Мақолалар

Уламоларга тош отмайлик

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дан сўнг одамларни ҳаққа чақирадиган, билимсизларга таълим берадиган, адашганларни йўлга соладиган ва халқ орасида бидъатлар тарқалишининг олдини оладиган зотлар уламолардир. Аллоҳ таоло бундай дейди: «Ёки кечалари сажда қилган ва тик турган ҳолда ибодат қилувчи, охиратдан қўрқадиган ва Парвадигорининг раҳматидан умид қиладиган киши (билан бошқалар баробарми?!) Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!” Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар» (Зумар, 9).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳам уламо фазли тўғрисида ҳадислар ворид бўлган. Абу Дардо розияллоҳу анҳу  айтадилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам : “Олимнинг обиддан ортиқлиги менинг сизларнинг энг пастингиздан ортиқлигим кабидир. Дарҳақиқат, Аллоҳ ва фаришталари, осмонлар ва ер аҳллари, ҳатто уясидаги чумоли ва балиқ ҳам одамларга яхшиликни таълим берадиганга салавот айтади”, дедилар» (Абу Довуд ривояти).
Сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситалари, асосан, ижтимоий тармоқларда имом-хатибларни танқид қилиш, хато-камчиликларини қидириш ва ҳатто масхаралаш “урф”га айланди. Бир ўринда уларнинг айтган гаплари, бошқа ўринда юриш-туришлари таҳлил қилинмоқда. Айримлар имомларнинг пулини ҳисоблаш билан овора. Бу нарсага жаҳолат ва ҳасад сабаб бўляпти десак, айрим зиёли, халқ орасида обрў-эътибор қозонган инсонлар ҳам имомларимиз, уламоларимизга нисбатан қарши фикрларини оммага тарқатмоқда.
Тўғри, бандаси хатокор. Имомлар ҳам одам эканини ҳисобга олиб, қусур, камчиликларини кечириш вазифамиз. Мободо шаръий масалаларда хато қилса, ёлғиз ҳолда ўзига айтиб ёки аҳли илм инсонларга айттириб, тўғриланади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам омма олдида имомни беҳурмат қилиш, обрўсини тўкиш ҳаром амал ҳисобланади.
Олимнинг фазлини Аллоҳ ва Унинг расули улуғлаб турса-ю, унга нисбатан ҳурматсизлик қилиш, Аллоҳ ва Унинг расулига ҳурматсизликдир. Аҳли сунна эътиқодига кўра, мусулмон катта гуноҳни қилиш билан диндан чиқмайди, лекин динни, уламоларни паст санаш билан диндан чиқиш хавфи бор. Чунки уламолар дин номидан гапирувчи шахслардир. Уларга отилган тош динга, пайғамбарга отилган ҳисобланади. Тоҳир Бухорийнинг “Хулосатул фатово” асарида: “Ким бир олимни зоҳирий сабабсиз ёмон кўрса, унинг диндан чиқиш хавфи бор!” дейилади (Али Қорий, “Шарҳу Фиқҳил акбар”).
Уламоларни ғийбат қилиш бошқаларни ғийбат қилишдан кўра хавфлироқ. Ғийбат ўлимтик гўштини ейишга ўхшатилган бўлса, олимни ғийбат қилиш унинг заҳарланган гўштини ейишга ўхшатилган.
Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Олимларнинг гўштлари заҳарланган, ким уни ҳидласа, касал бўлади, еган эса ўлади”. У киши яна дейди: “Ким олимга тил теккизса, ўзи ўлишидан олдин қалби ўлади”.
Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Ким олимларни пастга урса, охирати барбод бўлади, ким амирларни пастга урса, дунёси барбод бўлади. Ким биродарларини пастга урса, одамгарчилиги барбод бўлади”.
Уламолар – Пайғамбар меросхўрлари, дин хизматчилари, илм хазинаси, ҳаққа чақирувчилардир. Олимларини ҳурматламаган жамият душманлар нишонига айланиши тайин. Ҳозирги таҳликали замонда бу жуда муҳим муаммо. Эътибор қилсак, “Араб баҳори”, Сурия ва Ироқдаги вазиятга ҳам жамиятдаги шахсларнинг ўз олимларига муносабати сабаб бўлди. Ғаразли кучларнинг бирламчи мақсади маҳаллий имомларни обрўсизлантириш, аҳолини улардан чалғитиб, ташқаридаги “чин олимликни” даъво қилаётганларга эргаштиришдир. Телевидение ва интернет орқали “сўз эркинлиги” ўйинини ўйнаб, имом-хатибларга танқидий муносабат билдириш билан бу ишни бузғунчилар учун ўзимиз қилиб бермоқдамиз.
Уламоларимизни ҳурматлайлик. Ҳақларини адо этайлик. Уларга манфаат етказиш қўлимиздан келмаса, зарар беришдан сақланайлик. Халқ учун зарур бўлган қимматли вақтларини олмайлик. Аллоҳ таоло олимларимиз умрини узоқ қилсин. Хизматларига Ўз фазли ила баракотлар, манфаат ва мукофотлар ато этсин!

Манба: "Ирфон" тақвими, 2019-2020/1441 (VI чорак)

Read 2499 times

Мақолалар

Top