилиши ақлларни лол қолдиради. Аллоҳ таоло уни ажойиб имкониятлар билан яратган. Кўпчилигимиз бу қуш ҳақида эшитганмиз, аммо у ҳақида батафсил маълумотга эга эмасмиз. Қизилиштонни синчиклаб ўрганадиган бўлсак, ақлларни шоширадиган маълумотларга дуч келамиз.

Унинг тумшуғи ниҳоятда кучли ва метиндек мустаҳкам бўлиб, босимга чидамлидир. У худди пармалаш асбоби (дрел) каби ёғочни тешади.

Унинг тумшуғи кучлиликда, қаттиқликда, тезкор ҳаракат қилишда жуда ажойиб тузилишга эгадир.

Қизилиштоннинг бўйин умуртқаси анчагина бақувват. Тумшуқнинг бир маромда ритмик зарбалар бера олиши учун бўйин суяги мустаҳкам бўлмаслигининг иложи йўқ. Тумшуқ худди этикдўзнинг бигизи каби ишлайди.

Хўш, бу жонзот дарахтни қандай тешади?

Қизилиштон аввал дарахтга вертикал тарзда жойлашиб олади. Кейин унинг пўстлоғига бир маромда тумшуғини ура бошлайди. Бу уриш то дарахтнинг пўстлоғи билан ўзаги орасидаги қаттиқ қисмига етиб боргунча давом этади. Кўпинча дарахт пўстлоғининг остида, баъзан эса дарахтнинг қаттиқ қисми ичида ҳашарот ёки қурт бўлади. Қизилиштон ана шу ўлжага етиш учун дарахтни тешиб бораверади. Етиб боргач, уларни паққос туширади. Аммо шу кичик жонзот дарахтнинг муайян жойида ҳашарот ёки қурт борлигини қаердан билади? Албатта, унга ризқини топишни Аллоҳ таоло таълим бергандир.

 

 

Бу қуш жуда мустаҳкам бош суягига ҳам эга. Барча қушларда бош суяк тумшуққа бирлашиб кетган. Аммо қизилиштонда тумшуқ билан бош суяк бир-биридан алоҳида тарзда жойлашгандир.

Шунингдек, у тебранишларни ютадиган, ҳалокатларнинг олдини оладиган махсус амтортизатор билан таъминланган. Бу амтортизатор тумшуқ билан бош суяги орасидаги қалин тўқимадан иборат. Бу тўқима бошқа қушларда мавжуд эмас. Ўша қалин тўқима (губка) дарахтга зарба бериш пайтидаги ортиқча титрашларни ютади. Ушбу губка машиналарнинг амортизаторидан яхши ишлайди.

Унда тиконли симга ўхшаш узун ингичка тили бор бўлиб, бу тил ҳашаротларни тутиш осон бўлиши учун ёпишқоқ модда билан қопланган.

Унинг оёқлари кўпгина қушларнинг ингичка оёқларига ўхшамайди, қисқа, аммо бақувватдир.

Оёқларнинг бармоқлари худди қисқич каби иккитаси олд томонда, иккитаси орқа томонда жойлашган бўлиб, дарахт пўстлоғига маҳкам ёпишиб олиш учун қулайдир.

Қизилиштоннинг қуйруқ (дум) патлари қаттиқ ва ўткир ҳолатда бўлиб, бундай патлар дарахтда ўзига ин тешаётган қизилиштонни бир мувозанатда туришига сабаб бўлади.

Бу қуш ўз инини дарахтдан ковак очиб қуради. Ковак очиш жараёни унча-мунча қурувчи ва тешувчиларнинг ишидан ўзиб кетади.

У бир сонияда дарахтга тумшуғини 9-10 мартагача уради. Баъзи кичик турдаги қизилиштонлар эса бир сонияда тумшуғини 15-20 мартагача уриши мумкин. Албатта, у дарахтга шиддат билан зарба берар экан, баъзи талофотларга учраши керак эди. Аммо юқорида айтганимиздек, ундаги амартизатор ўша ҳалокатларнинг кўламини, ҳажмини пасайтиради.

Яшил қизилиштон ўзига ин қураётганда тумшуғининг тезлиги соатига 100 км бўлади. Аммо бу тезлик унинг миясига салбий таъсир қилмайди.

 

Бу қуш дарахтга тумшуғини ура бошлаганда, боши ва тумшуғи бир текис чизиқ бўйлаб ҳаракатланади. Озгина номутаносиблик ҳам миясининг мажақланиб кетишига олиб келиши мумкин.

Шу ўринда яна бир гап: қизилиштон тумшуғи билан дарахтга зарб беришдан ҳосил бўладиган фаразий ҳалокатнинг ҳажми инсон боши билан бетон ерга урилишидан ҳосил бўладиган ҳалокатга тенг. Аммо қизилиштон ўзидаги амортизация сабабли ҳеч қандай жароҳат олмайди. Ҳар бир зарбнинг орасидаги вақт сониянинг 1000 дан 1 улушичадир.

Танага ташқаридан ортиқча юкнинг тушиши лотинча g (жи) ҳарфи билан белгиланади.

Космонавтлар космик кемада Ер атмосферасига кираётган пайтда уларнинг танасига 3-4 g оғирликда юк тушади.

Парашютда тушаётган одам парашюти очилган лаҳзада унинг танасига 10 g оғирликда юк тушади.

Энди мана бунга эътибор беринг: қизилиштон тумшуғи билан дарахтга уриб, ковак очаётган пайтда унинг бошига 1000 g оғирликда юк тушади. Бу Аллоҳ таолонинг унга ато этган неъматидир.

Дарахт танаси ичидаги тешикнинг киришга перпендикуляр равишда узун вертикал ўтиш жойи қазийди. Ушбу ўтиш жойининг узунлиги 30 см атрофида бўлади. Унинг пастида эса урғочи қизилиштон яшайди. У тахминан 4-7 та тухум қўяди.

Қизилиштон одатда қариган дарахтлари бор ўрмонларда яшайди. У мана шу эски дарахтлардан ўзига емиш ахтаради.

Эркагининг бошида қизил рангли патлар урғочисиникига нисбатан кўпроқ бўлади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

 صُنْعَ اللَّهِ الَّذِي أَتْقَنَ كُلَّ شَيْءٍ إِنَّهُ خَبِيرٌ بِمَا تَفْعَلُونَ

“Бу ҳар бир нарсани пухта қиладиган Аллоҳнинг санъатидир. Албатта, у нима қилаётганингиздан хабардордир” (Намл сураси, 88-оят).

Ҳа, қизилиштон мураккаб тузилишдаги жонзот. Унда тешиш, пармалашга керак бўладиган барча жиҳозлар бор. Мустаҳкам суяклар, ортиқча зарба ва титрашларни ўзига ютувчи махсус қалин тўқима, пишиқ ва қаттиқ тумшуқ, тумшуқ узунлигида ингичка, учи ёпишқоқ тил...

Аллоҳ таоло бошқа бир оятда бундай деб марҳамат қилган:

سَبِّحِ اسْمَ رَبِّكَ الْأَعْلَى الَّذِي خَلَقَ فَسَوَّى

“Олий қадар бўлган Роббинг исмини поклаб ёд эт. У яратган ва мутаносиб қилган зотдир” (Аълаа сураси, 1-2-оятлар).

Аллоҳ таоло Ўзи яратган барча махлуқотлари қатори бу қушга ҳам керакли аъзоларни, жиҳозларни ато этиб, уни ўзи яшайдиган шароитга мослаб, мутаносиб қилиб яратган. Бу қуш дарахт пўстлоғи ичидаги қумурсқаларни териб ейиши, бу орқали ҳам ўзининг қорни тўйиши, ҳам дарахтни зарар кўришдан қутулишига хизмат қилиши керак.

Ҳа, Аллоҳ таоло уни ана шундай қилиб яратган.

 

Доктор Муҳаммад Ротиб Набулсий ҳафизаҳуллоҳнинг

“Қуръон ва Суннатдаги илмий мўъжизалар энциклопедияси”

китоби ва интернет маълумотлари асосида

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

 

Read 4252 times

Мақолалар

Top